Ўзбекистон | 18:59 / 12.09.2020
25213
6 дақиқада ўқилади

«Вазирлик рақамларни яширишдан умуман манфаатдор эмас» – Фурқат Санаев коронавирус статистикасига шубҳалар бўйича изоҳ берди

Бугунги куннинг энг баҳсли, кўпчилик эътирозига сабаб бўлаётган ахборотларидан бири бу коронавирусга чалинганлар, даволанаётганлар сони, айниқса, бу касаллик туфайли келиб чиқаётган ўлим кўрсаткичлари бўйича рақамлардир.

Шу кунларда «Халқ сўзи» газетасининг онлайн нашрида ҳам «Бор ҳолатни яширишдан ким манфаатдор — Ўзбекистонда коронавирусни юқтирганларнинг аниқ сони қанча?» сарлавҳали мақола эълон қилинган, унда Қашқадарё вилояти мисолида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят миқёсида эълон қилинаётган фактлар бир-бирига мос келмаётгани билдирилиб, расмий статистика шубҳа остига олинган эди.

Вазиятга ойдинлик киритиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев билан бевосита суҳбат уюштирдик.

– Фурқат ака, тан олиш керак, расмий статистикага кўпчилик шубҳа билан қараяпти. Бу борадаги фикрларни ўзингиз, қолаверса раҳбарият билан кузатиб боряпсизларми?

– Албатта, фаолиятимиз давомида аҳоли орасида, хусусан виртуал оламда кечаётган муҳокамаларни кузатиш муҳим ўрин тутади. Бугун айрим ижтимоий тармоқларда коронавирусдан даволанаётганлар сони Соғлиқни сақлаш вазирлиги бериб бораётган расмий статистикадан кўра кўпроқ экани ҳақида айтилмоқда.

Бир нарсани бошиданоқ айтишни истардим – ССВ рақамларни яширишдан умуман манфаатдор эмас. Қолаверса, шахсан давлат раҳбарининг ўзи бу борада аниқ маълумот бериш зарурлигини алоҳида эслатиб қўйган. Биз ҳам давлат раҳбарини, ҳам халқни алдаб нима қилдик?

Энди бевосита шубҳалар туғилиши сабабларини яна бир бор эслатиб ўтсам.

Энг аввало, шуни билишимиз керак, коронавирус билан боғлиқ статистикага фақат махсус лаборатор тиббий текширувлар орқали касаллиги тасдиқланган беморларгина киритилади.

Касалликнинг айрим симптомлари мавжуд бўлиб, касаллик гумон қилинган, лекин инфекция тасдиқланмаган, шунингдек, пневмонияга чалинган ёки унга ҳам гумон қилинган беморлар, табиийки, умумий расмий статистикада ҳисобга олинмайди. Аммо юқумли касалликларга ихтисослашган ва юртимизнинг қатор ҳудудларида ташкил этилган Саралаш ва тақсимлаш марказларида бундай беморлар ҳам стационар шароитда даволанишлари учун зарур шароитлар муҳайё қилинган. Ҳозирда улар шундай масканларда даволанишмоқда.

– Лекин рақамлар барибир ўз сўзини айтяпти, айнан ўша марказлардаги беморлар сони анча юқорилиги кўз юмиб бўлмайдиган факт.

– Тўппа-тўғри. Биз ҳам бу фактдан кўз юмиш истагида ҳам эмасмиз. Юқорида айтганимдай ҳудудлардаги саралаш ва тақсимлаш марказларида даволанаётган беморлар сони ўша жойдаги коронавирусдан касалланганларнинг расмий сонидан ортиқ экани ҳам муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Мамлакатимиздаги Саралаш ва тақсимлаш марказлари ўз номидан ҳам маълум, коронавирусга тахмин қилинган ёки унинг аломатлари бўлган беморларни қабул қилади. Касаллик тасдиқланса улар дарҳол расмий статистикада қайд этилади ва юқумли касалликлар шифохоналарига йўналтирилади. Табиийки, у ерда коронавирус тасдиқланмаган, лекин бошқа касалликлардан азият чекаётган беморлар ҳам жуда кўп. Шуларнинг ҳисобига шифохоналардаги беморлар сони коронавирусдан даволанаётган беморларнинг вазирлик эълон қилаётган расмий миқдоридан фарқли эканини кўриш мумкин.

– Алоҳида масала – ўлимлар бўйича рақамлар. Бу борада иккита асосий эътироз бор. Биринчиси, бир киши айнан коронавирусдан ўлгани аниқ, касаллик ҳам қайд этилган, лекин бу ҳол ўша кунга расмий статистикага тиркалмайди. Иккинчиси, касаллик факти маълум, лекин ўлим сабаби сифатида бошқа омиллар кўрсатилади.

– Ҳар икки ҳолат бўйича ҳам батафсил тушунтириш берилган. Биринчисида, айтайлик беморнинг жони 12 сентябрь куни кеч соат 20:00да узилди. У билан боғлиқ ҳужжатлар расмийлаштирилгунча, марҳумнинг жасади белгиланган тартибда ўрганилиб, паталоганатом хулосалари олингунча кейинги кунга ўтилади. Рақамлар вилоятлар миқёсида тўпланади ва расмий ҳужжат сифатида марказга узатилади. Марказда ҳам маълум муддат давомида тўпланиб, ҳисоб-китоб қилиниб, шундан кейингина расмий ва умумий статистика эълон қилинади.

Энди ўша бемор атрофида вазиятни бевосита кузатиб турганлар дарҳол кечаги статистика билан танишадилар (чунки улар бу борада аниқ маълумотга эгалар ва хабарларни кузатиб турадилар) ва ўзларига тегишли бемор акс этмаганини кўриб, ижтимоий тармоқларда шубҳа-гумонларини ошкор қилишни бошлайдилар. Ҳолбуки, бу бемор кейинги кун статистикасида акс этади, лекин унгача ноғора қоққанлар кейинчалик «андак шошибмиз» дейишни, табиийки, унутишади.

Яна бир жиҳат – ўлим ҳолатини қайд этишнинг ҳам ўз қонун-қоидалари бор. Кимнидир ўлган деб қайд этиш бир қанча ўрганишларга асосланади ва маълум вақт талаб қилади. Бу борада ҳам (айниқса машҳур шахслар билан боғлиқ ҳолатларда) шошма-шошарлик билан ахборот эълон қилиш ва маълумотлар зиддияти кўп кузатилади.

Иккинчиси, ўлим сабаби бўйича эътирозларга ҳам аниқ жавоб бор. Тиббиётда ўлимни қайд этишнинг умумжаҳон қабул қилинган қоидалари мавжуд. Коронавируснинг ўзи беморни бевосита ўлдирмайди! Бемор шу вирус юқишидан келиб чиқаётган асоратлар туфайли нобуд бўлиши мумкин ва бу борада якуний ҳужжат мурдани ёриб кўрган паталоганатом хулосасига асосан берилади.

Яъни, ўлим сабаби сифатида «ўпка, жигар, юрак етишмовчилиги» деган атамалар эълон қилинса, дарҳол шуни кўрсатиб айюҳаннос солиш тўғри бўлмайди.

Сўзим якунида хулоса сифатида бир нарсани таъкидламоқчиман – вазирликка беморлар сонини яширишдан наф йўқ. Оддий мантиққа ҳам тўғри келмайдику бу? Бир одамнинг бу дунёни тарк этиши унинг атрофидаги, оиласидаги ўнлаб инсонларнинг қайғусига сабаб бўлади. Уларнинг ғамини ошириб, биз барака топармидик?! Давлат беморлар сонига кўра ресурс ажратади, биз ўзимиз аниқ рақамларни яшириб, ўзимизга муаммо қилишимизнинг нима кераги бор? Шундай экан, бундай мураккаб вазиятда ўзаро ишонч асосида ишлаш жуда муҳим.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид