12:04 / 01.02.2022
41899

Фирдавс Абдухолиқов ЎзЭОАВМА раислигидан кетди. Унинг ўрнини Шерзодхон Қудратхўжа эгаллади

Шерзодхон Тожиддинхон ўғли Қудратхўжа Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқарув раиси лавозимига сайланди.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг аъзолари умумий йиғилишида ассоциация раиси Фирдавс Абдухолиқов ўз хоҳишига биноан лавозимидан озод этилди.

Фото: Uzreport TV

Абдухолиқов 2019 йил сентябридан буён Кинематография агентлиги («Ўзбеккино») бош директори ҳам ҳисобланади.

UzReport хабар беришича, унинг ўрнига Шерзодхон Қудратхўжа тайинланди. Шу муносабат билан у Халқаро пресс-клуб раислигидан кетган. 

Фото: Uzreport TV

Шерзодхон Қудратхўжа 2018 йил майидан буён Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори ҳисобланади. У университет ректори сифатида фаолиятини давом эттиради.

Фирдавс Абдухолиқов 2003 йилдан, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ташкил этилганидан буён ташкилот раиси эди. Унинг лавозимдан кетиши қизи Амира Рашидова раҳбарлигидаги «Севимли» телеканали атрофида рўй берган можародан кейин рўй берди.

Ўтган ойда ушбу телеканалдаги «Сабрия» сериалида ахлоқсиз саҳна эфирга узатилгач, Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовнинг аралашуви билан телеканал бош директори ва бош муҳаррири вазифасидан бўшатилди.

Мазкур воқеа фонида давлат буюртмаларини олган «Севимли» телеканали Абдухолиқовнинг оила аъзоларига тегишли экани маълум бўлди. Ҳолат юзасидан текширув ўтказган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви борлигини тасдиқлади. Айни пайтда ҳолат юзасидан прокуратура ўрганиш ўтказмоқда.

Маълумот учун, Фирдавс Абдухолиқов кино соҳасида ваколатли давлат органини 2019 йилдан буён бошқариб келмоқда.

Top