Спорт | 15:32 / 17.09.2023
24288
27 дақиқада ўқилади

«МЮ»да энг ёмон старт, «Барса»да голлар байрами. Кун ўйинлари

АПЛда яна камбеклар куни, Милан дербисида олти гол урилди. Европа футболида шанба оқшомида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Gettyimages.ru/Lewis Storey

Англия: «МЮ»да хаос, Салоҳда юбилей ва Ришарлисоннинг бенефиси

«Манчестер Юнайтед» — «Брайтон» 1:3
Голлар:
Межбри (73) — Уэлбек (20), Гросс (53), Педро (71). 
Манчестер Юнайтед – Онана, Далот, Линделёф, Мартинес (Уан-Биссака, 85), Регилон (Гарначо, 85), Мактоминей (Пелистри, 85), Эриксен, Каземиро (Межбри, 64), Фернандеш, Рэшфорд, Ҳойлунд (Марсиял, 64).
Брайтон – Стил, Велтман, Данк, ван Ҳекке, Лэмпти (Милнер, 77), Лаллана (Фати, 64), Гросс, Дауд (Гилмор, 77), Митома, Аденгра (Фергюсон, 85), Уэлбек (Жоао Педро, 64).
Огоҳлантиришлар: Лэмпти (4), ван Ҳекке (24), Фернандеш (45), Межбри (90).

АПЛда мураббийлар ҳар ўйин олдидан матбуот анжуманида қатнашади ва қисқача фикрларини билдириб ўтади. Одатда бундай кичик интервюларда қандайдир жиддий маълумот олиш қийин: жароҳатларга қарамай уч очко олиш истаги ҳақидаги навбатчи сўзлар ва рақиб манзилига қаратилган мақтовлар. Аммо «МЮ» — «Брайтон» учрашуви олдидан мезбонлар устози Эрик тен Ҳаг кўпчиликни ҳайрон қолдирган ҳолда шундай деди: «Биз бироз бошқача тизимда ўйнаймиз». Амалда эса бу тўлиғича бошқа тизим бўлиб чиқди.

Вазият шуни тақозо этарди, «МЮ»да айниқса ўнг қанот вингерлари билан муаммо юзага келганди. Севгилиси билан можародан кейин Гринвуд Испаниянинг «Хетафе» клубига ижарага бериб юборилган. Антони ҳам худди шунга ўхшаш можаро туфайли таркибдан четлатилган. Ҳужумнинг исталган нуқтасида ўйнаши мумкин бўлган Санчо эса мураббий билан зиддиятга борди ва таркибдан четда қолди. Қолаверса, стартдаги икки сафар ўйинида «Тоттенҳэм» ва «Арсенал»га ютқазган жамоа танаффусга 11-ўринда йўл олган, Мейсон Маунт, Люк Шоу, Тайрелл Маласия ва Амад Диалло каби футболчилар жароҳат туфайли сафдан чиққан. Шу туфайли тен Ҳаг терма жамоалар ўйинлари вақтидаги танаффусда янги схема ишлаб чиқди — умуман вингерларсиз.

Ўйин бошланишига бир соат қолганида «МЮ» бошланғич таркибидаги 11 ном маълум бўлди, унда Бруну ўнг қанот вингери сифатида кўрсатилганди. Лекин амалда бундай эмасди, чунки тен Ҳаг майдон марказидаги ромб асосида схема тузганди: Каземиро — таянч зонасида, Шотландиянинг сўнгги икки ўйинида бир гол ва бир голли пас муаллифи бўлган ва ҳақли равишда «қизил иблислар» асосий таркибига қайтган Мактоминей — ўнгдаги «саккизлик», Эриксен — чап, Фернандеш — ромб учини ҳосил қилганди. Ҳужумда Рэшфорд ва жароҳатини даволаб, илк бор бошланғич таркибда тушган Ҳойлунд ҳаракат қилди, қанот ҳимоячилари Далот ва Люк Шоу ўрнига тушган дебютант Регилоннинг ҳужумларга қўшилишини кутиш мумкин эди. Афсонавий Ҳарри Магуайр эса миллий жамоа сафидаги ўйинда автогол урганди ва кутилганидек захирада қолди.

Биринчи бўлим кўрсатдики, «Брайтон» мураббийи Де Дзерби бунга тайёрланмаганди. «МЮ»да кўплаб вазиятлар бўлди (айниқса, Рэшфордда), аммо ҳисобни меҳмонлар очишди. 20-дақиқада Адингра қанотдан тўп узатди, Лаллана айёрлик билан тўпни оёқлари орасидан ўтказиб юборди ва жуда қулай позицияда пайдо бўлган Уэлбек ҳисобни очди. «Қизил иблислар» академияси тарбияланувчиси бўлган ҳужумчи ҳиссиётларини яшириб ўтирмади ва голни жамоадошлари билан нишонлади. Дэнни учун бу АПЛ ўйинлари доирасида «МЮ» дарвозасига урилган тўртинчи голи бўлди — манкунианликларнинг собиқ футболчиларидан ҳеч бири собиқ жамоасини бу қадар кўп ранжитмаган.

Ҳисобга қараб тен Ҳагнинг ўйлаганлари барбод бўлганини айтиш хато эди, аслида режа иш берганди. Аммо Рэшфорднинг зарбаси тўсинга тегди, Ҳойлунднинг голи эса видеотакрордан кейин бекор қилинди, чунки унга пас берган Рэшворд тўпни майдон ташқарисига бир неча сантиметр ўтиб кетганидан кейин узатганди.

Иккинчи бўлимда сценарий ўзгармади. «МЮ» яна босим қилди, Рашфорд кўп марта рақиблардан қочиб кетиб, жарима майдони томон бостириб борди, аммо голларни меҳмонлар уришди. 53-дақиқада меҳмонларнинг жамоавий ўйини самара берди. Бу ҳужумда катта тезлик ёки ёрқин индивидуал скилл йўқ эди — барчаси жамоавий ўйин эди. Чап қанотда тўпни қабул қилиб олган Митома ўнгроқдаги Лэмптини тўп билан таъминлади, у эса марказдаги Паскал Гроссни топди. 32 ёшли яримҳимоячи бир ҳаракат билан Лисандро Мартинесни газонга қулатди ва яқин масофадан туриб Онана қўриқлаётган дарвоза бурчагини ишғол этди. Эътиборли жиҳати Митомага тўпни айнан Гросс етказиб берганди — бу чинакамига жамоавий иш бўлди. Паскал учун бу АПЛ ўйинлари доирасида «Олд Траффорд»да урилган тўртинчи гол бўлди — бу стадионга меҳмонга келганлар орасида фақат Стивен Жеррард ва Мо Салоҳ кўпроқ гол уришган, «Ливерпул» афсоналарида бештадан гол бор.

Кейин эса Лэмпти яна бир голли пас берди — бу сафар жамоанинг шу ёздаги энг қимматбаҳо хариди Жоау Педрога. «МЮ» эса ўз майдонида йирик ҳисобда ютқаза бошлади — 0:3.

Фақат иккинчи бўлимда захирадан туширилган 20 ёшли Ҳаннибал Межбрининг голи ҳисоб жуда хунук кўринишининг олдини олди. Тунислик ёш ҳавбек Каземиро ўрнига майдонга чиқди ва узоқ масофадан йўллаган зарбаси билан АПЛдаги илк голини урди. «МЮ»да бундан ортиғига куч етмади. Мезбонлар қўшимча дақиқаларда тўртинчи голни ўтказиб юборишига ҳам бир бахя қолди. Аммо шу куни янги жамоасида дебют қилган Ансу Фатининг ерлатиб бурчакка берган зарбасини Онана майдон ташқарисига чиқариб юбора олди.

«Юнайтед» «Олд Траффорд»да 31 ўйин давомида ютқазмаганди, аммо «чайкалар» осонлик билан уч очко олишди. Эътиборлиси, АПЛ ўйинларидаги охирги мағлубият ҳам 2022 йил февралида «Брайтон»дан қабул қилиб олинганди. Бу жамоа манчестерликлар кушандасига айланган – қаторасига тўрт ўйинда ғалаба, тўплар нисбати 10:2. АПЛнинг беш ўйинидаги уч мағлубият — «Юнайтед» учун турнир тарихидаги энг ёмон старт. Ўтган мавсумда ҳам старт бундан яхшироқ эди – «Брайтон» (1:2) ва «Брентфорд»дан учралган (0:4) мағлубиятлардан кейин тўрт ўйинда ғалаба қозонилганди.

«Қизил иблислар» турнир жадвалининг иккинчи қисмида қолмоқда, кейинги ўйин эса Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи доирасида «Бавария»га қарши кечади. Бугунги «Юнайтед» Мюнхенда имконсиз қолиши деярли аниқ. Ҳарри Кейн манкунианликларга қарши 19 ўйинда 5+3 натижага эришган —катта эҳтимол билан унда бу статистикани яхшилаш учун яхши имконият бор. «Брайтон» эса бу ғалабадан кейин тўртинчи ўринга кўтарилган ва бешинчи тур якунларига кўра бешинчи ўриндан тушиб кетмаслиги аниқ.

«Вулверҳэмптон» — «Ливерпул» 1:3
Голлар:
Ҳван (7) — Гакпо (55), Робертсон (85), Буэно (90+1, автогол). 
Вулверҳэмптон – Са, Семеду, Доусон, Килмен, Аит-Нури (Буэно, 65), Лемина (Траоре, 78), Беллгард (Дойл, 77), Гомес, Нету, Ҳванг Ҳи Чҳанг (Доэрти, 60), Куня (Фабиу Силва, 61).
Ливерпуль – Алиссон, Гомес, Матип, Куанса (Конате, 83), Робертсон, Собослаи, Мак Аллистер (Диас, 46), Жонс, Салоҳ (Гравенберҳ, 90+3), Жота (Эллиотт, 56), Гакпо (Нунес, 56).
Огоҳлантиришлар: Мак Аллистер (4), Семеду (71), Эллиотт (90+2).

«Вулверҳэмптон» ван Дейк дисквалификацияга учраган, Александр-Арнолд жароҳат олган ҳолатда қизиллар мудофаасидаги муаммоларни очиб ташлади. Педру Нету ўз қанотида бир неча марта Гомесни болаларча алдаб ўтди, Ҳванг Ҳи Чҳангга голли узатма беришдан олдин эса «Ливерпул»нинг уч футболчисини ортда қолдирди. Нетунинг яна бир солоси иккинчи гол билан якунланишига бир бахя қолганида (Куня қулай вазиятда гол ура олмади), кўпчилик феврал ойида шу стадионда кечган ўйинни ёдга олди, ўшанда стартда икки тезкор гол урган мезбонлар якунда йирик ҳисобда (3:0) ғалаба қозонганди ва Юрген Клопп жамоаси қаттиқ танқидга учраганди.

Меҳмонлар фақат танаффус арафасида уйғона бошлади, танаффусдан кейин эса ўзига ўхшаб ўйнай бошлади. Табиийки, жавоб голи кўп куттирмади — Салоҳнинг қанотдан зарбаси Гакпога голли узатмага айланди. Клопп дарҳол майдонга ташлаб, босимни кучайтирди ва ўйин охирида «бўрилар» бу босимга дош бера олмай қолди. Жозе Са тўпни узоқлаштиришда хатога йўл қўйди, Робертсон эса ўзи бошлаб берган қарши ҳужумни Салоҳнинг узатмасидан кейин гол билан якунлади. Мисрлик футболчи бу ўйинда ассистентлик ҳет-трики қайд этганди, аммо учинчи гол Эллиотга эмас, «Вулвз»нинг иккинчи бўлимда майдонга тушган Буэно номига автогол сифатида ёзилди. Салоҳда эса ҳозирча АПЛдаги самарали баллари роппа-роса 200 (139+61) баллни ташкил этмоқда.

«Вест Ҳэм» — «Манчестер Сити» 1:3
Голлар:
Уорд-Проуз (36) — Доку (46), Силва (76), Ҳоланд (86). 
Вест Ҳэм – Ареоля, Цоуфал (Керер, 87), Зума, Агерд, Эмерсон, Уорд-Проуз, Соучек (Ингз, 87), Пакета, Альварес (Бенраҳма, 68), Боуэн, Антонио (Кудус, 67).
Манчестер Сити – Эдерсон, Уокер, Диаш, Аканжи, Гвардиол (Аке, 90), Силва (Бобб, 90), Родри, Фоден (Нунеш, 67), Доку (Серхио Гомес, 90), Ҳоланд (Люис, 90), Алварес.
Огоҳлантиришлар: Алварес (38), Гвардиол (45), Соучек (79), Родри (89), Пакета (90).

«Вест Ҳэм» ва «Манчестер Сити» учрашуви ҳам шунга ўхшаш сценарийда кечди ва ўйин хавфли вазиятларга бой бўлди. Якунда мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилган лондонликлар бу ўйинда очко олишга яқин эди, аммо «шаҳарликлар» таркибидаги футболчиларнинг маҳорати муҳим омил бўлди. Иккинчи бўлимнинг илк дақиқасидаёқ ҳисоб тенглашса ва голни «шаҳарликлар»нинг янги футболчиси Доку урса — бу психология нуқтайи назардан ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади. Алварес «черпачка» услубида тўпни ҳимоячилар ортига ташлаб берганда ва Бернарду Силву тўпни дарвозабон ёнидан ўтказиб дарвозага жойлаганида ҳақиқий маҳорат дарси ўтиб берилди. Ўйин давомида қатор қулай вазиятлардан фойдалана олмаган Ҳоланднинг голи эса ўйинга нуқта қўйувчи зарба бўлди. Хосеп Гвардиола жамоаси беш турда беш ғалаба билан етакчиликни давом эттирмоқда.

«Тоттенҳэм» — «Шеффилд Юнайтед» 2:1
Голлар:
Ришарлисон (90+8), Кулусевски (90+10) — Ҳамер (74). 
Тоттенҳэм – Викарио, Порро (Эмерсон, 90+5), Ромеро, ван де Вен (Ҳёйберг, 90+5), Удожи, Мэддисон, Биссума, Кулусевски, Сарр (Ришарлисон, 80), Сон (Жонсон, 80), Соломон (Перишич, 80).
Шеффилд Юнайтед – Фодерингэм, Богл (Трасти, 86), Башем, Робинсон, Аҳмедҳожич, Томас, Ҳамер (Дэвис, 81), Винисиус, Макати (Норвуд, 70), Макберни, Арчер.
Огоҳлантиришлар: Башем (29), Арчер (41), Фодерингэм (45), ван де Вен (49), Макберни (56), Робинсон (63), Мэддисон (67), Соломон (69), Биссума (86), Дэвис (90).
Четлатиш: Макберни (90+14). 

Камбэклар куни энг ақл бовар қилмас ва драматик ўйин билан якунланди, «Тоттенҳэм» қўшиб берилган ўнинчи дақиқада тарози палласини ўз томонига оғдира олди. Бундан уч дақиқа олдин эса лондонликлар мағлубиятга учраётганди. Мавсум олдидан тайинловига кўпчилик киноя билан қараган бош мураббий Ангелос Постекўғлида ўз сеҳрини кўрсатишда давом этмоқда. «Шпорлар»га қадар «Йокогама Ф. Маринос» ва «Селтик» каби жамоаларни бошқарган бу мураббий фаолиятида мағлубиятсиз уй учрашувларини 50 тага етказди (+42=8).

Шанба кунги ўйинлардаги асосий воқеа эса — анчадан буён гол урмаган ва яқинда миллий жамоа ўйинида захирага олинганидан кейин кўз ёшларини тия олмаган Ришарлисоннинг майдонга чиқиши бўлди. Бразилияликнинг ўзи жуда қийин беш ойни бошдан кечирганини айтиб ўтганди, энди эса тақдир уни бурчак зарбасидан кейинги гол ва Кулушевскининг ғалаба голидаги голли узатма билан тақдирлади. Финал ҳуштаги чалинганидан кейин Сон Ҳин Мин ўзини ҳақиқий етакчилардек тутди. Бутун жамоа фанатлар ўтирган сектор қаршисига чопганида, кореялик ҳужумчи Ришарлисонни олдинроққа чиқариб, олқишларга у ҳақлироқ эканини кўрсатди. Қолаверса, Ришарлисон АПЛда Роберто Фирмино ва Габриэл Жезус ортидан 50 голлик нуқтадан ўтган учинчи бразилияликка айланди.

«Нюкасл» — «Брентфорд» 1:0
Гол:
Уилсон (64, пеналти).
Ньюкасл – Поуп, Триппиер, Шер, Ботман, Берн, Андерсон, Гимараэс, Лонгстафф, Барнс (Алмирон, 83), Гордон, Уилсон.
Брентфорд – Флеккен, Хики (Люис-Поттер, 82), Ми (Мопе, 72), Пиннок, Коллинз, Генри (Роэрслев, 42), Нергор (Онека, 72), Йенсен, Янелт (Шаде, 72), Висса, Мбеумо.
Огоҳлантиришлар: Висса (33), Нергор (42), Хики (59), Флеккен (64), Коллинз (85), Уилсон (90+5), Гордон (90+5), Гимараэс (90+7).

Умумий фонда мавсум стартини барқарор ўтказа олмаётган «Нюкасл»нинг ғалабаси зерикарли кўриниш олди. Лекин бу оддий ғалаба эмасди. «Брентфорд» олдинги тўрт турни мағлубиятсиз ўтказгани бежиз эмас. Аммо «қарғалар» шу куни стартда тушган Уилсон туфайли уч ўйиндан иборат мағлубиятли сериясига чек қўйди. Аввалига унинг голи дарвозабонга қўполлик туфайли бекор қилинди, аммо айнан Каллум ҳал қилувчи пеналтини аниқ ижро этди. Шу куни Эдди Ҳау Тонали ва Ботманни Чемпионлар лигасига асраш учун майдонга туширмади.

Испания: Фелишнинг Каталониядаги илк голи ва Симеоненинг энг ёмон ўйини

Фото: ALEX CAPARROS/GETTY IMAGES

«Барселона» — «Бетис» 5:0
Голлар:
Фелиш (25), Левандовски (32), Торрес (62), Рафиня (66), Канселу (81).
Барселона – тер Стеген, Канселу, Кристенсен (Мартинес, 76), Кунде, Балде (Алонсо, 76), Ромеу (Гундўған, 64), де Йонг, Гави, Фелиш (Ямал, 64), Ферран Торрес (Рафиня, 64), Левандовски.
Бетис – Руй Силва (Вейтес, 46), Беллерин, Бартра, Риад, Миранда, Иско (Родри, 66), Рока (Родригес, 66), Альтимира, Перес (Хуан Крус, 66), Луис Энрике (Эззалзули, 46), Виллиан Жозе.
Огоҳлантиришлар: Бартра (72), Родригес (84), Мартинес (86).

Гундўғаннинг жароҳати борасидаги хавотирлар ўринсиз бўлиб чиқди. Хави уни бошланғич таркибга киритмаган бўлса-да, «Барселона» ўйинида муаммолар юзага келмади. Ҳа, Кунденинг хатосидан кейин Луиз Энрикенинг зарбаси дарвоза устунидан бир неча сантиметр масофадан ўтиб кетиши огоҳлик қўнғироғи бўлди. Ёки Иско яратган яна бир вазиятда Виллиан Жозенинг яқин масофадан йўллаган зарбасини Тер Штеген тўса олди.

Фақат бу эпизодлар ҳисоб аллақачон 2:0 кўринишини олганида рўй берди, ўйиндаги йирик ҳисоб Жоау Феликснинг болалик орзуси бўлган жамоадаги илк голи билан бошланди. Португалиялик футболчи шу куни жуда фаол ҳаракат қилди, у атайлаб оёқлари орасидан ўтказиб юборган тўп Левандовскига бориб тушганида иккинчи гол урилди, Феликс урган яна бир гол офсайд туфайли бекор бўлди, Ферран Торреснинг жарима зарбасидан урган голи эса «Бетис»ни тамоман таслим қилди. Ёзда каталонияликлар хайрлашмоқчи бўлган ушбу футболчи ҳозирда ажойиб спорт формасида экани ва ўзининг жамоага кераклигини намойиш этди. Айнан Торрес Месси кетганидан кейин барселоналиклар ла лигада жарима зарбасидан гол урган биринчи футболчи бўлди.

Рақобат Торресга ҳам, захирадан тушгач ёрқин ўйин кўрсатган Рафиняга ҳам қўшимча иштиёқ бермоқда. Улар Ямал ўзига берилган вақтда қанчалик кучли ўйин кўрсатаётганини кўриб туришибди, 16 ёшли футболчи бу сафар гол ёки пасни ўз номига ёздира олмаган бўлса ҳам, иккинчи бўлимда урилган икки голда иштирок этди. Жамоага ёзда келиб қўшилган футболчилардан бири Жоау Канселу соло амалга ошириб, ўйин безагига айланган гол муаллифи бўлди. «Бетис» ўз бош мураббийи Мануэл Пеллегринининг 70 йиллик юбилейини барбод қилди, «Барса» эса Чемпионлар лигаси стартига юқори кайфиятда кириб бормоқда.

«Валенсия» — «Атлетико» 3:0
Голлар:
Дуро (5, 34), Герра (54). 
Валенсия – Мамардашвили, Тьерри Коррейя, Диакаби, Москера, Гайя (Ўзкажар, 70), Пепелу, Алмейда (Амалла, 70), Франсиско Перес, Герра, Канос (Диего Лопес, 59), Дуро.
Атлетико – Облак, Аспиликуэта, Савич (Корреа, 46), Эрмосо (Саул, 62), Витцел, Рикелме (Молина, 46), Лемар (Галан, 44), Лиоренте, Барриос, Гризманн (Хименес, 62), Мората.
Огоҳлантиришлар: Эрмосо (23), Лиоренте (36), Гризманн (37), Мамардашвили (56), Саул (74), Барриос (86).

«Месталя»да икки карра сенсация қайд этилди. Биринчидан, «Атлетико»нинг йирик ҳисобда тор-мор бўлиши факти, бу жамоа ҳозирча ғалабалар билан очко йўқотишларни бирга олиб бормоқда. Ўтган турда 7:0 ҳисобида ғалаба қозонган мадридликлар бу сафар 0:3 ҳисобида ютқазишди. Иккинчидан, инқирозли даврини давом эттираётган «Валенсия» беш турда уч бор ғалабага қозонди ва турнир жадвалининг юқори қисмида қолди, «матрасчилар» устидан қозонилган ғалаба эса — жамоа учун 2023 йил бошидан буён қайд этилган энг йирик ҳисоб бўлди. Мадридликлар Уго Дуро учун қулай рақибга айланди, у ушбу жамоага иккинчи марта дубл қайд этди. Диего Симеоне эса ўйиндан кейин «кўршапалаклар» кучлироқ ўйин намойиш этганини ва бу «Атлетико»нинг ўзининг бошқарувидаги энг ёмон ўйини бўлганини қайд этди.

Италия: Милан дербисида йирик ҳисоб, «Наполи»да пасайиш

Фото: MATTIA OZBOT/GETTY IMAGES

«Ювентус» — «Лацио» 3:1
Голлар:
Влаҳович (10, 67), Киеза (26) — Альберто (64).
Ювентус – Шченсни, Данило, Бремер, Гатти, Маккенни (Веа, 72), Костич (Камбьязо, 59), Рабьо, Локателли, Миретти (Фажоли, 59), Киеза (Милик, 83), Влаҳович (Кен, 84).
Лацио – Проведел, Марушич, Романьоли, Казале, Ҳюсай (Пеллегрини, 46), Педро, Гендузи, Луис Алберто, Каталди (Ровелла, 46), Камада, Фелипе Андерсон, Дзаккани, Иммобиле (Кастелянос, 69).
Огоҳлантиришлар: Миретти (8), Бремер (16), Гатти (61), Камбиязо (77), Влаҳович (82), Пеллегрини (84).

Ўтган турда «Лацио» кутилмаганда Неаполда устун келиб, мавсумдаги илк ғалабасини нишонлаганди. Аммо Маурисио Сарри яна бир собиқ жамоасини енга олмади, «Ювентус» эса Милан дербиси якунигача бир неча соат давомида биринчи ўринда турди. Массимилиано Аллегрини ортиқча прагматизмда айблайдиганлар учун жамоа ҳужум чизиғидаги футболчилар яна бир бор жавоб қайтаришди. Шанба кунги ўйинни узоқ масофадан берган ажойиб зарбаси билан безаган Влаҳович тўрт турда тўрт голни ўз ҳисобига ёзиб қўйган. Жароҳатидан тузалиб қайтган Киеза эса олдинги ҳолатига қайтди ва А сериядаги сўнгги етти ўйинида рақиблар дарвозаларини беш бор ишғол этган. У ундан олдинги 42 ўйинда жами шунча гол урганди.

«Интер» — «Милан» 5:1
Голлар:
Мхитарян (5, 69), Тюрам (38), Чалхонўғли (79, пенальти), Фраттези (90+3) — Леау (57).
Интер – Зоммер, Думфрис, Дармиан, Ачерби, Бастони (де Врей, 74), Димарко (Карлос Аугусто, 64), Мхитарян, Чалхонўғли (Аслани, 81), Барелла (Фраттези, 64), Тюрам (Арнаутович, 64), Мартинес.
Милан – Менян, Калабрия (Флоренци, 77), Киер, Тиав, Эрнандес, Крунич, Лофтус-Чик (Муса, 86), Рейндерс (Йович, 77), Пулишич (Чуквуэзе, 56), Леау, Жиру (Окафор, 77).
Огоҳлантиришлар: Тиав (24), Эрнандес (61), Чалхонўғли (72), Фраттези (90+4).

Навбатдаги Милан дербиси арафасида қизиқарли рақамлар эсланди, унга кўра, «Интер» яратилган голли вазиятлар бўйича (11) «Аталанта» билан биргаликда етакчилик қилибгина қолмасдан, вазиятлардан фойдаланиш бўйича (86 фоиз) кучли бешлик чемпионатларида энг яхши кўрсаткич қайд этаётгани маълум бўлди. Бу даража ушбу икки принципиал рақиб тўқнашувида тўлиқ акс этди.

«Нерадзуррилар» илк қулай вазиятдан максимум натижа чиқаришди, Мхитарян Димарконинг яхши чиқмаган зарбасига тегиниб, ҳисобни очди. Арманистонлик яримҳимоячи иккита муҳим гол уриб, ҳақиқий шоу уюштирди. Биринчи ва учинчи голларни — Рафаэл Леау рейд уюштириб, ўйинга қайтарган интригага тезда барҳам берди. Бешинчи голли ҳужумда эса Мхитарян тўпни рақибдан олиб қўйиб, Фраттезини ажойиб пас билан таъминлади. Иккинчи гол муаллифи Тюрамнинг «тўққизлик»ка берган кучли зарбасини ҳам эътироф этиш керак.

«Интер» дербида бундай сермаҳсулликни 1974 йил мартидан буён намойиш этмаганди. Ўшанда ҳам 5:1 ҳисоби қайд этилганди, қолаверса, бу қора-кўклар илк бор «Милан»га қарши ўйинларда, барча турнирлар ҳисобга олинганда, қаторасига бешинчи бор ғолиб бўлди. «Россонерилар»ни бу ҳолатда кузатиш ачинарли, бу мавсумда ҳали очко йўқотмаган Симоне Индзаги жамоаси эса ҳозирдан скудетто учун асосий даъвогар эканини кўз-кўз қилмоқда. Фақат Туриндагилар бошқача фикрда, қолаверса, бу мавсумда еврокубокларда иштирок этмайдиган «Юве» учун тақвим осонроқ.

«Женоа» — «Наполи» 2:2
Голлар:
Бани (40), Ретеги (56) — Распадори (76), Политано (85).
Женоа – Жозеп Мартинес, Сабелли (Малиновский, 74), де Винтер, Бани, Дрэгушин, Аарон Мартин (Васкес, 90), Френдруп, Бадел, Стротман (Торсбю, 77), Гудмундссон, Ретеги.
Наполи – Мерет, Ди Лоренцо, Жезус, Эстигор, Мариу Руй (Оливера, 58), Лоботка (Каюсте, 75), Зелиньски, Замбо-Ангисса (Распадори, 58), Элмаз (Политано, 46), Кварацхелия (Дзербин, 89), Осимҳен.
Огоҳлантиришлар: Элмаз (1), де Винтер (32), Ретеги (33), Бадел (75), Каюсте (78).

Қаторасига иккинчи турда стандарт саволлар пайдо бўлмоқда: «Наполи» ҳали ҳам чемпионликдан сархушлигича қоляптими ёки Лучано Спаллетти кетгач, жамоа ўйинида инқироз юзага келганми? «Лацио»дан учралган мағлубият барибир сенсация сифатида баҳоланмаганди, «Женоа»га қарши ўйиннинг катта қисмидаги нурсиз ўйин эса — аллақачон огоҳлик қўнғироғига айланди. «Грифонлар» нисбатан тажовузкорроқ ва мақсадлироқ ўйнашди, меҳнатлари эвазига икки гол уришди. Аммо барибир ҳали неаполитанликлар ўйинидаги инқироз ҳақида гапиришга эрта экани маълум бўлди. Руди Гарсия критик вазиятда футболчиларни алмаштириш орқали ўйинни қайтадан қурди ва мағлубиятдан қутулиб қолди. Захира ўриндиғи нисбатан кенглиги амалдаги чемпионларнинг устунлиги бўлди, Распадори ва Политано эса жуда чиройли голлар уришди.

Германия: Ҳуммелс рекордчиларга етиб олди

«Лейпциг» — «Аугсбург» 3:0
Голлар:
Симонс (7), Опенда (11), Раум (27). 
Лейпциг – Бласвих, Ҳенрикс, Лукеба, Симакан, Раум (Ленц, 77), Кампл, Форсберг (Карвалю, 64), Шлагер, Симонс (Баумгартнер, 76), Поульсен, Опенда (Шешко, 64).
Аугсбург – Дамен, Мбабу, Удуохай (Гауэлеу, 46), Бауэр, Пфайффер, Педерсен (Яго, 46), Йенсен, Дорш (Энгелс, 45), Режбечай, Варгас, Демирович, Бело (Титц, 46).

Терма жамоалар ўйинлари Марко Розе жамоаси учун жиддий зарба берди, «Лейпциг» жароҳат туфайли жамоа сардори ва мудофаа таянчи, венгриялик ҳимоячи Орбанни ҳамда ажойиб формада бўлиб турган испаниялик ҳужумкор яримҳимоячи Дани Олмони йўқотди. Аммо «ҳўкизлар» жамоаси бу йўқотишларни сездирмади ва том маънода «Аугсбург» мудофаасини биринчи бўлим ўрталаридаёқ таслим қилишди. Меҳмонларнинг тор-мор этилишини Чави Симонс бошлаб берди, у иккинчи голни урган Опендага ҳам ассистентлик қилди. Нидерландиялик ёш футболчи тўрт турдан кейин 7 (3+4) балл ишлаган, бунгача бундеслигада бундай ёрқин дебют «Боруссия» сафида Пако Алкасер ва Ҳоланд томонидан қайд этилганди.

«Фрайбург» — «Боруссия» Д 2:4
Голлар:
Ҳолер (45+2), Ҳефлер (45+6)— Ҳуммелс (11, 88), Мален (60), Ройс (90+2). 
Фрайбург – Атуболу, Линхарт, Гулде, Гинтер, Кюблер (Шмидт, 85), Ҳефлер, Шаллаи, Эггештайн, Доан (Рол, 85), Адаму, Грегорич (Грифо, 28), Ҳелер.
Боруссия Д – Кобел, Рюэрсон, Ҳуммелс, Шлоттербек, Бенсебайни (Волф, 46), Забитцер, Жан (Мукоко, 84), Брандт (Ройс, 71), Мален, Адейеми (Нмеча, 59), Аллер (Фюллкруг, 59).
Четлатиш: Ҳефлер (82).

«Боруссия» бу мавсумда ҳали мағлубиятга учрамаган бўлса-да, ўз ўйини билан яхши таассурот қолдирмаяпти. Ўтган турда дортмундликлар ўз майдонида бундеслига дебютанти «Ҳайденҳайм» билан ўйинда икки гол устунлигини бой берганди (2:2). «Фрайбург»га қарши сафар ўйинида ҳиссиётли ғалабага эришилганига қарамай, «асаларилар» жамоаси ўйинидаги муаммолар йўқолмагани кўриниб қолди, улар ҳисобни очган бўлса-да, биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда икки гол ўтказиб юборишди. Аммо Эдин Терзич шогирдлари ирода кўрсатишди, ғалаба голи эса Ҳуммелс ҳисобига ёзилди. У 34 ёш 274 кунлигида сариқ-қоралар тарихида дубл қайд этган энг ёши катта футболчи бўлди, шу билан бирга бундеслига рекордини такрорлади. Ушбу ҳимоячи Германия чемпионатида 16 мавсумдирки гол урмоқда. Бундай натижа билан фақат беш футболчи мақтана олиши мумкин ва бундай серия охирги бор 1984-2000 йиллар оралиғида Олаф Тон томонидан қайд этилганди.

Кун статистикаси

  • Рафаэл Бенитес «Селта»нинг дебютда кетма-кет учта уй учрашувида ютқазган 1-мураббийи бўлди.
  • «Штутгарт» ҳужумчиси Гирасси дастлабки тўрт турда 8 гол урди. Бундеслигада бундай ҳолат 1967 йилдан буён кузатилмаганди, ўшанда рекорд стартдаги тўрт ўйинда тўққиз гол урган Менҳенгладбаҳнинг «Боруссия» клуби футболчиси Петер Майер томонидан ўрнатилганди.
  • «Олд Траффорд»да яримҳимоячи Жеймс Милнер 11 ғалабага эришди. Бундай натижа билан бошқа бирор футболчи мақтана олмайди, ушбу фахрий футболчи эса бунга тўрт турли жамоа — «Астон Вилла», «Манчестер Сити», «Ливерпул» ва «Брайтон» билан эришган.
  • АПЛда шанба кунги ўйинларда 44 та сариқ карточка кўрсатилди. Бу турнирнинг 1998 йил 22 августдан буён сақланиб турган рекорди янгиланиши бўлди.

Мавзуга оид