Жаҳон | 23:24 / 12.12.2025
16203
4 дақиқада ўқилади

Қозоғистон эшиклари марказий осиёлик мигрантлар учун «очилиши» мумкин

Қозоғистондаги йирик давлат лойиҳалари - ИЭС, АЭС қуриш, энергетика, уй-жой коммунал хўжалиги ва транспортни ривожлантириш учун минглаб мутахассислар керак бўлади ва ички кадрлар ресурси етарли бўлмаслиги мумкин. Депутатлар мигрантларни жалб қилишни муаммонинг ечимларидан бири сифатида кўрмоқда.

Фото: Reuters

Қозоғистон Мажлиси бош вазир Ўлжас Бектеновга депутатлик сўрови юборди, унда иқтисодиётда кутилаётган кадрлар танқислиги фонида меҳнат миграцияси масаласи кўтарилган. Депутатлар мигрантларни жалб қилиш ёндашувларини қайта кўриб чиқишни таклиф қилмоқда, деб ёзди Tengrinews.

Бош вазир Ўлжас Бектенов номига юборилган янги депутатлик сўровида депутатлар меҳнат бозоридаги вазият ўзгараётгани ва амалдаги тартибга солиш механизмлари ўз самарасини бермаётганини таъкидлаган.

«Қозоғистон меҳнат соҳасида жиддий ўзгаришлар юз бермоқда, улар давлат томонидан тизимли жавоб беришни талаб қилади», дейилади сўровда.

Депутатларнинг эътибор қаратишича, сўнгги ўн йил ичида мамлакатда юридик шахслар сони қарийб 49 фоизга ўсди - асосан кичик ва ўрта бизнес ҳисобига. Шу билан бирга, кичик ва ўрта бизнеснинг ўсиши, уларнинг баҳолашича, ҳар доим ҳам барқарор иш ўринларини яратиш билан бирга кечмаяпти.

Йирик давлат лойиҳалари - ИЭС, АЭС қуриш, энергетика, уй-жой коммунал хўжалиги ва транспортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Сўров муаллифларининг фикрича, уларни амалга ошириш учун минглаб мутахассислар керак бўлади ва ички кадрлар ресурси етарли бўлмаслиги мумкин.

«Лойиҳаларни тезда амалга ошириш учун минглаб мутахассислар керак бўлади», дейилади ҳужжатда.

Бу ҳисоб-китоблар Меҳнат ресурсларини ривожлантириш маркази прогнозларига мос келади: 2025-2035 йилларда Қозоғистон иқтисодиётига 3 миллионга яқин ёлланма ишчи керак бўлиши мумкин, улардан 813 минг нафари ишчи кадрлардир. Энг катта талаб саноат ва қурилишда бўлиши кутилмоқда.

Депутатлар кадрлар тақчиллигини қоплашнинг мумкин бўлган воситаларидан бири сифатида меҳнат миграциясини кўриб чиқишни таклиф қилмоқда. Сўровда айтилишича, Қозоғистон хорижий ишчи кучи учун, биринчи навбатда, даромад даражаси бўйича жозибадор бўлиб қолмоқда.

«Қозоғистондаги иш ҳақи даражаси Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқорилигича қолмоқда», дейилади мурожаатда.

Шу билан бирга, депутатлар аллақачон мавжуд бўлган муаммони алоҳида таъкидлаган: мигрантларнинг катта қисми мамлакатда ноқонуний ишлаяпти.

«Улар асосан ноқонуний ишлайди, бу эса жойларда коррупцияга ҳисса қўшади», дейилади сўровда.

Аслида, гап бир нечта сценарийлар ҳақида кетмоқда. Биринчиси - тақчилликни ички ресурслар: иш ҳақини ошириш, ишчи кучини ҳудудлар ўртасида қайта тақсимлаш ва кадрлар тайёрлашни жадаллаштириш ҳисобига қоплашга уриниш. Бундай йўл ташқи ишчи кучига боғлиқликни камайтиради, лекин вақт ва қўшимча харажатларни талаб қилади.

Иккинчи вариант - меҳнат миграциясидан фаолроқ фойдаланиш. Бу кадрлар бўшлиғини тезроқ ёпиш имконини беради, аммо назорат заиф бўлса, шаҳарлар, ижтимоий инфратузилма ва паст малакали меҳнат бозорига юкламани ошириши мумкин.

Иқтисодий нуқтаи назардан, меҳнат миграциясини қонунийлаштириш яширин бандлик ҳажмини камайтириши ва солиқ тушумларини ошириши мумкин. Бу фақат аниқ қоидалар ва иш берувчиларнинг масъулияти билан мумкин.

Ижтимоий нуқтаи назардан, хатарлар уй-жой, транспорт ва ижтимоий хизматлар юкламасининг ошиши, шунингдек, паст малакали сегментларда иш ўринлари учун рақобатнинг кучайиши билан боғлиқ.

Айнан шунинг учун депутатлик сўровида миграцияни кенгайтириш эмас, балки уни тартибга солиш - тармоқлар бўйича квоталар, иш берувчиларнинг жавобгарлиги ва солиқ назорати механизмларига урғу берилган.

«Миграция оқимларини малака, солиқлар ва интеграцияга эътибор қаратган ҳолда стратегик бошқариш керак», деб ҳисобламоқда мурожаат муаллифлари.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид