Жамият | 20:00 / 28.08.2025
10633
4 дақиқада ўқилади

Андижонда Жалақудуқ тумани ҳокими ўринбосари қамоққа олинди

У Экология бошқармаси раҳбарларидан бири билан тил бириктириб, фермер устидан судга даъво аризаси киритмаслик эвазига, унинг далаҳовлисини ўз қариндоши номига ўтказиб олишга уринган.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати Андижон ва Наманганда коррупция билан боғлиқ ҳолатлар аниқлангани ҳақида хабар берди.

Андижон вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг раҳбарларидан бири ҳамда Жалақудуқ тумани ҳокими ўринбосари ўзаро тил бириктириб, мазкур тумандаги балиқ етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликда аниқланган 4,1 млрд сўмлик зарар бўйича судга даъво аризаси киритмаслик, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан зарар миқдорини 10 баробарга оширилган ҳолда ундириш чораларини кўрмаслик, текширув тадбирларини тўхтатиш бўйича фермер хўжалик раҳбари томонидан Андижон туманлараро маъмурий судига киритилган даъво аризасини қўллаб-қувватлаш эвазига фермерга тегишли бўлган Хонобод шаҳридаги 10 сотихли далаҳовлини ҳоким ўринбосари қариндоши номига ўтказиб беришни талаб қилишади.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда туман ҳокими ўринбосарининг укаси фермер хўжалик раҳбаридан далаҳовлининг кадастр ҳужжаларини олиб, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусда ушбу кўчмас мулкни ўзининг турмуш ўртоғи номига расмийлаштириб олаётган вақтида фош этилди.

Ҳолат юзасидан туман ҳокими ўринбосари ҳамда вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси мансабдорига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Бошқа ҳолатда эса Кадастр агентлиги Давлат кадастрлар палатасининг Андижон вилоятидаги туманлардан бирининг филиали бошлиғи хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқаронинг ишончига кирган. У туман захирасида бўлган 17 сотих тошлоқ ер майдонини нотурар жой сифатида унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Шу каби қонун бузилиши Наманган вилоятида ҳам қайд этилган.

Жумладан, вилоятдаги туманлардан бирининг мактаб ва мактабгача таълим бўлими мудири ҳамда иккита хусусий боғча раҳбарлари ўзаро тил бириктириб, маҳаллий фуқаронинг ишончига кирган. Улар мансабдор танишлари орқали фуқарони бошқа тумандаги давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасаларидан бирига мудира лавозимига тайинлаш эвазига 2500 АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда дастлаб оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларидан бирининг раҳбари 2500 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, ундан ушбу пул маблағини олган вақтида иккинчи оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси раҳбари қўлга олинди.

Ўз навбатида у 1000 АҚШ долларини туман мактаб ва мактабгача таълим бўлими мудирига бериши кераклиги аниқланиб, мазкур мансабдор шахс ҳам ушбу пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозир уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди ва 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид