Ўзбекистон | 10:55 / 01.04.2026
12066
2 дақиқада ўқилади

Қоидабузарлик учун ким жавобгар бўлишини белгилаб қўйиш нархи – 41 минг сўм

Машина эгаси машинасини бошқариш учун яқин қариндошига ёки ишончнома асосида кимгадир берган бўлса, машина келгусида радарга тушган тақдирда маъмурий жарима ва жарима балли ўша шахснинг номига ёзилишини белгилаб қўйиши мумкин.

Фото: ЙҲХХ

Ҳукумат қарори билан, транспорт воситаларини бошқаришга ҳуқуқини олган шахсларга йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун жавобгарлик ўтказилгани ҳақида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини хабардор қилиш тартиби белгиланди.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 апрелдан тегишли транспортни фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида бошқариш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини олган шахсларга нисбатан йўл қоидабузарлиги учун жавобгарликни ўтказиш имконияти яратилади.

Тасдиқланган низомга мувофиқ, хабардор қилиш хизмати Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ёки Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мобил иловаси орқали амалга оширилади.

Бу хизматдан фойдаланиш учун транспорт эгаси my.gov.uz ёки мобил иловада шахсий кабинет очиб, сўровнома тўлдиради ва унда транспортни бошқариш ҳуқуқи бериладиган муддатни кўрсатади.

Бошқариш ҳуқуқини олган шахс эса ушбу сўровномани тасдиқлаш орқали келгусида унга нисбатан жарима солиш тўғрисида қарор расмийлаштирилишига розилик беради. Бу розилик электрон рақамли имзо, Mobile-ID ёки Face-ID орқали тасдиқланади.

Мазкур хабардор қилиш хизмати учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи (ҳозирда 41 200 сўм) миқдорида йиғим ундирилади.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид