Миллий сертификатга эга бўлган «Ўзбек тили ва адабиёти» фани ўқитувчиларига 50 фоиз устама тўланади — президент
Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Президент «Ўзбек тили ва адабиёти» фани ўқитувчиларига ҳам халқаро сертификатга эга бўлган бошқа фан ўқитувчиларидан кам бўлмаган миқдорда қўшимча ҳақ тўланиши адолатдан бўлишини таъкидлади.
Шу мақсадда миллий сертификатга эга бўлган «Ўзбек тили ва адабиёти» фани ўқитувчиларига келгуси ўқув йилидан бошлаб 50 фоиз устама тўланади.
Ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадаси ўтказилиши, ғолиб ва совриндорлари пул мукофоти билан тақдирланиши ҳамда олийгоҳларга ўзбек тили филологияси йўналиши бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниши белгиланди.
Шунингдек, келгуси йилдан миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини кўп минг нусхаларда чоп этиш ва барча кутубхоналарга етказиб бериш лозимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, ҳар йили энг яхши бадиий асарлар яратиш, таржима қилиш учун ижодий буюртмалар берилиб, муаллиф ва таржимонларга муносиб қалам ҳақи тўланади.
Алломаларимизнинг ёшлиги ҳақида китоблар ёзиш, ёзганда ҳам болаларбоп қилиб ёзиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Бу ишларни рағбатлантириш, янги босқичга кўтариш учун келгуси йили мамлакатимизда Халқаро болалар адабиёти кўргазмаси ташкил этилади.
Нашриёт ва матбаа корхоналарининг молиявий имкониятлари кенгайтирилиши, моддий-техник базаси мустаҳкамланиши зарурлиги таъкидланди.
Шу мақсадда ушбу корхоналар 5 йилга солиқлардан озод қилинади. Шунингдек, уларга имтиёзли кредитлар ажратилади.
Президентимиз таржимонликдек масъулиятли меҳнатни муносиб рағбатлантириш учун улуғ шоир ва таржимон Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этишни таклиф этди.
Ҳудудлардаги болалар кутубхоналари босқичма-босқич болажонларимизнинг севимли масканига айлантирилиши таъкидланди.
Давлат раҳбари кўплаб хорижий давлатларда меценатлик ҳаракати кенг ёйилганини қайд этиб, бизнинг ҳаётимизга ҳам кириб келаётганини олқишлади.
2017 йилда ташкил этилган 70 га яқин «Дўстлар клуби» томонидан маданият муассасаларига 85 миллиард сўм ҳомийлик ёрдами кўрсатилган.
Президент маданият ва санъатимизнинг садоқатли дўстлари бўлган ушбу ташкилотларга, уларнинг меҳнат жамоаларига ташаккур билдирди.
Энди бу тажрибани доимий ишлайдиган тизимга айлантириш зарурлиги қайд этилди.
Мавзуга оид
14:33 / 21.11.2024
Нега ўзбек ота-оналари боласини рус синфларига беради?
21:43 / 22.10.2024
“Ўзимиз ўзбек тилини яхши билмаймиз” – фаоллар давлат тили мавқейи ҳақида нима дейди?
17:58 / 21.10.2024
“Тил – ҳар қандай халқ учун ўта ҳассос ва таъсирчан масала” — Шавкат Мирзиёев
12:48 / 21.10.2024