Ўзбекистон | 21:50 / 06.11.2018
106530
5 дақиқада ўқилади

Ж битта бўлади, 4та ҳарф ўзгаради — Лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбоси лойиҳаси тақдим этилди

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида тузилган Ишчи гуруҳ алифбодаги ўзгаришлар борасида маълумот берди. Бу маълумотлар ЎзАда эълон қилинган.

Расман 2018 йил 15 майда тасдиқланган «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш бўйича Ҳаракатлар режасига мувофиқ шу йил охирига қадар миллий алифбомизнинг ислоҳ қилинган янги лойиҳасини ишлаб чиқиб, тасдиқдан ўтказиш лозим. Шу мақсадда 2018 йил 22 октябрь куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва такомиллаштириш муаммолари» деб номланган илмий-амалий конференция ўтказилган, конференция иштирокчилари миллий алифбомизни ислоҳ қилиш бўйича аниқ таклифларни илгари суришганди.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида тузилган Ишчи гуруҳ аъзолари икки йил мобайнида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича изчил иш олиб боришган.

Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамюртларимиз томонидан билдирилган фикрларни ўрганиб чиқиб ва илмий мантиққа суянган ҳолда энг мақбул қарорга келишга ҳаракат қилишган.

Хулоса сифатида, умумий меҳнат маҳсули бўлган — 28та ҳарф, битта ҳарфий бирикма ва битта белгидан иборат, жами 30 бирликдан ташкил топган алифбо лойиҳаси ҳавола қилинган.

Фото: ЎзА

Асосий ўзгаришлар — «Shsh» ва «Chch» мос равишда «Şş» ва «Çç» белгиларига алмаштирилган, «O‘o‘» ва «G‘g‘» ҳарфлари «Ŏŏ» ва «Ğğ» кўринишини олган. Тутуқ белгиси ҳамда Ng ng ҳарфи сақлаб қолинган — муҳокамалардан кейин бу ҳарф ўрнига «n̅» белгисини жорий этиш лойиҳаси қабул қилинмаган.

Ўз навбатида J’ни C’га алмаштириш бўйича таклифлар ҳам қабул қилинмаган — J битта бўлади. 

22 октябрь куни ўтказилган конференцияда «Ch, ch» ҳарф бирикмаси ўрнига «Ç, ç» жорий этилиши муносабати билан алифбога «С» ҳарфини жорий этиш ҳам таклиф этилган ва бу ҳарфдан «Жон», «жўжа» сўзидаги «Ж» ҳарфи ўрнида фойдаланиш мўлжалланганди. Шунингдек, лотинча алифбодаги «J, j» ҳарфини ҳам қолдириб, ундан «журнал», «жирафа» каби сўзлардаги сирғалувчи «Ж» ўрнида фойдаланиш таклиф этилганди: jurnal, jirafa.

«Ушбу алифбодаги янгиланаётган тўрт ҳарф бизни шу пайтгача қийнаб келаётган муаммолардан халос этади. Ŏŏ Ğğ ҳарфлари O‘o‘ G‘g‘ ҳарфларининг айни пайтдаги ёзма шаклига яқин бўлгани боис ва Çç Şş ҳарфлари халқимизга яхши таниш бўлгани учун ёшу қари томонидан тез ўзлашади — ҳеч кимга қийинчилик, ноқулайлик туғдирмайди.

Алифбо лойиҳаси расман қабул қилингандан сўнг бу ҳарфлар компьютер клавиатурасидаги қулай тугмаларга жойлаштирилади. Масалан, Çç ҳарфини ўзбек тилида ишлатилмайдиган — Сс ҳарфи ўрнига, Şş ҳарфини — Ww ҳарфи тугмачасига, Ŏŏ ва Ğğ ҳарфларини эса бирорта лотин ҳарфи ё тиниш белгиси банд қилмаган, кириллча ХЪ ҳарфлари турган тугмачаларга бириктириш мумкин.

Алифбони амалиётга жорий этиш билан боғлиқ бошқа барча масалалар ҳукуматимиз томонидан расман тасдиқланган ҳужжат — «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш бўйича Ҳаракатлар режаси»га мувофиқ изчил равишда амалга оширилади», дейилади маълумотномада.

Бу лойиҳа расман кучга кириши учун аввал қонуний тартибда кўриб чиқилади, ОАВ орқали кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилинади. 

Мавзуга оид