Жамият | 09:40 / 05.07.2021
42114
3 дақиқада ўқилади

Жойларда фермерларнинг ортиқча буғдойи тортиб олинмоқда. Адлия вазирлиги бунинг учун жавобгарлик борлигини эслатди

19 июнь куни Урганч тумани ҳокимлиги вакиллари ва туман ИИБ ходимлари туманнинг Юқорибоғ қишлоғида яшовчи Ислом Ражабов хонадонида сақланаётган 30 тонна буғдойни рейдерлик йўли билан тортиб олиб кетишгани ҳақида хабар берилган эди. Маълум бўлишича, бундай воқеалар бошқа ҳудудларда ҳам кузатилмоқда. Адлия вазирлиги мансабдорнинг бундай ҳаракатлари қонунга зид экани, жавобгарлик муқаррарлигини эслатди.

«Фермерлар ҳосилининг давлат режасидан ортиқча қисмини ҳам тортиб олиш ҳолатлари, шунингдек, эгасининг розилигисиз омборидан ҳосилни олиб чиқиб кетаётгани ҳақида хабарлар келмоқда. Шу ўринда Адлия вазирлиги қонунларни менсимасдан, фермернинг режадан ортиқча ғалласини тортиб олаётган айрим мансабдор шахсларга амалдаги қонунчиликни эслатиб, уларга нисбатан жавобгарлик белгиланганлиги ҳақида огоҳлантиради.

Биринчидан, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунга кўра, фермер етиштирган маҳсулот унинг мулкидир ва у давлат ҳимоясида. Конституциянинг 53-моддасига кўра, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.

Худди шундай, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонунларда ҳам тадбиркор ҳисобланган фермерларнинг мулки давлат томонидан ҳимояланиши кўрсатилган бўлиб, фермерларнинг мулкий ҳуқуқларини бузган шахсларга нисбатан маъмурий (9,8 млн. сўмдан 19,6 млн. сўмгача жарима) ва жиноий (7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) жавобгарлик белгиланган.

Иккинчидан, режадан ортиқча ғаллани олиш мақсадида фуқароларнинг уй-жойларига уларнинг рухсатисиз кириш Конституциянинг 27-моддасига тўғридан тўғри зид келади ва айбдор Жиноят кодексининг 142-моддасига кўра, 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Учинчидан, Фуқаролик кодексининг 354-моддасига асосан, фермерлар шартнома тузишда эркиндирлар. Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди. “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунга кўра, фермерлар давлат эҳтиёжлари учун етиштирган ҳосилни контрактация шартномаларида назарда тутилган ҳажмларда етказиб беришга мажбурдир», дейилади вазирлик муносабатида.

Таъкидланишича, контрактация шартномаларида назарда тутилган мажбуриятдан ортиқ ҳажмда маҳсулот талаб қилиш қонунчилик ҳужжатларига зид ҳисобланади. Шартномавий муносабатлар бўйича вужудга келган низолар фақат ўзаро ёки суд тартибида ҳал этилиши лозим. Бундай ҳолатларда зўравонлик ишлатиш ёки ўзгача усулда ноқонуний мажбурлаш – қонунбузилиши ҳисобланади ва жавобгарликни келтириб чиқаради.

Адлия вазирлиги тегишли мансабдор шахслар ва давлат хизматчиларини қонунларни ҳурмат қилишга ҳамда фермерларнинг ҳуқуқларини бузмасликка чақирган ва қонунни менсимаган, фермерларнинг ҳуқуқларини бузган ҳар қандай шахс жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирган. Фермерлардан ҳуқуқи бузилган ҳар қандай ҳолатда зудлик билан “1008” – қисқа рақамига ёки Телеграм орқали @fermermadadbot алоқа ботига мурожаат қилиш сўралган.

Эслатиб ўтамиз, Урганч туманида фуқаронинг омборида сақланаётган буғдойнинг мажбуран олиб кетилиши юзасидан айни пайтда Хоразм вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Шунингдек, вилоят ИИБ томонидан ушбу воқеада фуқароларга нисбатан куч ишлатган ички ишлар органлари ходимлари ҳаракатларига нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётгани маълум қилинди.

Мавзуга оид