Ўзбекистон | 15:48 / 12.01.2026
2350
2 дақиқада ўқилади

Аэропорт, вокзал ва автостанция номлари давлат тили қоидаларига мослаштирилади

«Аэропортлар, автовокзаллар ва автостанцияларнинг номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш ҳамда уларга янги ном бериш тўғрисида» Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан номи давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириладиган аэропортлар, автовокзаллар ва автостанциялар рўйхати тасдиқланди. Унда 161 та объект кўрсатилган. Янги ном берилган аэропорт, автовокзаллар ва автостанциялар рўйхати ҳам тасдиқланган бўлиб, унга 21 та ном киритилган.

Хусусан, пойтахтнинг Яшнобод туманида жойлашган Тошкент—Шарқий аэропорти Тошкент—Ҳумо деб қайта номланди.

Ҳукумат қарорида белгиланишича, Транспорт вазирлиги Uzbekistan Airports, Uzbekistan Airways, Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан уч ой муддатда аэропортлар, вокзаллар ва автостанциялар номларининг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилиши ҳамда янги ном берилиши муносабати билан тегишли ҳужжатлар, хариталар, маълумотлар базаларига ўзгартиришлар киритилишини, шунингдек, аэропортлар, вокзаллар ва автостанцияларга ўрнатилган пешлавҳалар ҳамда ахборот кўрсаткичларидаги ёзувларнинг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилишини таъминлайди.

Ҳужжатга кўра, автовокзал, автостанцияларга Транспорт вазирлигининг таклифига кўра Вазирлар Маҳкамаси томонидан ном берилади ҳамда уларнинг номлари ўзгартирилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид