Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда «Маданият тўғрисида»ги қонун қабул қилинади (батафсил)
Иллюстратив фото
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Маданият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.
Маданият соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат:
миллати, ирқидан қатъий назар фуқароларнинг ҳуқуқий тенглигини таъминлаш.
ижод эркинлиги, маданиятлараро муносабатларда тенг ҳуқуқлилик, инсон ҳуқуқлари, миллий ва умумбашарий қадриятларни ҳурмат қилиш ва маданиятлар хилма-хиллигини сақлаш;
маданият соҳасида таълим-тарбиянинг тизимлилиги, илмийлиги ва узлуксизлиги;
маданият соҳасини янада ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишларнинг оммавийлиги ва очиқлиги;
шахс руҳияти ва камолотига салбий таъсир кўрсатувчи ғояларга муросасизлик бўлиш;
маданиятнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, ўзбек халқининг маданий меросини асраш ва ривожлантириш;
тарихий ва маданий мероснинг муҳофаза қилиниши ва уларнинг ривожланишида узвийликни таъминлаш;
ўзбек халқи ва этник элатлар тарихий меросини асраш, жамиятнинг илмий салоҳиятини ривожлантириш ва қайта ишлаб чиқариш учун ҳуқуқий кафолатлар яратиш;
маданий фаолият субъектлари ўртасида рақобат муҳитини яратиш;
иқтисодий, ижтимоий ва маданият соҳасига оид қабул қилинаётган қарорларнинг маданият соҳадаги ягона давлат сиёсатига мослигини таъминлаш;
миллий маданиятимизга оид қадриятларни асраб авайлаш ва ривожлантириш муҳофазасини таъминлаш;
замонавий медиа маконда миллий маданиятимиз муносиб ўрин эгаллашига, соҳани халқаро маданий жараёнларга талаб даражасида интеграция қилишга эришиш;
маданият соҳасига замонавий инновация ва ахборот технологияларини жорий этиш;
маданият соҳасида жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш.
Маданият соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
маданият соҳасидаги муносабатлар, ижодий уюшма ва бирлашмаларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш, ижодкорларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий базани яратиш;
ёш ижодкорларга таълим-тарбия бериш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, аҳолининг ўсиб бораётган маданий эҳтиёжларини қондириш ва маданий хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш;
миллий маданият ва санъат муассасаларини тўлақонли фаолият кўрсатиши учун уларнинг моддий-техник базасини халқаро стандартларга мослаштириш;
маданият соҳасига ахборот-коммуникация технологияларни жорий этиш, соҳани кенг тадқиқ ва тарғиб этиш ҳамда халқаро маданий жараёнларга интеграция қилиш;
миллий маданият ва санъат соҳасидаги миллий халқаро фестиваль ва танловлар ўтказиш ҳамда уларда ижодкорларнинг иштирокини таъминлаш;
ижодкорларнинг сара асарларини намойишини тарғиб этиш;
миллий ижодий маҳсулотларни экспорт қилишнинг самарали тизимини яратиш;
хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш.
Қуйидагилар давлатнинг маданият соҳасидаги асосий вазифалари ҳисобланади:
маданият соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш;
маданият соҳасига оид норматив-ҳуқуқий базани, ушбу соҳадаги институционал тизимни ва маданият муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш;
тарихий ва маданий меросимизни сақлаш ҳамда уни ёш авлод тарбиясида кенг қўллаш;
миллий ва умуминсоний қадриятларни ёшлар онгига сингдириш, этник маданий анъаналарни асраб-авайлаш ва халқ ижодиётини қўллаб-қувватлаш;
аҳоли, жумладан, ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратиш ва кенгайтириш;
маданият соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, маданиятни янада кенг тадқиқ ва тарғиб этиш;
фуқароларнинг, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг маданий ҳаётда фаол иштирок этиши ва уларнинг маданий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш;
маданият соҳасида ўзаро самарали халқаро муносабатларни ташкил этиш ва ривожлантириш, миллий маданиятга жаҳон маданиятининг ажралмас қисми сифатида қараш;
маданият ва санъат муассасаларининг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш, ижодий уюшмаларнинг моддий ресурс базасини янада мустаҳкамлаш.
Маданият соҳасида давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.
Давлат органлари ўз ваколат доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари маданият соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
маданият соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини амалга оширади;
маданият соҳасидаги давлат дастурлари, “йўл хариталар” ва бошқа чора-тадбирлар дастурларини тасдиқлайди;
Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини ва Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатини юритиш тартибини белгилайди;
маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш ва улардан фойдаланиш устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди;
республика аҳамиятидаги ҳудудлардан ва моддий маданий мерос, шу жумладан Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган объектларнинг муҳофаза теграларидан фойдаланиш тартиботини тасдиқлайди;
тарихий-маданий қўриқхоналар, музей-қўриқхоналарни ва тарихий манзилгоҳларни тузиш тартибини ва уларни сақлаш тартиботини белгилайди;
маданий мерос объектларини маданий-тарихий экспертизадан ўтказиш тартибини белгилайди;
музейларни тузиш, қайта ташкил қилиш ва тугатиш тартибини белгилайди;
давлат музейларининг тоифаларини белгилаш тартибини белгилайди;
Миллий музей фонди ва Миллий музей фонди давлат каталоги тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;
музей ашёлари ва музей коллекцияларини Миллий музей фонди таркибига киритиш ва таркибидан чиқариш тартибини белгилайди;
Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш ва сақлаш тартибини белгилайди;
Миллий музей фонди давлат қисми таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини бошқариш тартибини белгилайди;
Миллий музей фонди ҳолати устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди;
музей мутахассисларини тайёрлаш ва музей ходимларининг малакасини ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлаш тартибини белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги маданият соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:
юридик ва жисмоний шахслар томонидан маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;
маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, сақлаш, оммалаштириш ва улардан фойдаланиш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таъминлаш;
моддий маданий мерос объектларини илмий ва илмий-техник тадқиқ этиш, консервациялаш, таъмирлаш ва улардан ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш бўйича давлат дастурларини амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси халқи маданияти ривожи учун шарт-шароит яратади;
маҳаллий ижроия органларининг маданият соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларга услубий раҳбарлик қилади;
маданият соҳасида илмий дастурлар ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;
ўз ваколат доирасида маданият масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқади, тасдиқлайди;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маданий бойликларни ҳисобга олиш, муҳофаза қилиш, консервациялаш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш, шунингдек мамлакат маданияти таниқли арбоблари хотирасини абадийлаштириш бўйича тадбирларни амалга оширади;
Номоддий маданий мерос объектларининг миллий рўйхатини юритади;
театр, мусиқа санъати, кинематография, кутубхона ва музей иши бўйича республика аҳамиятидаги давлат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиради ва қўллаб-қувватлайди;
давлат маданият ташкилотларини тузиш, қайта ташкил қилиш ва тугатиш бўйича таклифлар киритади;
маданият соҳасида ижтимоий аҳамиятга эга бўлган тадбирлар ўтказилишини амалга оширади;
ижтимоий аҳамиятли адабиётлар сотиб олиниши, нашр қилиниши ва тарқатилиши, шунингдек республика даражасида миллий фильмлар яратилиши бўйича ишларни ташкил қилади;
маданият ва санъат намояндаларига Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари бериш ва уларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш, ижодий жамоаларни Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдирлаш тўғрисида таклифлар киритади;
ижодий фаолиятнинг турли соҳаларида миллий (республика) ва халқаро танловлар ва фестиваллар, соврин ва мукофотлар таъсис этади;
республика танловлари ва фестиваллари ўтказиш намунавий низомлар ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
маданият ташкилотлари ходимлари тоифаларига нисбатан малакавий талаблар ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
маданият, давлат маданият ташкилотлари ходимларини аттестациядан ўтказиш ва муддатидан илгари аттестациядан ўтказиш қоидаларини тасдиқлайди;
давлат кутубхоналари, давлат музейлари ва музей-қўриқхоналарнинг товарлар, ишлар, хизматлар реализация қилиш бўйича ҳақ тўлаш эвазига фаолият кўрсатиши ҳамда товарлар, ишлар, хизматлар реализациясидан пулларни сарфлаши қоидаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
республика маданият ташкилотларини аттестациядан ўтказади;
барча тоифадаги маданият ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил қилади;
маданият соҳасида илмий тадқиқотлар ташкил қилади;
халқаро маданий ҳамкорлик соҳасидаги фаолиятни амалга оширади ва мувофиқлаштиради;
давлат органлари, маҳаллий ижроия органлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг таклифи бўйича Ўзбекистон халқи номоддий маданий мероси қисмларини Инсоният номоддий маданий мероси тақдимот рўйхатига ва ЮНЕСКОнинг шошилинч муҳофазасига муҳтож номоддий маданий мерос рўйхатига киритиш тўғрисида буюртмалар юборади;
Ўзбекистон Республикаси музей фондини шакллантириш ва сақлаш тартибини тасдиқлайди;
Ўзбекистон Республикаси музей фонди давлат каталогини юритиш қоидаларини ва музей маълумотлар базасини юритиш қоидаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
тармоқлар бадиий кенгашларини тузади ва улар тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;
Номоддий маданий мерос объектлари миллий рўйхатини шакллантириш ва юритиш қоидаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
маданий бойликларни вақтинча олиб чиқиш бўйича эксперт комиссияси тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлайди;
маданий бойликларни вақтинча олиб чиқиш ҳуқуқини берадиган сертификат топшириш қоидаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
маданият ташкилотлари тармоғи минимал давлат нормативларини ҳамда вилоят, республика давлат маданият ташкилотлари аҳамиятидаги шаҳар, туман, вилоят аҳамиятидаги шаҳарлар, қишлоқ даражасидаги давлат маданият ташкилотларининг намунавий штатларини тасдиқлайди;
таълим соҳасидаги ваколатли орган билан келишилган ҳолда маданият соҳасида таълим ташкилотлари фаолияти қоидаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
таълим соҳасидаги ваколатли орган билан маданият соҳасида барча даражадаги таълимнинг намунавий ўқув режалари ва ўқув дастурларини келишиб олади;
республика бюджетидан молиялаштириладиган маданият соҳасидаги таълим ташкилотларида олий таълим ва олий ўқув юртидан кейинги таълимга, шунингдек техник ва касбий ўрта таълимга эга бўлган мутахассисларни тайёрлашга давлат таълим буюртмасини шакллантиришда иштирок этади;
республика бюджетидан молиялаштириладиган маданият соҳасидаги таълим ташкилотларида олий таълим ва олий ўқув юртидан кейинги таълимга, шунингдек техник ва касбий ўрта таълимга эга бўлган мутахассисларни тайёрлашга давлат таълим буюртмасининг тақсимланиши ва жойлаштирилишини тасдиқлайди;
таълим соҳасидаги ваколатли орган билан келишилган ҳолда маданият соҳасидаги таълим ташкилотларида ўқув − услубий ва илмий − услубий ишларни ташкил қилиш ва амалга ошириш қоидаларини тасдиқлайди;
ўз ваколат доирасида маданият соҳасидаги таълим ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;
ўз ваколат доирасида республика (қишлоқ, посёлка, туман, шаҳар, вилоят, республика) маданият ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиради, ижодий уюшмалар ва мулк шаклидан қатъи назар бошқа ташкилотлар билан маданият масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик қилади;
иқтидорли ёшларни ва истиқболли ижодий жамоаларни излаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;
мусиқа ва театр санъати соҳасидаги репертуар сиёсатини мувофиқлаштиради;
миллий маданий бойлик объектларининг алоҳида тартиботи бўйича эксперт комиссиясини тузади;
ватандошларимизнинг маданий алоқаларини ривожлантиришга кўмаклашади;
товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товарлар келиб чиқиши жойлари номланишини муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органининг сўровномасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси тарихи ва маданияти бойлиги ҳисобланган белгилардан товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси, товарлар келиб чиқиши жойи номланиши сифатида фойдаланиш учун келишади ёки келишишни рад қилади;
давлат музейларида фонд-сотиб олиш (фонд-танлаш) комиссиясини тузиш қоидаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
давлат театр ва концерт-томоша ташкилотларининг саҳналаштириш маблағларини ҳисобга олиш, топшириш ва ҳисобдан чиқариш бўйича йўриқнома ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
Ўзбекистон Республикаси музей фонди музей ашёларини ҳисобга олиш, сақлаш, улардан фойдаланиш ва ҳисобдан чиқариш бўйича йўриқнома ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
Мавзуга оид
10:20
2026 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонун қабул қилинди
19:50 / 19.12.2025
Маҳаллий кенгаш ва ҳокимлар фаолиятига хос бўлмаган 8 та вазифа бекор қилинади
10:15 / 08.12.2025
Ўзбошимчалик билан қурилган уйларни расмийлаштириш бўйича янги тартиб жорий этилади
15:46 / 06.12.2025