Ўзбекистон | 17:00 / 06.04.2021
4972
2 дақиқада ўқилади

Россия Ўзбекистонга 10та метро поезди етказиб беради

Россиянинг «Метровагонмаш» корхонаси умумий қиймати 30,4 миллион евролик 10та метро поездини Ўзбекистонга етказиб беради.

«Иннопром» саноат кўргазмаси доирасида ВЭБ.РФ давлат корпорацияси ва Тошкент метрополитени ўртасида Россиянинг «Трансмашхолдинг» бирлашмаси таркибига кирувчи «Метровагонмаш» томонидан ишлаб чиқарилган 10та замонавий метро поездини етказиб бериш бўйича кредит шартномаси имзоланди.

Кредит линияси 12 йил муддатга олинган бўлиб, 30,4 миллион еврони ташкил этади.

Шартнома «Тошкент метрополитени» унитар корхонаси раҳбари Ойбек Худойқулов ва ВЭБ.РФ раисининг ўринбосари Даниил Алгульян ўртасида имзоланган.

«Айни пайтда Ўзбекистонда жамоат транспорти тизимини реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли дастур амалга оширилмоқда. Россияда ишлаб чиқарилган замонавий поездлар аллақачон Тошкент метрополитенида ҳаракатланмоқда. Хусусан, 2019 йилнинг кузида ВЭБ.РФ кўмаги билан Тошкентга дастлабки бешта поезд етказиб берилган. Айни пайтда ВЭБ.РФ Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан инфратузилмани яратиш ва ривожлантиришга қаратилган бир қатор лойиҳаларни муҳокама қилмоқда», — деди Даниил Алгульян.

Аввалроқ Россиянинг «Трансмашхолдинг» компанияси Тошкент метроси учун 81-765.5/766.5/767.5 моделидаги 5та поездни жўнатгани хабар қилинганди.

Тошкент метроси ва «Метровагонмаш»ни узоқ йиллик ўзаро манфаатли ҳамкорлик бирлаштиради. Корхона томонидан Тошкент метроси учун 1977 йилда 20дан кўпроқ поезд етказилган.

Мавзуга оид