Ўзбекистон | 12:39 / 23.07.2021
19028
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги аҳолидан зарурат бўлмаганда кўчага чиқмасликни сўради 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги аҳолидан зарурат бўлмаганда кўчага чиқмасликни сўради. Ҳокимлик матбуот хизмати тегишли хабар эълон қилди.

Қайд этилишича, июл ойининг 24-26 кунларида республикага иссиқ ва қуруқ ҳаво оқимининг кириб келиши оқибатида об-ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши кутилмоқда.

Билдирилишича, кескин иссиқ ҳавода барча инсонлар, айниқса, сурункали касаллиги бўлган, диспансер назоратида турувчи беморлар, ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва кексалар ўзларини ҳимоялашлари ниҳоятда муҳим. 

“Бундай шароитда аҳолимиздан зарурат бўлмаганда кўчага чиқмасликларини, кўпроқ суюқлик истеъмол қилишларини сўраб қоламиз. Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахтимиз меҳмонлари, иссиқ ва қуруқ ҳавонинг салбий оқибатларидан ўзингизни асранг”, дейилади хабарда.

“Ўзгидромет” хабарига кўра, 24-26 июлда Ўзбекистон ҳудудига Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши ҳисобига ҳаво ҳарорати кўтарилиши кутилмоқда.

Ушбу кунларда ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрлардан 4-6 даражага юқори бўлади. Кундуз кунлари ҳаво 40-43 даража иссиққача, жанубда ва чўл ҳудудларда 45-46 даража иссиққача кўтарилади.

25-27 июлда республика ҳудуди бўйича вақти-вақти билан шамол 17-22 м/с гача кучайиши, баъзи жойларда чангли бўрон билан 25-28 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид