Президент Шавкат Мирзиёев 28 апрель куни Тошкент шаҳрида иш бошлаган «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» бешинчи халқаро саноат кўргазмасига ташриф буюрди.

Кўргазма Central Asian Expo Uzbekistan мажмуасида ўтказилмоқда. Экспозициянинг умумий майдони 18 минг квадрат метрдан зиёд. Унда Россия, Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлардан 10 мингдан ортиқ делегатлар иштирок этмоқда.

Кўргазмада машинасозлик, электротехника, металлургия, кимё саноати, транспорт, қурилиш, IT ва бошқа тармоқлардаги етакчи корхоналарнинг технологик ечимлари, замонавий ускуналари ва тайёр саноат маҳсулотлари намойиш этилмоқда.

Павильонлар ва экспозицияларни кўздан кечириш чоғида давлат раҳбари иқтисодий кооперация учун катта салоҳият ва янги бизнес ғоялар ишлаб чиқиш учун яхши имкониятлар мавжудлигини алоҳида таъкидлади.

Форум янги йирик лойиҳаларни илгари суришга суръат бағишлаши, узоқ муддатли шериклик алоқаларини ривожлантириш ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Тадбир доирасида президент Россия ҳукумати раиси биринчи ўринбосари Денис Мантуров бошчилигидаги делегация билан учрашувлар ўтказди. Россия президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунида эришилган келишув ва битимларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Товар айирбошлашнинг ўсиш суръати сақланиб қолмоқда, икки мамлакат ҳудудларини фаол жалб этган ҳолда муҳим кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, кооперация лойиҳалари ва дастурларини илгари суриш, шу жумладан «Иннопром» форуми доирасида ўзаро мувофиқлашган ечимларни ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Татаристон раиси Рустам Минниханов билан учрашувда етакчи корхоналарнинг саноат кооперациясини ва фаол гуманитар алмашинувни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.