Ўзбекистон | 19:38 / 05.03.2024
9601
2 дақиқада ўқилади

Бухоро ва Зафаробод туманларига янги ҳокимлар тайинланди

Ромитан тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Анваржон Очилов Бухоро туманига, Пахтакор тумани ҳокими ўринбосари Ғайратжон Эшпўлатов эса Зафаробод туманига ҳоким этиб тайинланди.

Халқ депутатлари Бухоро тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирок этган сессияда ташкилий масала кўрилган. Туман ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Ҳалим Сафаров лавозимидан озод этилган.

“Тан олиш керак, туманнинг олдинги раҳбари Ҳалимжон Сафаров бошчилигида ҳудудда қисқа муддатда кенг қамровли ишлар амалга оширилди. У билдирилган ишончни оқлаш учун фидойилик билан ишлади, жонкуярлик кўрсатди. Унинг раҳбарлигида барча соҳаларда ўсиш кузатилди. Аммо кейинги пайтда Ҳалимжон Сафаровнинг соғлиги ёмонлашгани зиммасига юклатилган вазифаларни самарали бажариш имкониятини чеклаб қўйди. У соғлиғи ёмонлашгани муносабати билан туман ҳокими лавозимидан озод этишни сўраб, ариза билан мурожаат қилди”, деган сессияда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов.

Шундан сўнг вилоят ҳокими Ҳалимжон Сафаровни Бухоро тумани ҳокими лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарорни ўқиб эшиттирган.

Шунингдек, сессияда Очилов Анваржон Зубайдуллоевич Бухоро тумани ҳокими лавозимига тасдиқланган. У бунгача Ромитан тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

(Анваржон Очилов)

Эслатиб ўтамиз, Ҳалим Сафаров 2023 йил 8 август кунидан Бухоро тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётганди.

Шунингдек, Жиззах вилоятининг Зафаробод тумани ҳокими ҳам ўзгарди. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматига кўра, бугун халқ депутатлари Зафаробод тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилган.

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев сессияда Зафаробод тумани ҳокими лавозимига тавсия этилган номзод Ғайратжон Эшпўлатовни таништирган.

(Ғайратжон Эшпўлатов)

Ғайратжон Эшпўлатов шу вақтгача Пахтакор тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

2022 йил август ойида Зафаробод тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Ўткир Раҳмонов лавозимидан озод этилган

Мавзуга оид