Жаҳон | 14:06 / 27.12.2025
2086
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: АҚШ ишчилар синфи орасида Трамп рейтинги рекорд даражада тушиб кетди

Newsweek журнали YouGov социологик институти натижаларига таяниб хабар беришича, йиллик даромади 50 000 долларгача бўлган сўровда қатнашган америкаликларнинг атиги 31 фоизи Доналд Трампнинг президент сифатидаги фаолиятини маъқуллайди.

Фото: REUTERS

АҚШ президенти Доналд Трампни маъқуллаш рейтинги мамлакатдаги ишчи синф қатлами орасида рекорд даражада паст кўрсаткичга тушиб кетди, деб хабар берди Newsweek ҳафтаномаси жума куни, 26 декабрда. YouGov социологик институти ўтказган сўнгги сўров натижаларига кўра, йиллик даромади 50 000 доллардан ошмайдиган респондентларнинг атиги 31 фоизи Трампнинг президент сифатидаги фаолиятини маъқуллайди. Шу билан бирга, 65 фоиз иштирокчи Оқ уй раҳбарининг ҳаракатларини маъқулламаслигини билдирган, қолган 4 фоиз эса бу масалада аниқ фикрга эга эмас.

Нашрга кўра, даромади юқорироқ бўлган АҚШ фуқаролари орасида президент фаолиятини маъқуллаш даражаси баландроқ: йиллик даромади 100 минг доллардан юқори бўлганлар орасида 40 фоиз сўров қатнашчиси унинг ишини ижобий баҳолаган, 51 фоизи эса аксинча фикр билдирган.

Newsweek Трампнинг рейтинги тарихий минимумга тушишининг асосий сабаби сифатида АҚШда уй-жойнинг ҳамёнбоплиги (арзон уй-жой топиш/олиш имконияти) билан боғлиқ муаммоларни кўрсатади. Нашр таъкидлашича, бу вазият 2026 йилдаги сайловларда Республикачилар партиясининг муваффақиятига бевосита таъсир қилиши, шунингдек Трамп президентлик муддатининг “иккинчи ярми”га ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Қайд этилишича, YouGov сўрови 20–22 декабр кунлари тахминан 1600 нафар америкалик солиқ тўловчилар ўртасида ўтказилган. 2025 йил ноябридаги маълумотлар билан таққослаганда, ишчи синф вакиллари орасида Трамп рейтинги сезиларли даражада пасайган. Илгари эълон қилинган экзит-поллар маълумотларига кўра, худди шу мақсадли гуруҳ 2024 йилги президентлик сайловларида Трампга “катта бўлмаган устунлик” билан овоз берган эди.

Трампнинг президентлик лавозимидаги янги муддатининг илк 100 куни якунлари бўйича уни маъқуллаш рейтинги сўнгги 80 йилдаги энг паст кўрсаткич бўлгани айтилди: америкаликларнинг 55 фоизи Оқ уй раҳбари фаолиятини салбий баҳолаган, атиги 39 фоизи эса унинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган. Бу натижалар 27 апрел куни эълон қилинган бўлиб, улар Ipsos компанияси, ABC News телекомпанияси ва The Washington Post (WP) газетаси ҳамкорлигида АҚШдаги 2464 нафар сайловчи ўртасида ўтказилган сўровга асосланган.

Хусусан, сўров иштирокчиларининг 67 фоизи фонд бозори пасайиши даврида республикачининг ҳаракатларидан норози эканини айтган, 64 фоизи хорижий давлатлар товарларига бож жорий этилишини қўллаб-қувватламаган, 61 фоизи эса АҚШнинг бошқа давлатларга нисбатан сиёсатига нисбатан норозилик билдирган. Респондентларнинг 72 фоизи Трамп сиёсати иқтисодий рецессияга олиб келишига ишонади, 40 фоиздан кўпроғи эса шахсий молиявий аҳволи ёмонлашганидан шикоят қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид