Бундан 8 йил муқаддам ўзбекистонликларни олиб Россияга кетаётган автобус Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти ҳудудида ёниб кетганди. Бу даҳшатли фожиа кўпчиликнинг ёдидан чиқмаган бўлса керак. Аммо, кейинги даврда ҳам айнан шу ҳудудда ЙТҲлар билан боғлиқ ҳалокатлар юз беришдан тўхтагани йўқ. Бундай қайғули ҳолатлар ортида қандай сабаб ва омиллар бор?
Бундан 8 йил муқаддам – 2018 йилнинг 18 январ куни ўзбекистонликларни олиб Россияга кетаётган автобус Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти ҳудудида ёниб кетганди. Фожиа оқибатида автобус салонида бўлган 57 кишидан 52 нафари ҳалок бўлди. Бу даҳшатли воқеа кўпчиликнинг ёдидан чиқмаган бўлса керак. Аммо, кейинги даврда ҳам айнан шу ҳудудда ЙТҲлар билан боғлиқ ҳалокатлар юз беришдан тўхтагани йўқ.
Биргина декабр ойининг ўзида дастлаб «Москва – Тошкент» йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган автобус аварияга учради. Унда Ўзбекистоннинг 54 нафар фуқароси бўлган.
Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмай, бошқа бир автобуснинг ариққа ағдарилиб кетиши оқибатида йўловчилардан 5 нафари, хусусан, 2 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди.
2024 йилнинг апрел ойида 8 кишининг ўлимига сабаб бўлган ЙТҲ ҳам айнан Ақтўбе областида рўй берганди.
Умуман олганда, бу ҳудудда ўзбекистонлик йўловчилар қатнашган ҳалокатлар мунтазам такрорланиб келяпти. Бундай қайғули ҳолатлар ортида қандай сабаб ва омиллар бор? Қуйида ана шу саволларга жавоб излашга ҳаракат қиламиз.
Ақтўбе йўллари нега хавфли?
Биринчидан, Ақтўбе вилояти ҳудудидан Марказий Осиё ва Россияни боғловчи асосий автомобил магистраллари ўтади. Хусусан, Самара – Чимкент халқаро йўли Россиянинг Европа қисмидан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга энг тўғри йўл ҳисобланади. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ва йўловчиларнинг катта қисми Россия шаҳарларига айнан шу йўналишда, Қозоғистон ҳудуди орқали автобус, микроавтобус ёки енгил машиналарда қатнайди.











