Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шифохоналарда 182 нафар бола қолмоқда — Нурмат Отабеков Тошкент вилоятидаги ҳолат ҳақида
Ҳозирда шифохоналарда 182 нафар бола даволанишда давом этмоқда, уларнинг аҳволи енгиллашган, оғир аҳволдаги бемор қолмаган.
Фото: ССВ
Тошкент вилояти туманларидаги мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг овқатдан заҳарланиши билан боғлиқ ҳодисадан кейин айни вақтда 182 нафар бола шифохоналарда даволанишда давом этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигида ташкил этилган махсус штаб аъзоси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.
Штаб фаолиятида иштирок этаётган махсус комиссия вакилларининг хулосасига кўра, беморларнинг барчасига ўткир гастроэнтерит ташхиси қўйилган.
Мутахассиснинг қайд этишича, бу касаллик аксарият ҳолларда икки-уч кун давом этадиган ва тўғри даволаш муолажалари амалга оширилса, тезда даволаниб кетадиган касалликлар сирасига киради. Шу муносабат билан беморлар тез кунларда соғайиб, уйларига қайтяпти ва бу ижобий динамика давом этяпти.
Беморларнинг аҳволи енгиллашган, оғир аҳволдаги бемор қолмагани қўшимча қилинган.
«Ҳозирги пайтда шифохоналарда 182 нафар боланинг даволаниши давом этяпти. Уларнинг барчасининг аҳволи енгиллашган. Авваллари ўртача оғирликда деб баҳоланган болаларнинг ҳолати ҳам яхшиланган, бирорта ҳам оғир беморлар йўқ.
Энг асосийси, барча болаларнинг даволаниш жараёни давлат назоратида. Болаларнинг соғайиши динамикаси ижобий тенденция билан давом этяпти», – деди Нурмат Отабеков.
Воқеалар ривожи
25 сентябр куни эрталаб Тошкент вилоятининг Пискент ва Бўка туманларида болалар боғчалари тарбияланувчилари заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берилганди. Мактабгача таълим вазирлиги кун охирига келиб касалхоналарда 109 нафар бола, жумладан, Қуйи Чирчиқ туманида 12 нафар ва Оққўрғон туманида 97 нафар бола борлигини маълум қилди, уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланди.
26 сентябр куни Нурмат Отабеков ОАВга вилоятдаги шифохоналарга жами 1922 нафар бола заҳарланишдан шикоят қилиб мурожаат қилганини маълум қилди. Уларнинг 930 нафардан ортиғига ўша куниёқ уйига жавоб берилган. 961 нафар бемор рўйхатга олинган бўлиб, улардан 941 нафарининг аҳволи енгил, 22 нафарининг аҳволи ўртача экани маълум қилинганди.
27 сентябр куни ССВ матбуот хизмати вилоятда 694 нафар бола даволанаётгани, улардан 13 нафарининг аҳволи ўртача оғирликда экани, Тошкент шаҳрининг 17 та тиббий муассасаларидан мутахассислар қўшимча ёрдам сифатида жалб этилганини хабар қилди.
Воқеа бўйича 25 сентябр куни Жиноят кодексининг 257−1-моддаси 1-қисми (Cанитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши тергови вилоят ИИББдан Ички ишлар вазирлигига ўтказилган.
Манбаларга кўра, оммавий заҳарланиши ортидан 7 нафар шахс ушланган. Уларнинг 3 нафари маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхона, қолгани аутсорсинг компаниялари мансабдор шахслари ҳисобланади.
Мавзуга оид
11:29 / 27.09.2025
«694 нафар бола шифохонада қолмоқда, уларнинг 421 нафарига бугун жавоб берилади» – Нурмат Отабеков
21:46 / 26.09.2025
Тошкент вилоятида овқатдан заҳарланишдан шикоят қилган болалар сони қарийб 2 мингни ташкил этмоқда
13:20 / 25.06.2025
Беш ойда қанча фуқаро овқатдан заҳарлангани айтилди
15:00 / 10.06.2025