Чанг, чуқур, тирбандлик – қазилган йўллар қачон кўмилади?
Тошкент шаҳри йўлларида машинада юриш тобора қийинлашиб бормоқда. Айниқса, қатнов фаол бўлган соатларда бир неча чақирим масофага бориш учун одамларнинг анчагина вақти йўлда ўтяпти. Айрим чорраҳаларда йўл чети кабел ётқизиш мақсадида қазилиб, тузатилмасдан икки-уч ой ташлаб қўйилиши эса йўлларни янада ноқулай ва хавфли қилиб қўйяпти.
Тошкентнинг йўл инфратузилмасига нисбатан ёндашувда хатолар борлигини сентябр ойи яққол кўрсатиб берди. Кўчаларда жамоат транспортлари эмас, автомобилларга устунлик берилаётгани сабаб, табиий равишда одамларда автомобил олишга рағбат ва хоҳиш пайдо бўлмоқда. Бу эса ҳаво ифлосланиши ва тирбандликларни кўпайтиряпти. Автомобиллар шу қадар кўпки, кўчалар бўш бўлган пайт, масалан тонг саҳарда 15 дақиқада етиб оладиган жойингизга, кундузи бир соатга яқин йўл юришингиз мумкин.
Бу ҳам етмагандек, охирги ойларда ер остидан кабел ўтказиш ишлари кенг кўламда амалга оширилаётгани ҳам тирбандликни оширяпти. Ер қазувчилар ва кабел ташлайдиганлар бошқа, асфальтлайдиганлар бошқа, бу ишларни мувофиқлаштирадиганлар эса нима билан шуғулланяпти – бизга ноаён.
Катта муаммоларга тўлиб тошган катта мегаполиснинг биргина кўчаси мисолида тирбандлик муаммосини кўрсатмоқчимиз.
- Қорасарой ва Кичик ҳалқа йўли кесишмаси;
- Шимолий Олмазор ва Кичик ҳалқа йўли кесишмаси;
- Сағбон ва Кичик ҳалқа йўли кесишмаси;
- Чимбой ва Кичик ҳалқа йўли кесишмаси;
Бу чорраҳаларда қандай умумийлик бор? Жавоб: нафақат тиғиз вақтларда, балки куннинг исталган соатида ҳам тирбанд бўладиган бу чорраҳалар кўчаларнинг қазиб ташлангани ва 2 ойдан ошган бўлса ҳам шу ҳолича ташлаб кетилгани учун даҳшатли ҳолатга келган.
Натижада, аҳоли баъзи вақтларда бир чорраҳадан иккинчисига етиб олиш учун ҳатто ярим соатгача вақт сарфлаяпти. Бу ҳам етмагандек, бир полосаси қазиб ташлангани учун торайган йўлнинг ўша қазилган томонига “тиқилиб”, ҳаммани айланиб ўтмоқчи бўлган шоввозлар, атрофни чанг-тўзонга тўлдиряпти. Шу ҳудудда яшаётган аҳоли чанг ва автомобиллардан чиқаётган заҳарли ҳаводан нафас олишга мажбур.
Хўш, ечим қандай? Масъуллар ҳолатдан хабардорми? Муаммо ҳал этилиши ва келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслигига умид қилсак бўладими? Биз улардан жавоб ва амалий ҳаракатлар кутамиз.
Мавзуга оид
11:56 / 06.11.2024
Инсон матонати: 22 йил давомида тоғни йўниб йўл очган одам
08:10 / 05.11.2024
Тошкентда фуқаро кабел ўтказиш учун қазилган чуқурга тушиб кетди
21:17 / 25.10.2024
Қўнғирот–Бейнеу йўлининг 240 километрлик қисми фойдаланишга топширилди
09:30 / 11.10.2024