Ўзбекистонда Стратегик ривожланиш агентлиги ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев махсус фармонни имзолаган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан Стратегик ривожланиш агентлиги ташкил этилади, деб хабар бермоқда Telegram’даги «Нигоҳ» канали.
Қайд этилишича, янги агентликни тузишдан мақсад мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ёндашувларни такомиллаштириш, ҳудудлар ва тармоқларнинг жадал ривожланишини таъминлаш учун уларнинг инвестициявий жозибадорлиги ва рақобатбардошлигини оширишдир.
Стратегик ривожланиш агентлигининг асосий вазифалари сифатида тармоқлар ва ҳудудлар кесимида инвестицияларни жалб этиш ва лойиҳаларни амалга оширишнинг стратегик масалаларини ўрганиш, инвестиция фаолиятининг истиқболли тармоқлари ва йўналишларини аниқлаш ва бошқалар белгиланмоқда.
Маълум бўлишича, агентлик фаолиятининг устувор йўналишларини, самарадорлигининг асосий кўрсаткичларини, унинг фаолияти билан боғлиқ бошқа қарорларни Ўзбекистон Президенти раислигидаги Стратегик ривожланиш агентлигининг кенгаши тасдиқлайди.