Жаҳон | 12:53
648
3 дақиқада ўқилади

Россия ва Қозоғистон янги ракета-ташувчининг парвозини кейинроққа сурди

“Союз-5” ракета-ташувчисининг биринчи синов парвози дастлаб 2023 йил охирига режалаштирилган эди, кейин эса у икки йилга кечиктирилди. Аммо ҳозир ҳам учириш амалга ошмади: Остона маълумотларига кўра, у 2026 йилнинг биринчи чорагига мўлжалланган.

Фото: REUTERS

2025 йил охиригача Бойқўнғир космодромидан янги “Союз-5” ракета-ташувчисининг биринчи синов парвози режалаштирилган эди, аммо у амалга ошмади. Лойиҳа ҳамкорлари — “Роскосмос” Россия давлат корпорацияси ва Қозоғистон Миллий космик агентлиги (“Қазкосмос”) уни кейинроққа қолдирди. “Роскосмос” 26 декабр, жума куни эълон қилган хабарда айтилишича, бунда “ҳам борт тизимлари, ҳам ер ускуналари бўйича қўшимча текширувлар ўтказиш”га қарор қилинган.

Парвоз муддатини кўчириш қарори, таъкидланишича, техник тусга эга: Россия—Қозоғистон қўшма космик лойиҳаси “Байтерек” иштирокчилари тизимларнинг “барқарор” ишлашини ҳам одатий, ҳам фавқулодда режимларда текшириб олишни, аппаратнинг парвоз синовларига тайёрлигини ва ракетанинг биринчи учирилиши хавфсизлигини таъминлашни кўзламоқда. “Роскосмос” “Байтерек” дастури якуний босқичда эканини қайд этган.

“Роскосмос” хабарида “Союз-5”нинг янги учириш санаси айтилмаган, сана “барча жараёнлар якунлари бўйича белгиланиши ва дастур иштирокчилари билан келишилиши” таъкидланган. Бироқ ўша куннинг ўзида Қозоғистон бош вазири ўринбосари — сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев брифингда парвоз 2026 йилнинг биринчи чорагига кўчирилганини айтган, деб хабар беради маҳаллий ОАВ.

Ноябр ўрталарда Россия космик давлат корпорацияси “мамлакат космонавтикаси тарихидаги энг янги” “Союз-5” ракетаси Самарадан Бойқўнғирга етиб келганини хабар қилган эди: унинг блоклари монтаж-синов корпусига етказилган, у ерда ракетани йил охиридаги парвозга тайёрлашган. “Роскосмос” раҳбари Дмитрий Бакановнинг айтишича, ушбу ракета-ташувчида “сайёрадаги энг қудратли двигател” — РД-171МВ дан фойдаланиш режалаштирилган.

“Союз-5”нинг биринчи учирилиши дастлаб 2023 йил охирига қадар режалаштирилган бўлиб, бунинг учун Бойқўнғирда “Байтерек” космик ракета комплекси қурилиши керак эди. Кейинчалик муддат 2025 йил декабрига сурилган. Bloomberg таъкидлашича, Россия—Қозоғистон дастури Илон Маскнинг SpaceX компанияси лойиҳаларига рақобатчи сифатида кўрсатилмоқда.

Ноябр охирида Бойқўнғирда Россиянинг “Союз МС-28” космик кемаси учирилганидан кейин хизмат кўрсатиш кабинасининг бир қисми қулаб тушган, старт майдони шикастланган. Мутахассислар фикрича, бу Халқаро космик станцияга учириладиган “Союз” ва “Прогресс” пилотли кемаларининг парвозига халақит бериши мумкин.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид