Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Озарбойжон ва Арманистон энди урушмасликка аҳдлашди
Улар Трампнинг воситачилигида (ва Россиянинг иштирокисиз) келгусидаги тинчлик декларациясини имзолади. АҚШ Озарбойжон ва Нахичивон эксклави ўртасидаги йўлакни ўз назоратига олади. Россия совуққонлик билан муносабат билдирди, Эрон эса норози.
Nathan Howard / EPA / Scanpix / LETA
Озарбойжон ва Арманистон ҳарбий ҳаракатлардан воз кечди. Ушбу икки мамлакат 2023 йилдан бери, Боку Қорабоғ ҳудудини узил-кесил ўз назоратига олганидан бери тинчлик шартномасини муҳокама қилиб келаётганди. Ҳужжат матн 2025 йил март ойида келишилган. Июл ойида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян Абу-Дабидаги музокараларда учрашган, бироқ учрашувда аниқ натижалар бўлмаганди. Якунда АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакатлар ўртасида воситачи бўлди; 8 август куни Арманистон, Озарбойжон ва АҚШ раҳбарлари Вашингтонда йиғилиб, унда Алиев ва Пашинян ҳарбий қарама-қаршиликдан воз кечиш тўғрисидаги декларацияни имзолади.
«Биз тинчлик ўрнатишга муваффақ бўлдик, – деди Трамп, гарчи ҳужжатни тўлақонли тинчлик шартномаси деб бўлмаса ҳам. – Улар 35 йил жанг қилишди, энди эса дўстлар. Ва улар узоқ вақт дўст бўлиб қолади». Боку ва Ереван «қарама-қаршилик ва қон тўкиш саҳифасини ёпади, шунингдек, фарзандларимизнинг ёрқин ва хавфсиз келажагини таъминлайди», деди Алиев. «Бугунги декларация... биз Жанубий Кавказда тинчлик, фаровонлик, хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликнинг янги саҳифасини очаётганимизга ишонч бағишлайди», – дея изоҳ берди Пашинян.
Вашингтон ҳар икки давлат билан ҳамкорликни кенгайтиради. Трамп Пашинян ва Алиев билан учрашув якунлари бўйича шундай баёнот берди. АҚШ Озарбойжон ва Арманистон билан энергетика, савдо ва технологиялар, жумладан, сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича алоҳида шартномалар имзолади. Шунингдек, Трамп Биринчи Қорабоғ уруши туфайли 1992 йилда Катта Жорж Буш маъмурияти даврида Боку билан мудофаа ҳамкорлигига қўйилган чекловни олиб ташлади.
Ғарбий Озарбойжон ва унинг эксклави Нахичивон автоном республикасини боғловчи – Арманистон ҳудудидан ўтувчи Зангезур йўлаги – АҚШга топширилади. Бу таклиф биринчи бўлиб 2025 йил июл ойида АҚШнинг Туркиядаги элчиси Том Баррак томонидан билдирилганди, у тахминий ижара муддатини юз йил деб белгилаганди. Арманистон бунга қатъиян қарши чиққанди. Умуман олганда, Озарбойжон томонидан таклиф қилинган ва Туркия томонидан қўллаб-қувватланган Зангезур йўлаги бўйлаб 40 километрлик йўл лойиҳасининг ўзи Ереванда доимий эътирозларга сабаб бўлиб келади: у ерда йўл қурилиши 2020 йил Арманистон ва Озарбойжон ўртасида, Владимир Путин иштирокида имзоланган ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги баёнотга зид эканини таъкидлашади.
Шундай бўлса-да, Нахичивон автоном республикаси ва Озарбойжоннинг қолган ҳудуди ўртасидаги транспорт йўлаги якунда томонлар 8 август куни Вашингтонда имзолаган декларацияда тилга олинган. У «Трампнинг халқаро тинчлик ва фаровонлик маршрути» деб номланади.
Трамп журналистларга унинг номи билан аталган маршрут Озарбойжоннинг ўз эксклави билан алоқаси «Арманистон суверенитетини тўлиқ ҳурмат қилган ҳолда» таъминланишини айтди. Арманистон йўлни ривожлантириш бўйича АҚШ билан ҳамкорлик битими тузади, унинг амал қилиш муддати 99 йилгача узайтирилиши мумкин. Лойиҳа «инвестицияларни рағбатлантиради ва можароларни ҳал қилишнинг асосий иштирокчиси сифатида АҚШ етакчилигини мустаҳкамлайди», деди Никол Пашинян. Алиев «Трамп маршрути» икки давлат муносабатларидаги тўсиқларни олиб ташлашини таъкидлаган.
Эрон ҳукумати АҚШ Зангезур йўлагини фойдаланишга олишига қарши чиқди. Эрон олий раҳбарининг халқаро ишлар бўйича маслаҳатчиси Али Акбар Вилоятий бундай йўлак АҚШ президентига тегишли йўл эмас, балки «Доналд Трамп ёлланма аскарлари қабристони»га айланиши ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, Эрон ўз манфаатларини «мутлақо кучли тарзда» ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга ва Эрон аллақачон минтақада бир неча ҳарбий машғулотлар ўтказиб, тайёрлигини намойиш этган.
Эрон бунгача ҳам таклиф этилаётган транзит йўлига қаршилик билдириб, бу – мамлакатни Арманистон ва Кавказнинг қолган қисмидан узиб қўйишидан ҳамда чегарасида чет элликлар пайдо бўлишига олиб келишидан хавотир билдирган.
Тинчлик келишуви матни 11 август куни эълон қилинади. «Вақтни беҳуда сарфламаслик керак, деб ўйлайман. Озарбойжон ва Арманистон аллақачон тинчлик шартномасини ратификация қилганини ҳисобга олсак, унинг расман имзоланиши кўп вақт талаб қилмаслиги керак», – деди Алиев журналистларга.
Никол Пашинян Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги чегараларни қайта кўриб чиқишни таклиф қилмоқда. Арманистон бош вазири матбуот анжуманида мамлакатлар совет давридаги чегараларига қайтиши кераклигини айтди. «Бизга тегишли, лекин Озарбойжон назорати остидаги ҳудудлар бор, шу билан бирга, Озарбойжонга тегишли, лекин бизнинг назоратимиз остидаги ҳудудлар ҳам бор. Демаркация жараёни давом этиши керак», – деди Пашинян. У ҳудудларни «тенглик принципи асосида» ёки референдумлар ёрдамида – Арманистон республикасининг умумий майдони (ҳозир у 29 743 квадрат километрни эгаллайди) камаймаслиги шарти билан алмаштиришни истисно қилмаган.
Россия музокараларда иштирок этмади. BBC рус хизмати Алиев ва Пашиняннинг БААдаги музокаралари ҳақидаги мақоласида мамлакатлар келишувга интилаётгани, чунки иккиси ҳам Россия таъсир зонасидан чиқишни хоҳлашини таъкидлаганди. Арманистон ва Озарбойжондаги давлат нашрлари ўшанда Кремлни назарда тутган ҳолда «тинчлик жараёнини бузишга уринаётган бузғунчи кучлар» ҳақида ёзганди. «Можаро мамлакатларининг ўзида муносабатларнинг нормаллаштирилиши Россиянинг Жанубий Кавказдаги иштирокини чеклаш имконияти сифатида кўрилмоқда», – дейилади BBC матнида.
Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова 9 август куни Боку ва Ереван муносабатларини нормаллаштириш Россия кўмагида бошланганини иддао қилди. «Жанубий Кавказ республикалари раҳбарларининг Вашингтонда Америка томони воситачилигида бўлиб ўтган учрашуви ижобий баҳога лойиқ. Умид қиламизки, бу қадам тинчлик кун тартибини илгари суришга ёрдам беради», – деди Захарова.
Мавзуга оид
08:29 / 29.12.2025
Донбасс масаласи ҳал бўлмади: Трамп ва Зеленский учрашуви натижалари
22:32 / 28.12.2025
БМТнинг вазифасини АҚШ бажармоқда – Трамп
17:00 / 28.12.2025
Путин яна ҳарбий формада йиғилиш ўтказди. Лавров Европани «тинчлик йўлидаги асосий ғов» деб атади
14:06 / 27.12.2025