Ўзбекистон | 14:02 / 11.09.2023
12734
2 дақиқада ўқилади

Янги Тошкентда ўзаро уйғун метро ва трамвай тармоқлари қурилади

Янги Тошкент шаҳрида бир-бирига боғланган метро ва трамвай тармоқларини қуриш режалаштириляпти. Янги шаҳарга метронинг иккита линияси орқали, “Буюк ипак йўли” ва “Дўстлик” бекатларидан 30-35 дақиқада бориш мумкин бўлади.

Фото: Kun.uz

“Агар буни бошламасак, Тошкентда 5 йилдан кейин одамлар яшолмайди”, дея Янги Тошкент шаҳри қурилишига изоҳ берди президент Шавкат Мирзиёев.

“32 йил ичида биринчи марта намунавий, жаҳон стандартларига мос лойиҳа қиляпмиз. Бу 300-400 йилга, невара-чевара ва ҳоказо келгуси авлодларимизга қолиши керак, биздан кейинги авлод ҳам буни давом эттириши керак”, – дея қайд этди давлат раҳбари.

Президент бу ҳақда 5 сентябр куни, Янги Тошкент шаҳри бош режасининг давлат раҳбари учун қилинган тақдимотида айтиб ўтди.

Қурилиш вазири ўринбосари, Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси раҳбари Давронжон Одиловнинг айтишича, транспорт-логистика масаласи бўйича Жанубий Корея, Германия ва Туркиядан мутахассислар жалб қилиниб, ҳозирги мавжуд Тошкент шаҳрининг транспорт макромодели яратилган.

“Иккита метро линиямиз янги шаҳар билан боғланади. “Буюк ипак йўли” ва “Дўстлик” метро бекатларидан 30-35 дақиқада янги шаҳарга етиб келиш имконияти яратилади. Бу аҳоли учун жуда катта қулайлик бўлади, автомобилда келишга эҳтиёж ҳам қолмайди”,деди Давронжон Одилов “Менимча” телекўрсатувида намойиш этилган интервюсида.

Тақдим этилган эскизга қараганда, шаҳарда ўзаро боғланган метро ва трамвай тармоғини қуриш режалаштирилмоқда.

Янги Тошкентга борадиган метро “Дўстлик” метро бекатидан бошланиши аввалроқ хабар қилинган эди. Шунингдек, “Чилонзор” йўлини “Буюк ипак йўли” бекатидан ТТЗ мавзесигача узайтиришга оид режалар президентга тақдимот қилинган. 2021 йилдаги тақдимотда ерости линияси ётқизишнинг иккита – Мирзо Улуғбек кўчаси ёки Буюк ипак йўли кўчаси вариантлари кўриб чиқилаётгани айтилганди.

2022 йил ноябрида Шавкат Мирзиёевнинг Парижга ташрифи чоғида Тошкент трамвайини қуриш билан Франциянинг Alstom компанияси шуғулланишига келишилганди.

Мавзуга оид