«Москвадаги мудҳиш теракт оқибатида халқаро вазият янада жиддий тус олмоқда» — президент
Дунёдаги мураккаб вазият, Яқин Шарқ ва Ўзбекистоннинг «асосий ҳамкорлари» ўртасидаги можаро муносабати билан иқтисодиёт ва аҳоли даромадларига салбий таъсирни камайтириш муҳим вазифа ҳисобланиши таъкидланган.
Президент Шавкат Мирзиёев халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши сессиясида оғир халқаро вазият ҳақида гапириб ўтди.
Давлат раҳбари сўзининг аввалида мураккаб ва таҳликали замонда яшаётганимиз, Яқин Шарқдаги ва асосий ҳамкорларимиз ўртасидаги можаролар ечим топмаётгани, шу жумладан Москва вилоятидаги мудҳиш теракт оқибатида халқаро вазият янада жиддий тус олаётганини қайд этган.
Бундай мураккаб шароитда иқтисодиётимизга, аҳоли даромадларига салбий таъсирни камайтириш энг муҳим вазифалардан бири экани таъкидланган.
Бунинг учун маҳалланинг иқтисодий заминини мустаҳкамлаш, одамлар даромадини кўпайтириш учун мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш зарурлиги қайд этилди.
«Ҳар қандай бино ташқи таъсирларга бардош бериши учун унинг пойдевори мустаҳкам бўлиши шарт. Мамлакатимиз пойдевори бу – маҳалла. Маҳаллани иқтисодий замини мустаҳкам бўлса, одамларни даромади кўпайиб, яхши яшашга уйи, боласини ўқитишга шароити бўлса, эртанги куни учун хотиржам бўлса, шунда барқарорлик, тараққиёт бўлади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Президент пойтахтда ҳали ишга солинмаган имкониятларни кўрсатиб ўтди.
Жумладан, 979 та ер участкасини аукционга чиқариш, қишлоқ хўжалигидан саноат ва аҳоли пункти тоифасига ўтган 175 гектар ерларни тадбиркорларга бериш орқали янги лойиҳаларни амалга ошириш мумкин.
Пойтахтдаги корхона ва ташкилотларда мавжуд 98 минг бўш иш ўрни – аҳоли бандлигини таъминлаш учун ишга солинмаган имкониятлардан бири. Бундан ташқари, Янгиҳаёт туманида 764 гектар ерда ташкил этилаётган “Янги авлод” махсус саноат зонасида яна ўн минглаб иш ўрни яратиш имконияти бор.
Президент аҳоли даромадини ошириш бўйича қандай ишлаш зарурлигини Юнусобод тумани мисолида тушунтирди.
Сўнгги етти-саккиз йилда пойтахтда, шу жумладан Юнусободда катта ўзгаришлар бўлди. Масалан, бу даврда туманга 1 миллиард 700 миллион доллар хорижий инвестиция киритилди, корхона, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари 3,5 мингтага, иш ўринлари 20 мингтага кўпайди.
Туманда 6 минг хонадонли янги уй-жойлар қурилди, 8 мингта янги ўқувчи ўрни ташкил қилинди, 3 та олийгоҳ очилди. Хусусий боғча, мактаб ва шифохоналар сони бўйича ҳам Юнусобод пойтахтдаги етакчи туманлардан бирига айланди.
Шу билан бирга, Юнусободни чекка қисми билан пойтахтнинг марказий қисмидаги маҳалла ўртасидаги фарқ жуда катта экани, аҳоли даромади ва яратилган шароит бўйича вазият бир хил эмаслиги таъкидланди.
Масалан, тумандаги айрим оилалар ойлик даромадини фақат кун кечиришга сарфлаяпти. Улар ўзи ва фарзандлари келажагига инвестиция киритиш учун маблағ ажрата олмайди.
Иқтисодий комплекс ташкилотларида бу борада таҳлил йўқлиги, турли молиявий инструментлар орқали бу оилалар даромадини оширишни ўйлаб кўрмагани қайд этилди.
Мавзуга оид
16:13 / 20.11.2024
«Крокус»да теракт содир этганликда айбланаётганлар яна 3 ой ҳибсда қолади
15:47 / 10.11.2024
Москва областига дронлар ҳужум қилди
15:12 / 09.11.2024
Покистондаги станцияда теракт: 24 киши ҳалок бўлди
10:10 / 02.11.2024