Фото: Россия ҳарбий-сиёсий жамияти

18 май куни Москва шаҳрида Россия–Қирғизистон эксперт-маслаҳатлашув кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда россиялик ва қирғизистонлик тарихчилар иштирок этди.

Бу кенгаш 2025 йилда икки давлат ўртасида тузилган англашув меморандуми асосида ташкил этилган бўлиб, унинг мақсади – икки мамлакатнинг умумий тарихини дарсликларда очиб бериш йўналишидаги ҳаракатларни мувофиқлаштиришдан иборат.

Йиғилиш ташкилотчиси – Россия ҳарбий-сиёсий жамияти хабарига кўра, ҳозирда томонлар бир-бирларидаги мактаб тарих дарсликларини ўрганиб чиқиш жараёнини якунлаган. Энди тарихий жараёнлар бўйича дарсликлардаги позицияларни бир-бирига яқинлаштириш борасида муҳокамалар кетмоқда.

“Ҳозир халқларнинг тарихий хотирасини қайта шакллантириш бўйича глобал қарама-қаршилик, глобал кураш кетяпти. Ўйлайманки, тарих бўйича Россия–Қирғизистон эксперт-маслаҳатлашув кенгашининг бугунги йиғилиши – ана шу курашнинг бир қисми. Биз бирга бўлишимиз керак. Бизда умумий позициялар бўлиши лозим. Умумий бўлмаса, позицияларимизни яқинлаштиришимиз зарур. Биргаликда умумий ёндашувлар ишлаб чиқиладиган бундай муҳим учрашувга бизни таклиф қилганингиз учун шахсан ўзим ва делегация номидан яна бир бор миннатдорчилик билдираман”, – деган Қирғизистон Миллий фанлар академияси Тарих институти директори, кенгашнинг қирғизлар томонидан координатори Аблабек Асанканов.

Йиғилишда Россия томони ўз тарих дарсликларига қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовни киритишини маълум қилган.

“Бугун биз ҳар қанақа масалаларни, шу жумладан унчалик ёқимли бўлмаган мавзуларни ҳам муҳокама қилдик, чунки баъзи тарихий баҳолар ҳақиқатан ҳам фарқ қилади. Лекин энг асосийси, бизнинг қирғиз дўстларимиз ва елкадошларимиз 1990-йилларда кўп маънили нарсалар йўқотилганини тушуниб туришибди”, – деган РФ президентининг гуманитар соҳадаги давлат сиёсати бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Россия ҳарбий-сиёсий жамияти раиси ўринбосари Николай Овсиенко.