Ўзбекистон | 12:05 / 18.03.2021
10672
8 дақиқада ўқилади

Зафаробод туман ҳокимлиги 1 йилдан буён ургутлик тадбиркорнинг 588 миллион сўм пулини бермаяпти

Бугун Ўзбекистонда бир тенденция авжида. МИБ фуқародан пул ундириши керак бўлса қонунда белгиланган барча “ресурс”ларини ишга солади. Қарздорнинг уйидаги ёстиғи-ю, ўтирган гиламигача суғуриб кетади. Борди-ю, қарздор ҳокимлик бўлса-чи, унда қонунлар ўрнини баҳоналар эгаллайди. Бугунги ҳикоямиз тадбиркорнинг сал кам 600 млн сўм пули ана шу баҳоналар сабаб Жиззах вилояти Зафаробод туман ҳокимлигида осилиб ётгани ҳақида бўлади.

Ҳокимият бошқалардан қарз бўлиб қолганда, уни ундириш осон бўлмаслиги ҳақида эшитавериб, кўравериб, бунга одатланиб ҳам қолдик. МИБ аталмиш кучи фақат фуқаро ва тадбиркорларга етадиган ташкилот ҳам ундирув нуқтаси ҳокимликка қадалганда ишни «халта-хуржун» қилиб чўзиб юраверади.

Зафаробод тумани ҳокимлигининг 1 йилдан бери Ургутдаги корхонанинг пулини бермай келаётганига, МИБнинг Зафаробод туман бўлими эса 6 ойдан бери уни ундириб бера олмаётганига нима деб изоҳ бериш мумкин?!

Оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним

Kun.uz’га навбатдаги мурожаат Ургут туманида жойлашган, ўзининг гиламлари билан машҳур «URGAZ CARPET» МЧЖ корхонаси раҳбариятидан бўлди. Мурожаатда ёзилишича, мазкур корхона 2020 йил 14 мартда Жиззах вилояти Зафаробод туман ҳокимлиги билан шартнома тузиб, уларга 588 миллион сўмлик сунъий чим қопламаларини етказиб берган. Ҳокимлик олган маҳсулотининг пулини 10 кунда тўлаш ҳақида кафолат бериб, маҳсулотни олиб кетган. Аммо орадан 1 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса ҳам корхона тумани ҳокимлигидан бир сўм ҳам пул олмаган.

Корхона раҳбари Хуршид Лутфиллаевнинг маълум қилишича, ўшанда Зафаробод туман ҳокимлиги Наврўз байрамигача стадионни тайёр ҳолга келтириш керак деб қилган илтимоси учун, бошқа буюртмалари етарли бўлганига қарамасдан корхона улар билан шартнома тузган ва сифатли маҳсулот тайёрлаб берган. Ҳокимлик олган маҳсулотининг пулини 10 кунда тўлаб бериш ҳақида кафолат хати берган. Аммо, мана 1 йилдирки тўлов амалга оширилмаган. Корхона вакиллари 2020 йил сентябргача ўтган 6 ой давомида Зафарободга 4-5 марта бориб ҳам пулларни ундира олишмаган ва охири Зафаробод туман ҳокимлиги устидан иқтисодий судга даъво аризаси киритишга мажбур бўлган.

Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 2020 йил 21 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан «URGAZ CARPET» МЧЖнинг даъвоси тўлиқ қаноатлантирилган. Зафаробод туман ҳокимлигидан корхона фойдасига 588 миллион сўм асосий қарз ва 11 млн 760 минг сўм давлат божи ундириш белгиланган.

Шу суднинг 22 октябрдаги ижро варақасига асосан МИБнинг Зафаробод туман бўлими томонидан ижро иши қўзғатилган. Аммо, мана орадан 5 ой вақт ўтса ҳамки ундирув таъминланган эмас.

Ҳар доимгидек нимадир хатланган бўлади...

МИБ Зафаробод бўлими ходими Отабек Наврўзовнинг маълум қилишича, мазкур ишнинг ижро варақаси бўйича Зафаробод туман ҳокимлигига қарзни тўлаш учун аввалига ихтиёрий муддати белгиланган. Муддат ўтиб, ҳокимлик қарзни тўламаган. Унинг айтишича, ҳозирги пайтда Зафаробод туман ҳокимлиги балансида бўлган битта нотурар жой бино, учта «Нексия-3» ва битта «ГАЗ-3110» хатланиб, автомашиналар мажбурий тарзда автотураргоҳга жойлаштирилган ва аукционга чиқарилган.

Аукционда “Нексия-3”нинг бири 70 миллион сўмга сотилган. Қолган автомашиналарнинг савдоси 11, 15, 16 март кунлари ўтказилади. Хатланган бино ва автомашиналар сотилгандан сўнг улардан тушган пул маблағи «URGAZ CARPET» МЧЖ ва Зафаробод туман ҳокимлиги қарз бўлган яна икки корхона ўртасида тенг тақсимланиб берилади” дейди МИБ ходими.

Ҳоким суд қароридан устун бўлишга уринмоқда

Зафаробод туман ҳокими Нодирбек Ражабов мазкур қарздорлик бўйича бошқача фикрда. У «URGAZ CARPET» МЧЖдан бўлган қарздорликни тўлаб беролмаслигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ўтган йил март ойида туманнинг аввалги масъул раҳбарлари (Нодирбек Ражабов Зафаробод тумани ҳокими вазифасига 2021 йил 19 январ куни тайинланган. Унгача 2019 йил октябрдан Жиззах вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган) «URGAZ CARPET» МЧЖ билан нотўғри шартнома тузишган. Яъни табиий чим ётқизилиши керак бўлган стадион учун сунъий чим олишган.

Унинг таъкидлашича ҳозирги кунда Зафаробод туман ҳокимлиги туман марказидаги стадионда реконструкция ишларини олиб борган ва унга сунъий чим қопламоқчи бўлган барча масъулларнинг ишини тафтиш қилиш учун вилоят ҳуқуқни мухофаза қилиш органларига хат тайёрлаяпти.

«Чим Ургутдан қандай келган бўлса, ўрами билан шундай турибди. Аммо яроқсиз аҳволга келган. Ургутдаги корхона вакилларига олиб кетинглар десак олиб кетмаяпти. Бу стадионга сунъий чим қопламоқчи бўлганларни мен халқнинг, бюджетнинг пулини беҳудага сарфлаган деб биламан. Сабаби, вилоят спорт ва футбол ташкилотлари, шунингдек футбол федерацияси сунъий чимга рухсат бермас экан. Сунъий чим фақат мини стадионларга мос тушаркан, катта стадионларга эмас. Ҳозир вилоят ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига хат тайёрлаяпмиз. Улар стадион реконструкцияси бўйича суриштирув олиб боради. Бу ерда ургутлик тадбиркорнинг айби йўқ. У ўз пулини олиш керак. Лекин мен бюджет пулини бермайман. Тадбиркорнинг пулини стадион реконструкциясини нотўғри амалга ошириб, бюджет талон-тарожлигига қўл қўйган мутасаддилар тўлайди», деди Нодирбек Ражабов.

Қизиғи, Нодирбек Ражабов Зафаробод туманига ҳоким этиб тайинлангунча, бу туман масъуллари «URGAZ CARPET» МЧЖ мутасаддиларидан фақат муддат сўрашган ва қарзни албатта тўлашларини билдиришган. Нодирбек Ражабов туман ҳокими этиб тайинлангач «URGAZ CARPET» МЧЖга пул тўлай олмаслигини, корхона хоҳласа маҳсулотларини қайтариб олиб кетиши мумкинлигини билдиради.

Гувоҳи бўлганимиздек, суднинг қонуний кучдаги ҳал қилув қарори бўла туриб, туман ҳокими уни тўраларча ижро қилгиси йўқ. МИБ эса ҳар доимгидек ҳокимлик олдида ўзини ожиз сезмоқда.

Ваҳоланки, Тегишли қонуннинг 4-моддасига кўра агар ундирувчи банкда ҳисобварақлари мавжудлиги ҳақидаги маълумотларга эга бўлса, пул маблағларини ундириш тўғрисидаги суд ҳужжати талаблари баён этилган ижро ҳужжатини ундирувчи бевосита ана шу банкка ёки бошқа кредит ташкилотига юбориши мумкин.

Ҳокимлик маҳаллий бюджетнинг эгаси, пули йўқ ташкилот эмас, МИБда эса унинг ҳисобварағини хатлаш ваколати бор. Фақат бунга хоҳиш ва юрак керак бўлади.

Яна бир маълумот, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-1-моддаси иккинчи қисмига кўра базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан кўп миқдордаги суммани ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатининг ушбу ҳужжатнинг ихтиёрий равишда ижро этилиши учун белгиланган муддатда қарздор томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаслиги мансабдор шахсларга БҲМнинг ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Агар қонунлар ишлаганида эди ижро ҳужжатини ижро этмаётган ҳоким маъмурий жавобгарликка тортилган, тадбиркор эса ўзининг ҳақини аллақачон ундириб олган бўлар эди.

Гувоҳи бўлганингиздек, қонунлар эмас, ҳокимнинг ихтиёри ва кайфиятига қараб бошқариладиган Зафарободда тадбиркорнинг ҳуқуқлари поймол этилиб, давлат раҳбарининг маҳаллий ҳокимлар тадбиркорларни қўллаб-қувватлаши кераклиги ҳақидаги гаплари Зафарободда тескарисига «ижро» қилинмоқда.

Ғайрат Йўлдош,
Kun.uz мухбири.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид