16:15 / 01.02.2023
19483

“Болам туғилгандан бери азоб чекяпти” – гўдагига жигар берган она изтироби

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида яшайдиган оиланинг 2 яшар ўғли Мардонбекда жигар циррози аниқланган. Бир эмас, икки операцияни бошдан кечирган гўдакнинг ҳаётини фақат жигар кўчириш амалиёти билан сақлаб қолиш мумкинлиги айтилади. Мардонбекни дунёга келтирган онаси яна бир бор унинг жонига ора кириш учун ўз жигарини беришга рози эди.

Шундан сўнг оила топган-тутганларини сотиб, сахийлар ва яқинлар кўмагида тўпланган пул билан Ҳиндистонга кетишади. У ерда жигар кўчириш операцияси муваффақиятли ўтказилади. Аммо операциядан кейин жигарга тушган инфекция сабабли боланинг аҳволи оғирлашиб, яна 20 кун жонлантириш бўлимида қолади. Бу билан эса уларнинг мусофирчиликдаги ҳаётлари чўзилишига тўғри келади.

Айни пайтда хориждаги клиникада жажжи Мардонбек ва онаси Юлдуз Баротоваларнинг даволаниш жараёни давом этяпти. Юлдузнинг айтишича, уларда фақат операция харажатлари учун маблағ бўлган:

“Уйга кетишга тайёргарлик кўраётган маҳалимизда боламнинг аҳволи оғирлашиб қолди. Инфекция туфайли рангида сарғайиш кузатилди. Клиникадан қарз бўлдик. Ҳали яна 10-15 кун даволанишимиз керак экан. Лекин бунга маблағимиз йўқ. Келаётганда фақат операция учун етарли пулимиз бор эди.

Болам ҳам қийналиб кетди, азобланяпти. Биз-ку оз бўлсаям яшадик, лекин болам туғилганидан бери азоб кўряпти”, - дея зор йиғлайди хаста гўдакнинг онаси. 

Ҳозир бемор бола ва унинг яримжон онасига моддий ёрдам ниҳоятда зарур. Улар ўз ватанларига, яқинлари ёнига қайтишлари керак. 

Мардонбек Темуровга оид маълумотлар: 

Uzcard: 8600 0609 3339 1774 холаси Ҳайитова Дилобар номида 

Сбербанк: 2202 2023 7828 5971 бувиси Барно Сиддиқова номида 

Манзил: Самарқанд вилояти, Қаттақўрғон тумани, Ойижон маҳалласи.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top