«ЖССТ тан олган вакцинагина харид қилинади» - Нурмат Отабеков
Вакцинани харид қилишдан аввал тендер ўтказилади. Қайси вакцина сифатли бўлса ва самарадор деб баҳоланса, ўша вакцина харид қилинади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош эпидемиологи Нурмат Отабеков ХПК сессиясида Ўзбекистон қайси давлатдан вакцина сотиб олиши, у кимларга бепул берилиши ва кимлар биринчи навбатда эмланиши ҳақидаги саволларга жавоб берди.
«Ҳозир дунёда вакцина ишлаб чиқариш иштиёқида бўлган давлатлар жуда ҳам кўп. Биздаги маълумотларга кўра, ҳозир 9та вакцина клиник синов жараёнини бошдан кечиряпти. 25та вакцина иккинчи, биринчи клиник синовда. 154та вакцина клиникагача бўлган синовлардан ўтяпти.
Ўзбекистон Республикаси ҳам Хитойда ишлаб чиқарилган 2та вакцинанинг, Россия Федерациясида ва Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган вакциналар синовининг 3-клиник фазасида иштирок этишга жалб қилинган.
Биринчидан, бу каби синовларда иштирок этиш Ўзбекистон тиббиёти, илмини тан олиш ва уни эътироф этиш билан баҳоланиши керак. Ҳамма давлатлар ҳам 3-клиник фаза синовларига жалб қилинмайди.
Ҳозирги вақтда Хитойнинг 5 минг доза вакцинаси ва Россия Федерациясининг 100 доза вакцинаси олиб келинган. Лекин ҳозирги вақтда Хитой давлати вакцинасининг Ўзбекистонда учинчи клиник синовлари бошланди. Ўзбекистон Республикасида ҳам айнан мана шу вакциналарнинг клиник синови Инновацияларни ривожлантириш вазири бошчилигида вазирлик ходимларини эмлашдан бошланган. Бу жараён давом этяпти.
Бундан ташқари, Россия Федерациясидан вакциналар етиб келган. Биз бу вакциналарнинг иккинчи клиник синовлардан ўтгани тўғрисидаги ҳужжатларни кутяпмиз. Ҳадемай у ҳужжатлар келади. Албатта, уни кўриб чиқамиз», деди Нурмат Отабеков Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида.
У вакцина ишлаб чиқариш жараёни мураккаблиги ва кўнгиллиларни танлаб олиш жараёнига юзаки қараб бўлмаслигини таъкидлаб ўтди.
«Вакцина ишлаб чиқариш жараёни доим мураккаб бўлган. Бир неча ўн йилларни талаб қилган вакциналар ҳам бор. Шундай экан, биз вакциналарни бу каби синовлардан ўтказиш, амалиётга киритиш тартибига юзаки қарашимиз керак эмас. Ҳар битта кўнгилли махсус тиббий кўрикдан ўтказиляпти. Улар коронавирус касаллигига чалинмаган бўлиши керак. Ушбу вирус билан касалланиб, соғайган бўлиши керак эмас. Уларда қон касалликлари, иммун танқислиги касалликлари, онкологик касалликлар, ҳомиладорлик бўлмаслиги керак. Албатта, бу каби кўнгиллиларни танлаб олиш жараёни ҳам табиий вақт талаб қилади», деди Отабеков.
Нурмат Отабеков Ўзбекистон фақат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тан олган вакцинани харид қилишини айтиб, биринчи навбатда кимлар эмланиши ҳақида маълумот берди.
«Қайси вакцинани харид қиламиз? Албатта, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тан олган ва самарадорлиги исботланган вакциналар Ўзбекистон томонидан харид қилинади. Харид қилинишидан аввал тендер ўтказилади. Қайси вакцина сифатли бўлса, самарадор деб баҳоланган бўлса, ўша вакцина харид қилинади.
Лекин бир нарсани мен аниқ биламан: Ўзбекистон ҳудудида коронавирус касаллиги вакцинаси агар олиб келинадиган бўлса, биринчидан, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли эмланади. Хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли эмланади. Албатта, биринчи уларнинг ҳимоясини таъминлаш бўйича ишлар амалга оширилади.
Яна бир жиҳатга эътибор қаратмоқчиман: дунёда Вакцина ва иммунизация глобал альянси бор. Ҳозир ўша альянс қошида Covax деган ташкилот ташкил этилган. Бу ташкилотга Ўзбекистон Республикаси ҳам буюртма берган. Ўйлайманки, Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тан олган бу вакцинани биринчилар қаторида олади ва уни тегишли аҳоли қатламига эмлаш ишларини амалга оширади.
Шу пайтгача Ўзбекистонда 13 турдаги бошқарилувчи касалликларга қарши эмлаш бор. Улар эмлаш календарига киритилган. Эмлаш календарига киритилган ҳар бир вакцина давлат ҳисобидан аҳолининг тегишли қатламига тегишли оралиқда бепул амалга оширилади. Келгусида ҳам ўйлаймизки, коронавирусга қарши вакцина давлат томонидан кафолатланган аҳоли қатламига бепул, ташкилот ва муассасалар ўз ташаббуси билан эмлаш иштиёқида бўлса, пуллик асосида бўлиши мумкин.
Энг асосийси, биз Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тан олган вакцинани кўришимиз ва уни бошқа вакциналар билан солиштириш имкониятига эга бўлишимиз керак», дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
20:25 / 23.10.2024
Британияда норовирусга қарши дунёдаги биринчи вакцинани синовдан ўтказиш бошланди
18:52 / 19.09.2024
Коронавируснинг янги штамми Ўзбекистонда аниқланмади — ССВ
21:15 / 13.09.2024