Жаҳон | 10:27 / 16.12.2023
12316
6 дақиқада ўқилади

Тахтасиз ўйналадиган шахмат, Бонапартнинг амалга ошмаган қочиш режаси, қиролни мот қилган йигит — ҳаммаси шахмат ҳақида

XX асрда Европа ёшлари орасида бир одат шаклланган. Улар шахмат тахтасисиз тасаввурда шахмат ўйнаган. Бунга ёзувчининг биргина асари сабаб бўлиб, айнан унинг таъсирида ушбу ақл гимнастикасига бўлган қизиқиш янада ортган.

Фото: AP

Немис ёзувчиси Стефан Свейг ўзининг машҳур “Шахмат новелласи”да “Шахматда ҳам ишқ-муҳаббатда бўлгани каби битта шерик бўлиши талаб этилади” деган эди. Таржимон Ботир Раҳмонов шу асарнинг сўз бошисида Германия сафари давомида маҳаллий ёшларнинг ғалати ақлий ўйинига гувоҳ бўлганини ёзади. Давраларда суҳбатлашаётиб, гоҳ-гоҳида ёнидагилардан бири “шоҳни h8 га юрдим”, деса, шериги “фарзинни с4 га олдим”, деб жавоб қайтарар экан. Бу сирли рақамларнинг сабабини сўраганида, буларнинг ҳаммасига Свейг сабабчи эканини айтишган. Кейинчалик маълум бўлишича, муаллифнинг “Шахмат новелласи” асари дунё юзини кўргач, Европада айниқса, ёшлар орасида шахмат тахтасисиз тасаввурда шахмат ўйнаш кенг русум бўлган экан.

Шахмат қандай пайдо бўлган?

Шахмат милоддан аввалги V асрда Ҳиндистонда пайдо бўлган. VI асрга келиб, айнан шу юртда шахматнинг бироз шаклланган варианти – чатуранга ўйлаб топилган. Бу машҳур ўйин узоқ вақт амалда қўлланилиб, қўшни давлатларга ҳам тарқай бошлаган. Чатурангадаги айрим доналар ва уларнинг йўналишлари ҳозирги шахмат доналари билан деярли бир хил. Аммо қадимги ўйин шахматдан фарқ қилади. Уларнинг орасидаги асосий фарқ – қоидаларда.

Биринчидан, бу ўйинни шахмат сингари икки киши эмас, тўрт киши ўйнаган. Иккинчидан, ўйин учун одатдагидек икки хил (оқ ва қора) ранглардан фойдаланилмаган. Аксинча, чатурангада ўйинчилар қора, сариқ, қизил, яшил рангларда дона суришган.

Вақт ўтиши билан чатуранга шарқ халқлари орасида ҳам машҳур бўла бошлади. Фақат унинг номи сайқалланиб, шатранжга айланган. Шу-шу бугунги кунга қадар ривожланиб келаётган ушбу ақлий спорт тури шахмат номи билан маълум ва машҳур. Ушбу спорт турининг яратилиши борасида бир қанча фараз ва ривоятлар мавжуд. Уни турли мамлакатлар турлича талқин қилади. Ўз аждодларининг номлари билан боғлайдиганлар ҳам йўқ эмас. Ана шундай ривоятлардан бири қуйидагича.

Шохни “мот” қилган йигит

Ривоятларга қараганда, бир шоҳ замонасининг энг зукко уламоларини тўплаб, ажойиб ўйин ўйлаб топишларини амр қилади. У шундай ўйин бўлсинки, фақат шоҳлар ўйнасин! Шундай мураккаб бўлсинки, зеҳнни чархласин! Шундай жозибадор бўлсинки, фикр-ёдинг у билан банд бўлсин. Уламолар орасида “катта кураш” бошланади. Уларнинг мақсади битта. У ҳам бўлса, подшоҳнинг ваъда қилган мукофотига эришиш эди.

Кутилмаганда бир ёшгина йигит ўйлаб топган ўйин подшоҳни қизиқтириб қўяди.

– Бу ўйин жангдан иборат, – дея изоҳ беради йигит. – У салтанатлар ўртасидаги курашга асосланган. Ўйин тузилишига кўра, ҳар иккала томон ҳам ўз ҳукмдорини ҳимоялаши зарур. Акс ҳолда улардан бири енгилади.

Подшоҳга бу ўйин ниҳоятда ёқиб қолади. Мулозимларига йигитни тақдирлашни буюради. Унинг миқдори салтанат хазинасининг тўртдан бир қисмига тенг эди. Аммо йигит бу бойликдан воз кечади.

– Менга мол-у давлат керак эмас. Уларнинг эвазига ўйин тахтасидаги бир катакка бир дона, иккинчи катакка иккита, учинчи катакка тўртта, тўртинчи катакка саккизта, бешинчисига ўн олти, олтинчисига 32 баробари миқдорида буғдой берсангиз кифоя. Йигитнинг талаби минг ҳайрат ила инобатга олинади ва “арзимаган” улушни эгасига топшириш амр этилади.

Орадан икки кун ўтгач, подшоҳ мулозимларидан йигитнинг туҳфаси ҳақида сўрайди. Улардан эса “ҳалиям ҳисоблаяпмиз”, деган ҳайратомуз жавобни олади. Яна бир неча кун ўтгач эса ҳисоб-китоблар ниҳоясига етади. Натижалар эса ақлбовар қилмас рақамларни келтириб чиқарди. Умумий ҳисоб-китобларга қараганда йигит сўраган буғдой эни тўрт метр, баландлиги уч метр, узунлиги 11440 км бўлган омборга сиғадиган ҳажмга тенг эди.

Шоҳ мот бўлади. “Шахмат” сўзи ҳам айнан шундан келиб чиққани айтилади.

Бонапартнинг амалга ошмаган режаси

Швециялик бир киши кимошди савдосида жуда қиммат нархда Наполеон Бонапартнинг шахматини сотиб олади. Бир куни у шахмат доналаридан бирининг буралиб очилишини сезиб қолади. Дона ичидан қочиш режаси ёзилган мактуб чиқади. Маълум бўлишича, 1816 йили императорнинг дўстларидан бири Наполеон жазо муддатини ўтаётган Муқаддас Елена оролига шахмат юборади. Унда яширин қочиш режаси тузилган эди. Афсуски, Бонапарт шахмат донасидаги сирни фаҳмламай, қочишни амалга оширолмайди.

Қисқа сатрларда

  • Шахмат бўйича дунё чемпиони Владимир Крамник Fritz билан ўйнаётган пайтда эснагани учун мағлубиятга учраган.
  • Дунёдаги энг катта шахмат донаси швециялик Матс Алланс томонидан ясалган “қирол” бўлиб, унинг баландлиги 4 метр, асосининг диаметри 1.4 метрни ташкил этади.
  • Гарри Каспаровнинг фикрича, “Шахмат ҳақиқатдан ақл гимнастикаси. Аммо уни кучли иштиёқ билан ўйнаб бўлмайди”. Негаки, бу ҳолатда инсон онги бир ёқлама ривожланади. Тафаккур таназзулга учраши мумкин. Худди, “Шахмат новелласи” қаҳрамони сингари. Унинг асрлар давомида сайқал топган моҳияти аслиятдан кам эмас. Нима бўлган тақдирда ҳам бу ўйиннинг қиммати ошса ошадики, камаймайди.

Махсума Оққўзиева тайёрлади

Мавзуга оид