Ўзбекистон | 07:30 / 24.09.2024
17747
2 дақиқада ўқилади

Ҳафтанинг иккинчи ярмида салқин ва нисбатан нам ҳаво кириб келади

“Ўзгидромет” иш ҳафтаси давомида қандай об-ҳаво кузатилиши ҳақида маълумот берди.

Фото: Kun.uz

Ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ ва илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Фақат 24—25 сентябр кунлари Қорақалпоғистон Республикасида ва 25 сентябрда Хоразм вилоятида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғади.

Ҳафтанинг иккинчи ярмида республика ҳудудига Каспий денгизи ҳудудларидан бир оз салқин ва нисбатан нам ҳаво кириб келиши кутилмоқда.

26—27 сентябр кунлари Фарғона водийси вилоятлари бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг айрим жойларида 26 сентябрда бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7-12 метр/секунд тезликда эсади, 24—25 сентябрда шимолда ва чўл ҳудудларда, 26 сентябрда республика бўйича баъзи жойларда 13-18 метр/секундгача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.

Тошкентда асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади, фақат 26 сентябрда бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат кечалари 14-17 даража, кундуз кунлари 23—25 сентябрда 28-31 даража, 26—27 сентябрда 24-27 даража бўлади. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 3-8 метр/секунд тезликда эсади, 25-26 сентябрда 10-12 метр/секундгача кучайиши мумкин.

Мавзуга оид