Ўзбекистон | 09:23 / 30.04.2019
4279
5 дақиқада ўқилади

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентлари тасдиқланади

Фото: Shutterstock

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан қуйидагилар:

Фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти;

Пенсия ва нафақа тайинланганлиги ҳолати тўғрисидаги маълумотнома бериш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги “Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази” ДУК Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда 2019 йилнинг 1 августига қадар:

маъмурий регламентлар бўйича давлат хизматларини Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жорий этилишини таъминлайди;

ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатларни кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этади;

бола туғилганда бериладиган нафақа ва дафн маросими учун нафақалар тайинлаш юзасидан мурожаатлар бўйича давлат хизматлари кўрсатиш жараёни тўлиқ автоматлаштирилишини таъминлаш мақсадида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси маълумотлар базасини “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизими  билан интеграция қилиниши таъминлайди;

пенсиялар тайинланганлиги ҳолати ва уларнинг тўлови миқдорлари тўғрисидаги маълумотномаларни бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш жараёни тўлиқ автоматлаштирилишини таъминлайди.

Фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига кўра, давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали бола туғилган кундан бошлаб 6 ой муддат ичида мурожаат қилинган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси томонидан кўрсатилади ва нафақа пули АТ “Халқ банки”нинг тегишли филиаллари томонидан тўланади.

Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади.

Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса, мустақил равишда мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон тарзда тўлдиради.

Сўровнома тўлдирилгандан сўнг, ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, сўровномани ўз ЭРИси билан тасдиқлайди.

Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли имзолар идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқланиши мумкин.

Давлат хизмати кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.

Сўровномада нотўғри маълумотларнинг кўрсатилиши ёки уни тасдиқлашни рад этилиши давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.

Ариза берувчилар давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда унинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади.

Ариза берувчи Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этганда, унинг сўровномаси Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилгач, 5 дақиқа мобайнида ваколатли органга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга юборилади.

Ваколатли орган томонидан сўровнома келиб тушгандан сўнг 5 дақиқа мобайнида нафақа пули тайинланади ёки рад этилади ҳамда бу ҳақидаги маълумотни тегишли Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХПга электрон тарзда юборади. Нафақа тайинлаш рад этилганлиги ҳақидаги маълумотда рад этиш сабаблари кўрсатилади.

Ваколатли орган нафақа пулини тайинлаган тақдирда, тўлов қайдномаларини шакллантириб, сўровномада келтирилган АТ “Халқ банки”нинг тегишли филиалига юборади ҳамда нафақани банкнинг қайси филиалидан ва қачон олиши мумкинлиги тўғрисидаги маълумотни (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) Давлат хизматлари марказига ёки (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ариза берувчига ЯИДХП орқали электрон тарзда юборади.

Давлат хизматлари маркази маълумот келиб тушгандан сўнг 5 дақиқа мобайнида ариза берувчини хабардор қилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид