Ўзбекистон | 18:35 / 17.05.2021
34589
3 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчининг машинасини жарима майдонига асоссиз жойлаштирган ЙҲХБ ходимларига «ҳайфсан» ва «танбеҳ» берилди

Фото: Видеодан кадр

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида ҳайдовчи билан ўзаро мулоқотда одоб-ахлоқ қоидаларидан четга чиққан туман ЙҲХБ бошлиғи ва ходимига чора кўрилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 8 май куни Пахтачи тумани марказида маҳалла оралаб асосий кўчага чиқмоқчи бўлган ҳайдовчи ўзи кутмаган ҳолда туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Мақсуд Тоғаевнинг «қаҳрига учраган». Ҳайдовчи асосий кўчага чиқиш учун машиналар оқими ўтиб кетишини кутиб турганида унинг йўлини ИИБ хизмат машинаси тўсиб тўхтаган. Ҳайдовчи «йўл бер» қабилида сигнал чалган.

Шундан сўнг ўзини Пахтачи туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Мақсуд Тоғаев деб таништирган шахс келиб, ҳайдовчидан ҳужжатларини тақдим этишни сўраган. Ҳайдовчи сабабини сўраганда, у одоб-ахлоқ нормаларидан четга чиқиб, аввалига, «ҳужжатларни ейман», деб жавоб берган. Кейин эса «каттакон»ларга сигнал чалиб бўлмаслигини айтиб, машинани жарима майдонига жойлаштирган. Ҳодиса ҳайдовчининг машинасига ўрнатилган видеокузатув камерасига ёзиб олинган.

Мазкур ҳодиса ҳақидаги хабарлар ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ёритилгач, Самарқанд вилояти ИИБ ҳодиса бўйича Пахтачи тумани ИИБ бошлиғи ва жараёнда иштирок этган ЙҲХБ ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланганини маълум қилган эди.

Қайд этилишича, хизмат текширувига кўра, фуқаролар билан мулоқот жараёнида, хушмуомала, камтар ва босиқ бўлмасдан, носамимийлик билдириб, Ички ишлар вазирининг «Муомала маданияти» ва «Одоб-ахлоқ қоидалари» тўғрисидаги буйруғи ҳамда Интизом Устави талабларини бузганлиги учун Пахтачи туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи М.Тоғаевга «Ҳайфсан» интизомий жазоси берилган.

Шунингдек, ҳайдовчининг машинасини жарима майдончасига олиб боришда унга одоб-ахлоқ доирасидан чиқиб муомала қилган, ЙПХ инспектори сафдор Ф.Ҳаитовга «Танбеҳ» интизомий жазоси берилган. Бундан ташқари, Пахтачи тумани ИИБ бошлиғи майор С.Ортиқовнинг хатти-ҳаракатлари вилоят ИИБда ташкил этилган катта офицерлар таркибидаги «Интизомий кенгаш»да кўриб чиқилиши белгиланган.

Мавзуга оид