Жаҳон | 16:52 / 06.08.2025
6289
8 дақиқада ўқилади

Трамп Россия нефтига қарши. АҚШ президенти нега яна Ҳиндистонга таҳдид қилмоқда ва у Кремлнинг даромадларини қисқартира оладими?

Фото: EPA

Доналд Трамп Ҳиндистон заводлари санкциялар остидаги Россиядан арзон нефт харид қилишда давом этадиган бўлса, ушбу мамлакатни жазолаш билан таҳдид қилди. Бу Трамп дунёдаги энг йирик демократия ҳамда авторитар Хитойнинг ривожланаётган дунёдаги энг асосий рақибига биринчи бор ҳужум қилиши эмас. Бу Ҳиндистон, Россия ва нефтнинг жаҳон нархларига қандай хавф туғдиради?

Украинага босқин туфайли Россиянинг асосий экспорт маҳсулоти Америка ва Европа санкциялари остида қолгач, Ҳиндистон Россия нефтининг асосий харидорига айланган. Ғарб Россия нефтини сотиб олмайди, аммо ундан ишлаб чиқарилган нефт маҳсулотлари жаҳон бозорига чиқарилишига ва бундан фойдани Кремл эмас, Ҳиндистон каби дўстона мамлакатлар олишига қарши эмас.

Экспертлар огоҳлантирганидек, ялпи эмбарго бўлмаган бундай чала чоралар Россиянинг нефтдан оладиган даромадларига путур етказа олмади ва уни Украинага босқинни давом эттириш учун керак бўладиган пуллардан маҳрум этолмади.

Трамп Оқ уйга иккинчи муддатга қайтганида, урушни бир кун ичида тўхтатишга ваъда берганди – бу амалга ошмади. Ярим йил давомида Владимир Путин билан келишишга беҳуда уринишлардан сўнг, у унинг савдо ҳамкорларига санкциялар билан босим ўтказишга қарор қилди, чунки АҚШ Россиянинг ўзига қарши барча мумкин бўлган санкцияларни аллақачон киритиб бўлганди.

Бундай ҳамкорларнинг биринчиси ва асосийси – Хитой. Аммо у билан Трампнинг алоҳида ҳисоб-китоби бор ва сўнгги ҳафтада Америка президенти Ҳиндистонга эътибор қаратди. Нима учун?

Ҳиндистон Трампнинг нишонига айлангани бежиз эмас. АҚШ – дунёнинг энг йирик ривожланган иқтисодиёти, Ҳиндистон – сайёрадаги энг йирик ривожланаётган демократия. Ҳиндистон икки стулда ўтиришга ҳаракат қилмоқда ва АҚШ ва Россия ўртасида мувозанатни сақламоқда.

Бир томондан, Ҳиндистон Америкага iPhone ва дастурчиларнинг асосий етказиб берувчисидир. Бошқа томондан, у Ғарбга қарши БРИКС блокига кирган, Россиядан арзон нефтни мамнуният билан сотиб олади ва кўпинча Россия қуролларини Америка қуролларидан афзал кўради. Бундан ташқари, Ҳиндистон Америка товарларига энг юқори импорт божларини қўллаган.

Буларнинг барчаси биргаликда Трампнинг тариф ғазаби учун идеал яшин қайтаргичдир. Бу ғазаб ўзини узоқ куттирмади.

Ўтган ҳафта Трамп бутун дунё билан савдо урушининг биринчи босқичини сарҳисоб қилди. Ҳиндистон мағлублар қаторида бўлди.

Трамп Ҳиндистондан АҚШга барча импортни 25 фоизлик тариф билан солиққа тортди. Таққослаш учун, Трамп Европадан товарлар сотиб олгани учун америкаликларга 15 фоиз, Британиядан эса 10 фоиз солиқ солган.

Путин 2024 йил июлида Москва яқинидаги Ново-Огаревода Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан қучоқлашиб кўришмоқда. Фото: EPA

Жума куни Трамп Ҳиндистон Россия нефтини сотиб олишдан воз кечишга қарор қилгани ҳақида «эшитгани» ва бу мақтовга лойиқлигини айтди. Шанба куни Американинг етакчи нашрлари New York Times ва Bloomberg номи ошкор этилмаган ҳиндистонлик раҳбарларга таяниб, бундай эмаслиги ҳақида хабар тарқатди.

Душанба куни уйғониши биланоқ Трамп Ҳиндистонни Россиядан арзон энергия ташувчиларга бўлган одатидан қайтариш учун ҳинд товарларига божни ошириш билан таҳдид қилди.

«Ҳиндистон нафақат катта ҳажмда Россия нефтини сотиб олади, балки бу нефтнинг катта қисмини очиқ бозорда катта фойда билан сотади. Уларга Украинада рус ҳарбийлари қанча одамни ўлдираётгани муҳим эмас. Шу муносабат билан Ҳиндистон АҚШга тўлайдиган тарифни сезиларли даражада ошираман», – деб ёзди Трамп ўзининг ижтимоий тармоғида.

У янги тариф қандай бўлиши, у қачон кучга кириши ва Ҳиндистон қандай шартларни бажарган тақдирда ундан қутулиб қолиши мумкинлиги ҳақида аниқ маълумот бермаган.

Буёғига нима бўлади?

Ҳиндистон ҳукумати бир мунча вақт ўзини вазиятга ҳеч қандай таъсир ўтказа олмайдигандек кўрсатиши мумкин. Россиядан нефтни ҳукумат сотиб олмайди. Хомашёни нефт компаниялари импорт қилади, улардан фақат биттаси давлатники.

Америка санкцияларининг асосий эҳтимолий объекти – Гужарот штатининг Вадинар портидаги нефтни қайта ишлаш заводи. Мамлакатдаги учинчи йирик нефтни қайта ишлаш заводи Ҳиндистоннинг Nayara Energy хусусий компаниясига тегишли. Унинг 50 фоиздан сал камроқ улуши Россиянинг «Роснефт» давлат компаниясиники ҳисобланади.

Июл ойида Европа Иттифоқи ушбу заводга қарши санкциялар киритди.

Бироқ, ҳатто Европа Иттифоқи санкциялари ҳам ярим йиллик ўтиш даврини назарда тутади, бу даврда нефтни қайта ишлаш заводлари Россия нефтидан ишлаб чиқарилган бензин ва дизелнинг янги харидорларини топиши мумкин. Бундан ташқари, Трампнинг таҳдидлари фонида завод бир неча ой олдиндан нефт захирасини тўплади, деб хабар берди Bloomberg ҳафта охирида нефт трейдерларига таяниб.

Шу пайтгача Трамп нефт санкцияларига қарши эди. У июн ойида Россия нефти нархининг юқори чегарасини пасайтиришни қўллаб-қувватламади. У америкаликларга бензин арзонлашишини ваъда қилган ва ҳозирча шундай бўлиши учун ҳамма нарсани қилмоқда.

Путин Моди ва Хитой раҳбари Си Жинпинг билан 2024 йилда Қозонда бўлиб ўтадиган БРИКС саммитида

Трамп июл ойида Эронни бомбардимон қилишга буйруқ берганида, Эрон режимига асосий даромад келтирадиган маҳсулот нефт бўлишига қарамай, бомбалар ядровий объектларга ташланди, аммо нефт объектларига эмас. Трамп жаҳон бозорига нефт етказиб беришни кўпайтириш талаби билан Саудия Арабистони (бу АҚШдан кейин иккинчи ўринда турувчи давлат) қироллик саройига бир неча бор қўнғироқ қилган.

Ўтган ҳафта охирида Саудия Арабистони бошчилигидаги ОПЕК+ ташкилоти (нефт экспорти бўйича учинчи ўринда турувчи Россия ҳам унинг таркибига киради) жаҳон бозорига етказиб беришни кўпайтиришга қарор қилди.

Натижада, ҳозирда жаҳон нефт нархларига жиддий таъсир кўрсатмасдан Россия нефтини жаҳон бозорига етказиб беришни тўхтатиш учун ҳар қачонгидан ҳам қулай шароитлар пайдо бўлди. Чунки Трампнинг савдо уруши ва божлар, шу жумладан Ҳиндистонга қарши божлар жаҳон иқтисодиёти ўсиши секинлашишини, яъни нефтга бўлган талаб ўсиши секинлашишини башорат қилмоқда.

Бундан ташқари, нархлар пасайиши америкалик нефтчиларга зарар етказади. Араб мамлакатлари ёки Россиядан фарқли ўлароқ, Америкада нефт компаниялари давлатники эмас, хусусий ҳисобланади. Улар нефт қиммат бўлгандагина бурғилашади ва қазиб олишади. Нархлар паст бўлса, улар ишлаб чиқаришни тўхтатади.

Шу сабабли, жаҳон бозорида нефт нархи пасайиши Трампга Америкага зарар етказмаган ҳолда Россияга босим ўтказиш учун ноёб имконият беради. Аммо бунинг учун у нафақат Ҳиндистонга, балки Россиянинг арзон нефтининг иккинчи асосий харидори – Хитойга ҳам эътибор қаратиши керак бўлади.

Ҳозирча эса Трампнинг ижтимоий тармоғида бу ҳақда бир оғиз ҳам гап бўлмади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид