Ўзбекистон | 20:55
1417
2 дақиқада ўқилади

Бош вазир Абдулла Арипов Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашди

Суҳбат чоғида томонлар Тожикистон-Ўзбекистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари мажмуасининг ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 17 февраль куни Душанбе шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповни қабул қилди. Бу ҳақда Тожикистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат чоғида томонлар Тожикистон-Ўзбекистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари мажмуасининг ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди. Уларни янада ривожлантириш ва кенгайтириш йўллари кўриб чиқилди.

Ўзаро савдо ва инвестициявий ҳамкорлик кўрсаткичлари ижобий суръатда ўсаётгани мамнуният билан қайд этилди. Шу маънода, Имомали Раҳмон бу жараённи саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва томонларни қизиқтирган бошқа тармоқларда янада илгари суриш учун катта имкониятлар борлигини кўрсатиб ўтди. Томонлар маданий-гуманитар алмашинувни янада кенгайтиришдан ҳам манфаатдор эканлигини билдирди.

Тожикистон раҳбари бугун Душанбе шаҳрида навбатдаги йиғилиши ўтказилган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия самарали ишлаётганини таъкидлади.

Томонлар икки томонлама кун тартибининг барча йўналишлари бўйича конструктив ва ишончли давлатлараро мулоқотни давом эттириш муҳимлигини қайд этди. Шу маънода, бўлажак олий даражадаги учрашув ва музокараларга сифатли тайёргарлик кўриш масалалари диққат марказида бўлди. Жорий йилда бу каби давлатлараро тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш жадвали юзасидан фикр алмашилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид