Ўзбекистон | 12:01 / 16.08.2024
9572
3 дақиқада ўқилади

Сенат ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари видеоларини «обрўсизлантириш мақсадида» тарқатишни тақиқловчи қонунни рад этди

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг фото ва видеоларини уларни обрўсизлантириш мақсадида интернетда тарқатганлик учун жазо белгилашни кўзда тутувчи қонун сенаторлар томонидан маъқулланмади. Ҳужжат қайта кўриб чиқиш учун қайтарилди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги

Олий Мажлис Сенатнинг эллик бешинчи ялпи мажлисида «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди

Ушбу ҳужжатда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари фаолиятига оид тасвирларни «обрўсизлантириш мақсадида» тарқатганлик учун жавобгарликни назарда тутилганди. Сенаторлар қонунни маъқулланмади ва  қайта қўриб чиқиш учун қайтарди. Энди парламент палаталарининг келишув комиссияси тузилади.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаровнинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини обрўсизлантириш мақсадида видеолавҳалар эълон қилишни тақиқлаш ва жарима балларига оид нормаларни “такомиллаштириш зарур”.

Эслатиб ўтамиз, қонун 2023 йил 28 ноябрда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинганди. Унда ҳуқуқ органлари ходимларининг фото ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш мақсадида интернетда тарқатганлик учун 50 БҲМ (17 млн сўм) жарима ёки 15 сутка (15 суткагача эмас) маъмурий қамоқ жазоси кўзда тутилган. 

Фаол жамоатчилик, хусусан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Дониёр Ғаниев ва Бобур Бекмуродов бу нормани очиқлик сиёсатига зид деб баҳолаган эди.

Дониёр Ғаниевнинг фикрича, агар шундай меъёр қабул қилинса, бу – фуқароларнинг ички ишлар органлари ходимларига нисбатан бўлган “ҳурмати ўрнини қўрқув, ишончини шубҳа, севгиси ўрнини нафрат эгаллашига хизмат қилади”,

 “Эртага улар мана шу нормани суиистеъмол қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқларини бузиш учун бошқа мақсадларда фойдаланишлари ва уларга қўпол муносабатда бўлишлари мумкин”, – деганди Ғаниев парламентдаги муҳокамада.

Бобур Бекмуродовнинг фикрича, ривожланган давлатларнинг тажрибалари етарли асос бўла олмайди.

“Чунки бу давлатларда бундай чекловлар бўлиши билан бирга, ҳар бир фуқаро хоҳлаган пайтда ўша полиция ходимининг бодикамерасидаги тасвирини олиш ҳуқуқи ҳам кафолатланган. Бизда эса бу қонунда бу кафолат киритилмаган.

Бундан ташқари, амалдаги қонунчиликка кўра, МЖтКнинг 202-2-моддасида шахсни обрўсизлантириш мақсадида унга тегишли ахборотларни тарқатишни чеклайдиган нормалар бор. Бу – ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига ҳам тегишли. Яъни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар учун алоҳида норма белгилашда мантиқ йўқ”, – дея таъкидлаганди депутат ўз видеомурожаатида.

Мавзуга оид