Ўзбекистон | 22:20 / 12.01.2022
13131
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 2022 йилда 9,5 млрд доллар тўғридан тўғри инвестиция киришини кутмоқда

Президент ҳузурида инвестиция, экспорт ва стратегик ривожланиш масалалари муҳокама қилинди. Расмий маълумотга кўра, 2021 йилда Ўзбекистонга 8,1 млрд доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция киритилган. 2022 йилда бу кўрсаткич 9,5 млрд доллар бўлиши режа қилинган.

Фото: Президент матбуот хизмати

12 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Стратегик ривожланиш агентлиги фаолияти муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Расмий релизга кўра, Ўзбекистонда 2021 йилда жами 10 миллиард доллардан ортиқ, жумладан, 8,1 миллиард доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилган. Бунинг натижасида 318 та йирик ва 15 мингдан зиёд ҳудудий лойиҳа амалга оширилиб, 273 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилган.

Янги корхоналар жами 1 миллиард доллардан зиёд экспорт ва 530 миллион долларлик импорт ўрнини тўлдириш имкониятига эга.

Таъкидланишича, коронавирус пандемияси иқтисодий жараёнларга ҳамон жиддий таъсир ўтказаётганига қарамай, экспортда изчил ўсишга эришилмоқда. Хусусан, 2020 йилда мамлакатда экспорт миқдори 9 миллиард доллардан ошган бўлса, 2021 йилда 12 миллиард долларни ташкил этган. Эътиборлиси, бунда тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улуши сезиларли кўпайган.

2022 йилда 9,5 миллиард доллардан зиёд тўғридан тўғри хорижий сармояларни ўзлаштириш, 282 та йирик ва 9 мингдан ортиқ ҳудудий лойиҳаларни ишга тушириш мўлжалланган. Экспорт ҳажмини 14 миллиард долларга етказиш ҳисоб-китоб қилинган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда мутасаддилар ушбу кўрсаткичларни тармоқ ва ҳудудлар кесимида таъминлаш чора-тадбирлари бўйича ахборот берди.

Давлат раҳбари ҳар бир инвестиция лойиҳасини доимий назоратга олиб, ташаббускорларга кўмаклашиш ва ўз вақтида ишга тушириш бўйича топшириқлар берди.

Туризм, тиббиёт ва машинасозлик тармоқлари, ҳудудлардан Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Хоразм вилоятларида хорижий инвестицияларни жалб қилиш даражаси пастлиги кўрсатиб ўтилди. Шу боис улар бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқиб, қўшимча сармоялар йўналтириш вазифаси қўйилди.

Шавкат Мирзиёев ишлаб чиқаришни ва саноат кооперациясини ривожлантириш масаласига ҳам эътибор қаратди. Маҳаллий маҳсулотлар турини кўпайтириш, бу борада тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича топшириқлар берилди.

Топшириққа кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган товарларни ўзлаштирган маҳаллий корхоналар маҳсулотлари кафолатли харид қилинади. Бу жараёнга ҳоким ёрдамчиларини ҳам жалб этиш муҳимлиги айтилди.

Аҳоли турмуш сифатига бевосита таъсир кўрсатадиган таълим, тиббиёт, сув таъминоти, йўл ва бошқа инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда шаффофликни таъминлаш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Соғлиқни сақлаш соҳаси, Оролбўйи минтақаси учун траст фонди каби ижтимоий муҳим йўналишларга хорижий грантлар жалб қилиш муҳимлиги айтилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Президент матбуот хизмати хабарида бу борадаги тафсилотлар келтирилмаган.

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев президент сайлови олдидан халқ билан учрашувларда ҳар бир туманда лойиҳа гуруҳлари ва холдинг компаниялари ташкил этилишини айтган. Йиғилишда шу тизимни жорий этиш борасида қилинаётган ишлар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Президент лойиҳа гуруҳлари мутахассисларини бир тизим ва методология асосида ишлашга ўқитиш кераклигини айтди.

Йиғилишда экспорт масаласи ҳам таҳлил қилинди. Бу борадаги прогнозларни бажариш учун саноатга алоҳида аҳамият қаратиш, қўшимча имкониятларни ишга солиш зарурлиги қайд этилди.

Маълумки, президентнинг 2021 йил 19 июлдаги фармонига мувофиқ, Стратегик ривожланиш агентлиги ташкил этилган эди. Бу агентликка инвестицияларни жалб этиш ва лойиҳаларни амалга оширишнинг стратегик масалаларини ўрганиш, инвестиция фаолиятининг истиқболли йўналишларини аниқлаш, халқаро тажриба асосида иқтисодиёт тармоқларини ислоҳ қилиш ва ҳудудларнинг инвестиция салоҳиятини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш каби кўплаб вазифалар юклатилган.

Йиғилишда мазкур агентликнинг тузилмаси, шу кунгача қилинган ишлар ва жорий йилги режалар ҳақида ахборот берилди.

Айтилишича, бугунги кунда агентлик бошқармалари шакллантирилган, уларга етакчи хорижий университетларда ўқиган, ташаббускор ва билимли мутахассислар жамланган.

Агентликнинг бу йилги режаси 18 та муҳим тадбирдан иборат. Инвестиция лойиҳаларини илгари суришнинг янги механизмини жорий этиш, яширин иқтисодиётни қисқартириш орқали инвестиция муҳитини яхшилаш, инвестиция муҳити бўйича ҳудудлар рейтингини йўлга қўйиш, тадбиркорларнинг тизимли муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилиш бўйича онлайн платформани ишга тушириш, Жаҳон банки билан биргаликда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш шулар жумласидан.

“Бу агентлик инвестиция ҳажмини кенгайтириш ва экспорт салоҳиятини оширишга замин яратади. Шу боис, ҳудуд ва тармоқларни стратегик ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиш, бунга хориждан малакали мутахассис ва маслаҳатчиларни ҳам жалб қилиш керак”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Стратегик ривожлантириш бўйича методология яратиб, уни ҳар бир ҳудуд ва тармоқда жорий қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Мавзуга оид