Газ омборлари – ечим бўла оладими? Мустақил тадқиқотчи ва расмийлар фикри
Мустақил тадқиқотчи Ўзбекистонда қиш ойларида табиий газ етишмовчилиги муаммосини ҳал этиш учун газни сақлаш омборларини кўпайтиришни таклиф этмоқда. «Ўзтрансгаз» бўлим бошлиғининг фикрича, бунга эҳтиёж йўқ.
Мустақил тадқиқотчи Гулбаҳор Султонова газ тарқатиш муаммолари юзасидан ўз фикрларини эълон қилиши ортидан, «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти филиалига директор маслаҳатчиси сифатида ишга олинди.
Kun.uz мухбири табиий газ муаммоси долзарблигидан келиб чиқиб, Султонованинг таклифлари масаласида унинг ўзи, «Ҳудудгаз Фарғона» бош муҳандиси ва «Ўзтрансгаз» АЖ бўлим бошлиғи билан суҳбатда бўлди.
«Водийга кирадиган битта компрессордан хизмат қилаётган қувурларимиз Наманганга, Андижонга, кейин Фарғонага келади. Шу сабаб Фарғонада, яъни тизимнинг охиридаги ҳудудларда қишда босим паст. Истеъмол қишда 15–18 кг бўлса, ёзда 3 кг.га тушади.
Бутун дунё аллақачон газни сақлаш омборларидан кенг фойдаланяпти. Бизга қачондир иш берган омборлар Қирғизистон ҳудудида қолиб кетди. Лекин қўшниларимиз фойдаланишга рухсат бермаяпти. Хўжаободдаги битта омбор камлик қилади.
Бугунги кунда довон ён-атрофидаги адирликларга йирик омбор ёки бир неча омборлар қуриш керак. Албатта, бу бирданига бўлиб қолмайди, бир неча йил керак. Аммо бугун киришмасак, ўсиб бораётган аҳоли эҳтиёжларини ҳисобга олмасак, эртага кеч бўлади.
Энди ҳаммамиз бирлашиб, битта команда бўлиб, шу нарсаларни ҳал қилишимиз керак. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ раҳбари билан ҳам гаплашдим. Аҳоли қаерда ноқонуний газга уланишни кўрса, «Бу қонунийми ёки йўқми», деб назоратга олиши кераклигини айтдим. Чунки бу газ аҳолиники», – дейди Гулбаҳор Султонова.
Тадқиқотчининг фикрича, газ таъминотини изига тушириш учун олимлар жалб қилиниб, лойиҳа институтлари ишлаши, тизимдаги қувурларнинг ўтказувчанлик даражаси, босим назоратга олиниши керак.
Янги қурилаётган аҳоли пунктларини улашдан олдин ўша ҳудудга келаётган босимни ҳисобга олиш ўрнига, юқоридан «Тезда улаб бер» деган қўнғироқлар орқали иш ташкил қилиниши шу ҳолатга олиб келган, дейди у.
Янги омборларга эҳтиёж йўқ — «Ўзтрансгаз» вакили
Ўзбекистонда табиий газни етказиб бериш, сақлаш ва реализация қилиш билан «Ўзтрансгаз» АЖ шуғулланади. Компаниянинг Газни ер остида сақлаш иншоотларини эксплуатация қилиш бўлими бошлиғи Ҳусниддин Нуруллаев билан телефон орқали боғландик.
Мутасадди томонидан берилган маълумотларга тўхталамиз. Республика бўйича тўртта – Газли (Қашқадарё вилояти), Тошкент вилояти, Хўжаобод (Андижон вилояти) ва Сўх (Фарғона вилояти) йирик газ омборлари мавжуд. Тошкентдаги омбор фаолияти тўхтатилган. Фарғона вилоятининг Сўх туманида жойлашган қуввати 1,3 миллиард метр куб бўлган газни ер остида сақлаш иншооти қўшни давлат билан зиддиятлар юзага келгани сабабли фаолиятини вақтинча тўхтатган. Ҳозирги кунда икки давлат ўртасида эксплуатация қилиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Андижондаги Хўжаобод газни ер остида сақлаш иншоотини ишлаб чиқариш қуввати 900 миллион метр куб. Яъни ёз ойларида 900 миллион метр куб табиий газни ғамлаш имконияти мавжуд.
«Бизда ҳозир учта компрессор станциялар бор. Улар бугунги кунда тўлиқ ишчи ҳолатда. 900 миллион метр кубни биз мана 2018, 2019 ва 2020 йилларда 1 миллиард 50 миллион метр кубга чиқариш бўйича ишлар олиб бордик.
Ҳозирда Хўжаобод газни ер остида сақлаш иншоотида водий вилоятларини куз-қиш мавсумида табиий газ билан таъминлаш қуввати етарли. Газ тақсимотига келсак, Хўжаобод газни ер остида сақлаш иншоотидан 5,6 миллион метр куб қайта олиб, истеъмолчиларга бераётган бўлсак, Оҳангарон–Пунгон магистрал қувуридан, яъни перевалдан ўтган қувурдан 19–20 миллион метр куб табиий газни учала вилоятдаги истеъмолчиларга беряпмиз.
Бугунги кунда асосий куч ички бозорни таъминлашга қаратилган. Берилаётган газнинг асосий қисми, яъни Фарғона вилоятининг аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларига 8,9 миллион, Андижон вилоятидаги аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларга 5,1 миллион метр кубни ташкил этади. Наманган вилоятининг аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларига 8,8 миллион метр куб табиий газ берилмоқда. Наманган вилоятидаги истеъмолчилари орасида йирик «Тўрақўрғон» ИЭС турибди.
ГТСлар, газ тақсимлаш шохобчалари станцияларига етказилаётган газ босимида ҳеч қандай муаммо йўқ. Шунингдек, импорт газни ҳам қабул қиляпмиз. Бугунги кунда бошқа давлатдан ўтган йилгига нисбатан 76–77 фоизга ортиғи билан газ оляпмиз.
«Шунча маблағ эвазига 2та омбор қурилса, водий вилоятларида аҳолида муаммолар бўлмайди», дейиш... Ўзи мавжуд, кечирасиз, омборларимиз бор. Президентимиздан топшириқ бўлди, энди водий вилоятларига газ олиб кириш учун ҳозир янги газ қувурини яна қўшимчасини қуриб, республиканинг шимолий қисмидан газ олиб кириш чорасини кўряпмиз», – деди «Ўзтрансгаз» расмийси.
Ҳусниддин Нуруллаевнинг айтишича, Хўжаобод газ омбори водий вилоятларини тўлиқ газ билан таъминлаб бера олади.
«Сизга битта рақамни айтаман. Ҳар бир хўжаликда нечта хона исийди, нечта одам яшайди, яъни чой қайнатади, овқат қилади ва нечта одамнинг ҳаммоми борлиги, булар учун кетадиган газ сарфларининг нормаси бор. Бу лимитлар мана шу нормалардан келиб чиқиб тақсимланган.
Мисол учун, водий вилоятларида қиш мавсумида 1 метр куб майдонни иситиш учун 5,76 метр куб газ сарфи кетади. Бу дегани водий вилоятларида ўша вилоятнинг менталитетидан келиб чиқиб, уй-даҳлиз деб юритилади, бир уй-даҳлизи ўртача 86 метр куб, бунга кетадиган газ 5,76 метр кубга кўпайтирсангиз келиб чиқади...
Ҳозир ҳисоблаб кўрамиз. Мана, мен айтаётган бир газ плитаси, бир ҳаммоми, бир чой қайнатадиган газ плитаси бор ўртача бир хонадонга бир ойда кетадиган газ ҳажми 630 куб метр.
Ҳозир биз бераётган газимиз водий вилоятларига, боя сизга рақамларни айтиб бердим, 19–20 миллион қувур орқали ҳамда омборимиздан 5,6 миллион. Мана, сиз бугунги кунда табиий газ билан газлашган хўжаликларни ҳисобласангиз, ҳозир берилаётган газни тўғри тақсимлашса, мени ҳисобим бўйича бундан кўпроқ хонадонга газ етиши мумкин», дейди мутасадди.
Элмурод Эрматов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж усталари –
Аҳрорбек Ёқубжонов, Жаҳонгир Маҳмудов.
P.S. Материални нашрга тайёрлаш жараёнида Гулбаҳор Султонова биз билан алоқага чиқиб, «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти филиалида бир ярим кун ишлаб, у ердан кетганини айтди.
Мавзуга оид
16:16 / 05.11.2024
«Ҳудудгазтаъминот» кунлик газ истеъмолини кузатиб бориш имконини берувчи ботни ишга туширди
10:20 / 30.10.2024
Зангиотада газдан ноқонуний фойдаланган шахслар ушланди
15:54 / 29.10.2024
Тошкент туманидаги қарийб 43 минг хонадонда номаълум муддатга газ ўчирилади
16:23 / 28.10.2024