Жамият | 18:55 / 05.08.2024
13752
4 дақиқада ўқилади

Яна бир “кўча гуруҳи”га ҳукм ўқилди

Саидаҳмадхон Маҳмудхўжаев суд ҳукми билан 11 йил озодликдан маҳрум қилинди. У билан судланган яна 8 киши турли муддатларга озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш жазоларига тортилган. Улар асосан товламачилик, босқинчилик, зўрлик ишлатиб, ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш каби жиноятларда айбланганди.

Фото: Тошкент шаҳри ИИББ

Саидаҳмадхон Маҳмудхўжаев ва яна 8 кишига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, судланганлар асосан товламачилик, босқинчилик, зўрлик ишлатиб, ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларни содир қилишган.

Жумладан, Саидаҳмадхон Маҳмудхўжаев Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “в” банди (кўп миқдорда товламачилик), 229-моддаси (ўзбошимчалик) ва 276-моддаси 2-қисми “а” бандида (кўп миқдорда гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, эгаллаш, ташиш ёки жўнатиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Суд ҳукмига кўра, қолган судланувчиларга қуйидагича жазо тайинланган:

  • Умаров Аваз Раҳимович – (1967 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-қисмида (тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилган оғир ёки ўта оғир жиноят ҳақида аниқ билгани ҳолда хабар бермаслик) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган;
  • Умаров Ойбек Аваз ўғли – (1991 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган;
  • Абдуллаев Аҳрор Равшан ўғли – (1991 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган;
  • Умаров Дилмурод Рустамович – (1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва унга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган;
  • Салимбеков Азамат Авазжонович – (1988 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган;
  • Аҳмедов Шохрух Қаюмжон ўғли – (2000 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 138-моддаси 2-қисми “а” банди (жисмоний азоб берган ҳолда зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш), 164-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда босқинчилик) ва 165-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони қаттиқ тартибли колонияда ўтаттириш белгиланган;
  • Эркинов Фозил Искандар ўғли - (1997 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми ва 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган;
  • Турсунов Сарвар Сойибжон ўғли - (1991 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 138-моддаси 2-қисми “а” банди, 164-моддаси 4-қисми “а” банди ва 165-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазо қаттиқ тартибли колонияда ўтаттириш белгиланган.

Жиноят иши доирасида 2 киши айбсиз деб топилиб, реабилитация этилган.

40 ёшли Саидаҳмадхон Маҳмудхўжаев ўтган йилнинг декабр ойида жиноят олами вакилларига қарши ўтказилган тезкор тадбирлардан бирида қўлга олинганди.

Олдинроқ “Саидазиз медгородок” номи билан танилган Саидазиз Саидалиев 20 йилга озодликдан маҳрум этилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид