Жаҳон | 14:17 / 09.04.2022
51617
15 дақиқада ўқилади

СССРнинг мағлубиятга тенг «ғалаба»си: Совет-фин урушида аслида ким ғолиб бўлганди?

Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, 1939 йил 30 ноябрда СССР Финландияга бостириб киради. Уруш ниҳоясида СССР жуда катта армия билан ҳам ғалаба қозона олмайди. 105 кун давом этган урушдан сўнг ҳар икки мамлакат ўртасида тинчлик шартномаси имзоланади. Унга кўра Финландия 11 фоиз ҳудудини СССРга бериб, ўз мустақиллигини сақлаб қолади.

Кўпчилик бор-йўғи 105 кун давом этган Совет-фин уруши ҳақида батафсил маълумотларга эга эмас. СССР даврида, у парчаланиб кетгач Россия тарих китобларида ҳам асосий урғу фашизм устидан қозонилган ғалабага қаратилади. Совет-фин урушида мақтанадиган нарсанинг ўзи йўқлиги учун бу ҳақида узуқ-юлуқ маълумотлар бериш билан чекланишади.

Совет-фин урушининг энг аҳамиятли томони шундаки, СССРнинг жуда катта армияси финларнинг сон жиҳатдан бир неча баробар кам бўлган қўшини устидан батамом ғалаба қозона олмайди. Айрим тарихчилар совет армиясининг Фин урушида муваффақиятсизликка учраганини ва ғалаба қозона олмаганини кўриб, Ҳитлер СССРга ҳужум қилишга қарор қилган, деган фаразни илгари суришади. Нима бўлганда ҳам, бу урушда фин халқи босқинчиларга мардонавор қаршилик кўрсатади ва айрим чегарадош ҳудудларини СССРга бериб бўлса-да, ўз мустақиллигини сақлаб қолади.

Бугун собиқ иттифоқ ҳудудида яшаётган кўпчилик Иккинчи жаҳон уруши 1941 йил 22 июнда бошланган деб билади. Аслида у 1939 йил 1 сентябр куни бошланган. Ўшанда СССР ва Германия армияси Полшага бостириб кирган эди. Ундан кейин иккита иттифоқдош давлат Чехословакия ва Руминияни биргаликда босиб олиб ўзаро тақсимлашади. Сўнг СССР Финландияга ҳужум қилади.

Молотов-Риббентроп пакти ва Шарқий Европанинг босиб олиниши

1939 йил 23 августда Москва шаҳрида нацистлар Германияси ва совет иттифоқи ўртасида ўзаро ҳужум қилмаслик бўйича шартнома имзоланади. Бу шартнома ҳар икки давлат ташқи ишлар вазирлари Вячеслав Молотов ва Иоахим фон Риббентроп томонидан имзолангани учун у «Молотов-Риббентроп пакти» деб номланади.

Молотов ва Риббентропнинг ана шу учрашувида фашистлар Германияси ва СССР томонидан Шарқий Европа давлатларини биргаликда босиб олиб, ўзаро тақсимлаш масалалари ҳам яширинча келишиб олинади. Келишувга кўра, СССР Болтиқ денгизи бўйида жойлашган Латвия, Литва, Эстонияни тўлиқ, Финландия, Полша, Чехословакия ва Руминиянинг бир қисмини олиши, қолган ҳудудларга Германия эгалик қилиши керак эди.

Фото: www.alamy.com

Совет иттифоқи фашистлар Германияси билан тузилган шармандали бу келишув тафсилотларини узоқ йиллар давомида барчадан яшириб келади. СССР парчаланиб кетгач, келишувнинг асли оммага ошкор бўлади.

Шартнома имзолангандан 1 ҳафта ўтиб 1939 йил 1 сентябр куни Германия армияси Полшага бостириб киради. Нацистлар Полшанинг асосий қисмини босиб олгач, орадан 17 кун ўтиб, 1939 йил 17 сентябр куни совет армияси Полшага шарқдан ҳужум бошлайди. СССРда бу босқинчилик уруши «Қизил армиянинг қардош халқлар ҳимояси учун ҳаракатлари», деб номланади.

1939 йил 28 сентябр куни нацистлар армияси Варшавани эгаллайди. Ана шу куни Москвада СССР ва Германия ўртасидаги чегара ва дўстлик шартномаси имзоланади. Шартномада томонлар Полшани қандай тарзда бўлиб олишни келишиб олишади. 6 октябр куни Полша армияси батамом таслим бўлади.

СССР Полшадан босиб олинган ҳудуднинг бир қисмини Украинага, яна бир қисмини Беларусга қўшиб беради. Яна бир қисми эса ўша пайтда ҳали мустақил давлат бўлган Литвага тортиқ қилинади.

Фото: livejournal.com

Полша бўлиб олингач совет армияси Чехословакиядан Ғарбий Украинанинг яна бир қисмини, Руминиядан Молдавияни тортиб олади ва бу ҳудудлар СССРга қўшилади. Шундан сўнг навбат Финландияга келади.

СССРнинг Финландияга қўйган талаблари

1939 йил 5 октябр куни «баъзи бир сиёсий масалалар»да музокара ўтказиш учун Финландия ташқи ишлар вазири ва мудофаа вазирлиги қўмондонларидан иборат вакиллар Москвага чақирилади. Ана шу музокараларда Финландияга бир қанча оғир шартлар қўйилади.

Жумладан:

1. Финландия ўз чегарасини Ленинграддан 90 километр нарига суриши ва ўртадаги ҳудудни СССРга бериши;

2. Ҳанко яриморолида 30 йиллик ижара билан СССР ҳарбий-денгиз базасини жойлаштириши учун ер берилиши;

3. СССР ҳарбий денгиз кучларига Ҳанко яриморолидаги Лаппохя портидан фойдаланиш имкониятини тақдим этиши;

4. Болтиқ денгизидаги Гогланд, Лавансаари, Тютярсаари ва Сейскари оролларини СССРга бериши;

5. Ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақида совет-фин пактини имзолаш ва учинчи томон бостириб кирганда бир-бирига ҳарбий ёрдам бериш;

6. Ҳар иккала давлат ҳам Карелия бўйнидаги истеҳкомлардан қурол-яроқларини олиб чиқиб кетиши ва шу каби бир қанча талабларни қўяди.

Фото: АиФ

Финландия ҳукумати бу талабларни қабул қила олмас эди. Қолаверса, мамлакат парламенти ва советларнинг оғир талаблари ҳақида хабар топган фин халқи ҳам уларнинг бажарилишига қарши чиқади.

1939 йил 31 октябр куни СССР Олий кенгашида нутқ сўзлаган ташқи ишлар вазири Молотов Финландия СССРга ҳужум қилишни режалаштираётган учинчи давлатга Карелия бўйнидан Ленинградга ҳужум қилиш учун имконият яратиб бериши мумкинлигини ва бунга йўл қўйиб бўлмаслигини айтади.

Совет-фин музокараларининг иккинчи босқичи 3 ноябрда бошланади ва унинг аввалида фин делегацияси советлар қўйган талабларни бажара олмаслигини маълум қилади. Шу тариқа музокаралар боши берк кўчага кириб қолади. 9–12 ноябр кунлари ўтказилган музокаралар ҳам натижасиз тугайди. Москва ўз талабларида қаттиқ туриб олади, финлар эса ён беришни хоҳламайди.

Уруш арафасида томонларнинг ҳарбий қудрати

1939 йилда Финландия қуролли кучлари таркибида аскарлар ва ҳарбий техникалар сони советларники билан солиштирганда бир неча баробар кам эди. Аммо уруш бошлангач Буюк Британия, Франция ва АҚШ финларга салмоқли ҳарбий ёрдам кўрсатади. Аммо шунда ҳам фарқ жуда катта бўлиб қолаверади. Масалан, ўшанда СССРда қарийб 1500 та танк бўлса, финларда бор-йўғи 64 дона бўлган.

СССРда биргина ҳарбий самолётлар сони 1000 донадан ошиқ бўлса, финларда фуқаро авиациясида хизмат қилаётганлари билан қўшиб ҳисоблаганда 100 тага ҳам етмаган. Шу сабаб уруш бошлангач Буюк Британия ва Нидерландия қарийб 200 та самолёт етказиб берган.

Ўша пайтда СССРда қарийб ярим миллион ҳарбий бўлган бўлса, финларда 50 мингдан ошиқ бўлган. Кейинчалик улар СССР бажариб бўлмас талаб қўйган пайтда уруш эҳтимоли туфайли аҳолини ҳарбий хизматга чақира бошлаган ва аскарлар сонини 200 минг нафардан оширган.

Урушнинг бошланиши

1939 йил 26 ноябр куни СССР чегара ҳудудларидан бирида фин аскарлари совет ҳудудини артиллерия билан ўққа тутгани ҳақида Финландия ҳукуматига норозилик нотасини юборади. Аслида эса чегарада бундай ҳодиса бўлмаган, бу Финландияга бостириб кириш учун бир баҳона эди. Табиийки, финлар англашилмовчилик бўлганини ва чегара ҳудудларидан СССРга ўқ узилмаганини маълум қилади.

Орадан 7 кун ўтиб 29 ноябр куни Финландиянинг Москвадаги элчиси ташқи ишлар халқ комиссариатига чақирилади ва унга сўнгги нота топширилади. Элчига Ҳелсинкидан совет элчилари чақириб олинаётгани ва фин элчихонаси ходимлари ҳам зудлик билан Москвани тарк этишлари лозимлиги айтилади.

Эртасига, 30 ноябр куни эрталаб совет армияси Ленинград яқинида чегарани кесиб ўтиб Финландияга бостириб киради. Шу тариқа совет-Фин уруши бошланади. СССРда совет қўшинларининг Финландияга бостириб киришини «фин халқини капиталистлардан қутқариш учун олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатлар», деб тарғибот қилишади.

Фото: Rus.Team

Жумладан, уруш бошлангач Ленинград ҳарбий округи қўмондони Кирилл Мерецков ва Ленинград област партия қўмитаси биринчи секретари Андрей Жданов «Биз Финландияга босқинчилар сифатида бормаяпмиз. Балки фин дўстларимизни капиталистлар ва помешчиклар зулмидан озод қилиш учун боряпмиз», дейишганди.

Уруш бошлангач вазият Москвада режалаштирилгандай бўлмайди. Гарчи Финландия армияси кичик ва яхши қуролланмаган бўлса-да, босқинчиларга қаттиқ қаршилик кўрсатади. Қолаверса, оддий аҳоли ҳам совет армиясига қарши партизанлик урушини бошлаб юборади. Шу туфайли совет қўшинлари томонидан Финландияни босиб олиш ёки унинг кўпроқ ҳудудларини қўлга киритишнинг иложи бўлмайди.

Ўшанда нафақат Финландия армияси ва финлар, балки уруш кетаётган жойда яшаётган кареллар ҳам босқинчи совет армиясига қарши чиқишади.

СССР Финландияга бостириб киргандан бир неча кун ўтиб босқинчи давлат сифатида Миллатлар лигаси ташкилоти аъзолигидан ҳайдалади. Жаҳондаги аксарият давлатлар СССРнинг бу босқинчилик урушини қоралаб чиқишади.

Фото: alamy.com

СССР армияси қишнинг совуқ кунларида жуда катта йўқотишлар эвазига Финландиянинг озгина ҳудудини эгаллайди. Сўнг эгалланган ҳудудларда Финландия демократик республикаси тузилгани эълон қилинади. Қисқа кунларда янги давлатга қўғирчоқ раҳбар тайинланади, ҳукумат шакллантирилади. Сотқинлар Москвада советлар қўйган талабларга розиликларини билдириб, СССР билан сулҳ тузиш учун музокараларни бошлаб юборишади. Бу ёқда эса қақшатқич жанглар кетаётганди.

Бундан ташқари, советлар «Фин халқ армияси» тузилганини эълон қилишади. Аслида эса бу армиянинг таркиби Ленинград ҳарбий округи аскарларидан иборат эди.

Янги тузилган давлатни ҳеч ким тан олмайди. Бироқ Финландия армияси гарчи Европанинг бир қанча давлатларидан ҳарбий ва гуманитар ёрдам берилаётган бўлса ҳам совет армияси ҳужумига охиригача дош бера олмаслиги аниқ эди. 1940 йил 13 март куни совет армияси оғир жанглардан сўнг Финландиядаги иккинчи йирик шаҳар Виборгни қўлга киритади. Шундан сўнг Финландия ҳукумати мамлакат мустақиллигини сақлаб қолиш учун советлар билан тинчлик сулҳи учун музокаралар ўтказишга рози бўлади.

Сулҳ музокаралари

Март ойига келиб икки томоннинг армияси ҳам ҳолдан тояди. Финлар ўзларидан бир неча баробар кўп бўлган совет қўшинига қарши охиригача тура олмаслигини англаб турарди. Советлар эса баҳорда ҳамма ёқ ботқоқликларга айланган Финландияда барча қўшинларини ташлаб ҳам олдинга силжий олмас эди. Ана шундай вазиятда икки томон учун ҳам сулҳ тузиш энг мақбул иш бўлиб кўринади.

Фото: alamy.com

1940 йил 7 март куни музокара ўтказиш учун Москвага Финландия делегацияси келади. 12 май куни эса икки томон тинчлик шартномасини имзолайди.

Тинчлик шартномасига кўра совет қўшинлари томонидан эгалланган Ладога кўлининг шимол ва ғарб томонидаги ерлар СССРга ўтади. Шунингдек, Финландия шимолий-шарқидаги Лапландия вилоятининг Салла шаҳрига туташ ҳудудлари ва шимолда, Мурманск вилояти билан чегарадош бўлган ерларни ҳам советлар олади. Шу тариқа Финландиянинг Шимолий муз океанига чиқиш йўли тўсилади. Бундан ташқари, Фин кўрфазидаги Гогленд ороли ва Ҳанко яримороли советларга берилади (Ҳанко яримороли 1944 йилнинг 19 сентябрида Финландияга қайтариб берилади).

Шу тариқа, Финландия жами 40 минг километр квадрат ер майдонидан, Виборг, Сортавала ва Кексҳолм (ҳозирги Приозёрск) шаҳарларидан ва яна кўплаб қишлоқларидан айрилади. СССРга берилган ҳудудда 227 та катта ва кичик корхона, жумладан, йирик целлюза ишлаб чиқариш корхонаси ва 19 та ГЭС бор эди.

Ўшанда финлар СССРга жами 11 фоиз ҳудудини беришга мажбур бўлади ва шу йўл билан ўз мустақиллигини сақлаб қолади. Акс ҳолда воқеалар ривожи СССР Финландияни тўлиқ босиб олиб иттифоқдош республикага айлантириши ёки мамлакатга қўғирчоқ раҳбар тайинлаб, уни Москвадан бошқариши эҳтимоли катта эди.

Финландия ўз ҳудудининг бир қисмини СССРга беришга мажбур бўлган бўлса-да, ўртада тузилган тинчлик шартномаси бу давлат учун ғалаба сифатида баҳоланади. Гарчи финлардан анча ер олиб қўйилган эса-да, сулҳ Москва учун ғалаба эмас эди. Шу сабабли ўшанда кўпчилик уруш советларнинг муваффақиятсизлиги ва мағлубияти билан якун топган деб ҳисоблайди.

Совет армиясининг муваффақиятсизлигига сабаб бўлган омиллар

Босқинчи совет армиясининг бу урушда катта муваффақиятсизликка учрашига энг биринчи ноқулай об-ҳаво сабаб бўлади. Уруш бошлангандан 2–3 ҳафта ўтиб Финландияда қалин қор ёғади ва ҳаво ҳарорати кескин совиб кетади. Жойларда совуқ –40 даражага етади.

Фото: alamy.com

1940 йил феврал ойигача ҳаво ҳарорати –23 даражадан юқорига кўтарилмайди. СССРнинг турли ҳудудларидан ҳарбий хизматга чақирилган совет аскарлари бундай совуққа умуман дош бера олмайди ва уларнинг маълум бир қисми музлаб ҳалок бўлади.

Иккинчи сабаб эса совет армиясига қарши қақшатқич жанглар олиб борган фин партизанлари эди. Улар қўлбола қуроллар ёрдамида совет армиясига катта талафотлар етказишади. Масалан, улар шишага ёнилғи қуйиб тайёрланадиган «Молотов коктейли»дан урушнинг охиригача ярим миллион дона тайёрлаб совет танкларига қарши ишлатишади.

Учинчи сабаб Финландиянинг географик жойлашуви ва табиати эди. Финландия армияси ва фин партизанларига қалин ўрмон билан қопланган ўз ерларида совет армиясига қарши жанг қилиш бирмунча осон эди. Улар совет аскарларига нисбатан совуққа чидамлироқ эдилар. Қолаверса, совет армияси ноқулай табиий шароит туфайли озиқ-овқат, ёнилғи ва ўқ-дори таъминотида жиддий муаммоларга дуч келади.

Фото: alamy.com

Феврал ойининг охири, мартнинг бошларида эса фронтнинг жанубий қисмида қорлар эрий бошлайди ва ҳамма ёқ ботқоқликка айланади. Ана шу омиллар туфайли совет армияси фронт линияларида умуман олдинга силжий олмай қолади.

Томонларнинг талафотлари

Совет томони маълумотларига кўра, бу урушда Финландия ҳарбийлар ва тинч аҳолини қўшиб ҳисоблаганда жами 49 минг нафар одамини йўқотади. Қарийб 159 минг киши ярадор бўлади. Финландиянинг расмий маълумотларида эса 20–40 минг атрофида одам ҳалок бўлган. Яна 40 минг одам яраланган.

НКВДнинг расмий маълумотларида советлардан бор-йўғи 1341 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани, 320 нафари бедарак йўқолгани, СССР жами 2500 нафар ҳарбийларини йўқотгани қайд этилган. Кейинчалик бу урушда СССР 95 минг ҳарбийларини йўқотгани маълум қилинган. Шундан 65 минг аскар жангларда, 16 минг аскар ҳоспиталларда ҳалок бўлгани, 14 минг ҳарбий бедарак йўқолгани айтилган.

Фото: alamy.com

СССР Мудофаа вазирлигининг совет-фин урушидаги йўқотишлар бўйича тузган рўйхатида ҳарбийларнинг 71 минг нафари жангларда, 16,2 минг нафари ҳоспиталларда ҳалок бўлгани, 39,3 минг аскар эса бедарак йўқолгани қайд этилган. Жами йўқотишлар эса 126 минг нафарни ташкил этган.

Бундан ташқари, СССР бу урушда ўзининг кўплаб ҳарбий техникаларидан, жумладан, танклар, самолётлар ва бронтехникаларидан айрилган. Қисқа қилиб айтганда, гарчи Москвадагилар ўзларини финлар билан олиб борилган урушда қўлга киритилган ерлар ҳисобига ғолиб санашган бўлишса-да, аслида мағлубиятга учраганди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид