Ўзбекистон | 10:49 / 17.08.2023
25151
6 дақиқада ўқилади

Дарсликлар, танланадиган фанлар ва янгича баҳолаш тизими: мактаб ўқувчиларини қандай ўзгаришлар кутяпти? 

Бу йил дарсликлар учун ижара тўланадими? Юқори синф ўқувчилари қайси фанларни танлаб ўқиши мумкин? Мактабларда анъанавий баҳолаш тизимидан воз кечиладими? Kun.uz Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилшода Норбоева билан суҳбатда шу каби саволларга аниқлик киритди. 

Ўзбекистонда янги ўқув йили бошланишига жуда оз вақт қолди. Бу йилдан бошлаб барча 1-4-синф ўқувчилари янги авлод дарсликлари асосида таълим олади. Бунинг учун китоблар 770 номда 72 млн нусхада чоп этилмоқда. Хўш, дарсликларнинг ижара масаласи қандай бўлади? Бошланғичдан ташқари, юқори синфдагиларга ҳам янги китоблар бериладими? Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилшода Норбоеванинг айтишича, бу йил ҳам ўқувчилар учун дарсликлар ижараси бепул бўлади. 

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

“Ўтган ўқув йилида ҳам бу нарса жорий этилганди, бу йил ҳам у амалда. Яъни ўқувчилар учун дарсликлар бепул тарзда ижарага берилади, бунда ҳеч қандай ижара тўлови мавжуд эмас. Бу тўловлар давлат бюджетидан тўлиқ қопланади. Юқори синф ўқувчиларимиз учун Cambridgeʼнинг информатика дарсликлари барча таълим тилларида Ўзбекистонга мослаштирилган ҳолда чоп этилмоқда. Бундан ташқари, 1-11-синфлар учун Cambridgeʼнинг инглиз тили дарсликлари маҳаллийлаштирилган ва таълим муассасаларида амалиётга жорий этилган.

Шунингдек, янги ўқув йилида француз тили бўйича хориж нашриёти билан шартнома имзоланган. Унга кўра, 1-11-синфлар учун француз тили дарсликларини маҳаллийлаштириш, мослаштириш ҳамда таълим муассасаларимиз учун чоп этиб бериш кўзда тутилган. Қолаверса, немис тилини сифатли ўқитиш учун ҳам Германия ташкилотлари билан тузилган шартномамизга мувофиқ, немис тили дарсликлари таълим муассасаларимизга етказиб берилди”, – дейди вазирлик бошқарма бошлиғи. 

Сентябрдан бошлаб республикадаги 124 та мактабда танлов фанлари амалиёти тажриба-синов тарзида жорий этилади. Бу йилдан 10-11-синф ўқувчилари 11 та мажбурий фандан ташқари, 2 та ўзлари истаган йўналишда керакли фанларни ўқиш имкониятига эга бўлмоқда. Бунда танлов фанлари 4 та йўналишга бўлинган. 

“Танлов фанлар тажриба-синов тарзда йўлга қўйилаётгани учун бу йил уларни 4 та йўналишда тақдим этяпмиз. Улар: кимё-биология, физика-математика, она тили, адабиёт-чет тили, математика-чет тили йўналишларида бўляпти. Бунда юқори синф ўқувчиларимиз келажакда танлаган касби учун керак бўладиган фанлар доирасида чуқурроқ билим олишлари кўзда тутилмоқда. Мана шу жараённи ташкил этиш учун аввало ўқувчиларнинг қизиқиши ва қобилиятлари инобатга олиниши лозим. Шу мақсадда сўровномалар ўтказилди, унинг натижаларига кўра, танлов йўналишлари танлаб олинди ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг дастурлари мослаштирилди. Яъни ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг юқори синфлари учун яратилган дастурлар асосида таълим жараёнини ташкил этиш кўзда тутилмоқда”, – деди Норбоева. 

Қўшимча қилинишича, янги амалиёт учун ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқув дастурлари, қўлланмалари умумтаълим муассасалари ўқитувчиларига тақдим этилган. 

Шунингдек, янги ўқув йилидан мактаб таълимига сумматив ва форматив баҳолаш тизими жорий этилиши ҳақида ҳам маълумот берилди. Таъкидланишича, бунинг учун Тошкент шаҳридан 60 та, бошқа ҳудудлардан эса 181 та мактаб танлаб олинган. Дилшода Норбоевага кўра, янги баҳолаш тизими эскисидан анча фарқ қилади. 

“Бугунги кунда ўқувчиларимиз таълим муассасаларида 5 балли системада баҳолаб келинмоқда. Ҳар олган кунлик баҳоси кўпроқ чораклик баҳосини чиқаришда асосий, муҳим ролни эгаллаган. Ва бу унчалик ҳам холис баҳолашга кирмайди, чунки ўқитувчи болаларни 5 балли тизимда нисбий баҳолаб келади. Янги баҳолаш тизими мезонларга асосланган бўлиб, бунда ўқувчининг аниқ қайси билими, қайси кўникмаси асосида баҳоланиши олдиндан ишлаб чиқилган бўлади. Шу асосида уларнинг билими, олган билимини амалиётга қўллаши, мулоҳаза, мушоҳада қилиш кўникмалари ҳам баҳоланади. 

Форматив баҳолаш асосан ўқувчини йўналтириш, рағбатлантириш хусусиятига эга. Бу ўқувчига кўпроқ рағбат, мотивация беришга хизмат қилади. Сумматив баҳолаш эса маълум бир боб якунида ўқувчи эгаллаши керак бўлган стандарт, билим ва кўникмалар баҳоланади”, – дейди масъул. 

Норбоеванинг қайд этишича, сумматив ва форматив баҳолаш тизими таълими ривожланган деярли барча мамлакатларга жорий этиб бўлинган, бу тизим келгусида мактаб таълимида инсон омили, нисбий баҳо беришга барҳам бериш, ўқувчиларни ҳаққоний баҳолашга хизмат қилади. 

Эслатиб ўтамиз, янги авлод дарсликларини ишлаб чиқиш ғояси Шавкат Мирзиёевнинг ҳукумат бошқарувига келган вақтида, 2016 йилда илгари сурилган эди. Ўша йили дарсликларни ишлаб чиқишда хорижлик мутахассислар ҳам қатнашиши маълум қилинганди. 

2020 йилда дарсликларни тайёрлаш юзасидан махсус бот ташкил қилиниб, жамоатчилик таклифлари йиғилганди. Дарсликларни тайёрлаш масъулияти Республика таълим марказига юклатилганди. 

2021 йилда Шерзод Шерматовдан сўнг ўша вақтдаги Халқ таълими вазирлигига раҳбар сифатида тайинланган Бахтиёр Саидов янги дарсликларни тайёрлашни тезлаштириш бўйича топшириқ берганди. Ўша йилнинг ўзида фин тажрибаси асосида дарсликлар ишлаб чиқилиши маълум қилинди. 

Шу билан янги авлод дарсликлари масаласига ўтган йили декабрь ойида Мирзиёевнинг педагоглар билан ўтган учрашувида тилга олиниб, янги ўқув йилидан барча бошланғич синфлар учун жорий этилиши маълум қилинди

Шу йил май ойида эса 10-11-синфларнинг танлов фани тажрибаси йўлга қўйилиши ҳақида хабар қилинганди. Бунда ўқувчиларга 11 та эмас, 8 та мажбурий, 2 та танлов фанкимё-биология, математика физика, тарих-ҳуқуқ, она тили ва адабиёт-чет тили) бўлиши айтилганди. 

Мактаблар сумматив ва форматив баҳолаш тизимига ўтиши ҳақида эса шу йил июн ойида Мактаб вазирлиги томонидан “Мезонларга асосланган баҳолаш тизими” мавзусида ўтган семинар-тренингда маълумот берилганди.

Мавзуга оид