Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Экология, медиамакон ва дипломатия. 2025 йилги Ўзбекистон – фаоллар нигоҳида
Ортда қолган йилнинг энг тренддаги мавзуси – экологик муаммоларнинг илдизи аслида анча чуқурда, дейди профессор Шерзодхон Қудратхўжа. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга кўра, давлат раҳбари бу йил мустақил Ўзбекистон тарихида рекорд даражада кўп хорижий сафарларга чиққан. Медиа соҳаси эксперти Беруний Алимов эса сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятни барқарор деб баҳолади.
Экологик инқироз ва ҳукуматнинг реакцияси
2025 йилда ўзбекистонликлар экологик инқироз билан юзма-юз келди. Журналист Шерзодхон Қудратхўжа бу вазиятда ҳукуматнинг тадбиркорларни жазолаш эмас, уларга муқобил ечимлар таклиф қилганини ижобий баҳолади:
«Ўзбекистон учун, биз учун бу Яратгандан ҳам огоҳлантириш бўлди. Ҳукуматимизга эса кескин чораларни кўриш учун жиддий туртки берди. Тандир бузиш ҳолатларига ўхшаган ҳолатлар ҳам бўлди. Бу муаммонинг илдизлари биз баъзида ўйлаганчалик юзада эмас, анча чуқурда. Урбанизация, аҳолимизнинг кўп қисми шаҳарларга кўчди. Иккинчиси, иқтисодимиз – мана, ялпи ички маҳсулот бу йил 145 миллиард бўлди.
Экологик вазиятга ҳукуматимиздан дарров реакция бўлди, Президент администрацияси раҳбари ўзлари ҳамма жойга чиқди, икки-уч кун комиссиянинг тунги рейдлари бўлди. Лекин менга битта ёққан жойи, агар эски давр бўлганда ҳавони ифлослаган шахсларни қамарди-қўярди ёки катта жарима қиларди. Бу ерда эса ечим берилди, тадбиркорларга муқобил вариантлар таклиф этган ҳолда, қўллаб-қувватланди».
Хорижий ташрифларда рекорд
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов 2025 йилда хорижий ташрифлар сони рекорд даражада бўлганини таъкидлади:
«Ўзбекистоннинг 2016 йилга қадар ва ундан кейинги 9 йилликдаги ташқи сиёсатини таҳлил қилдим. Президентнинг биргина 2025 йилдаги хорижий ташрифларининг сони 36 та бўлди. Бу – мустақил Ўзбекистон тарихида мутлақ рекорд.
2005 йилдан 2016 йилга қадар, биринчи президентимиз ўртача бир йилда 5 та, максимум 7 та хорижий сафар қилган. Бу йилнинг ўзида эса 36 та. Бу – фақатгина хорижий ташрифлар, Ўзбекистоннинг ўзига келаётган хорижий юқори делегациялар, давлат раҳбарлари билан қўшилганда, янада кўп аслида».
Сиёсатшуносга кўра, бу статистика мамлакатнинг ташқи сиёсатдаги фаоллигини кўрсатади. 2025 йилги глобал сиёсий жараёнлар эса айнан шундай фаолликни талаб қилади.
Сўз эркинлиги ва медиамуҳит
Медиатаҳлилчи Беруний Алимов сўз эркинлиги нафақат Ўзбекистонда, балки Европа ва ривожланган давлатларда ҳам иллюзияга ўхшаш ҳолатда эканини айтди:
«Европанинг ўзида ҳам, бошқа ривожланган давлатларда ҳам нималар бўлаётганини кўряпмиз. Айнан матбуотнинг ўрни ёки демократия, биз ишониб юрган сўз эркинлиги қанақадир иллюзияга ўхшаб қолган жойлари бўляпти. Марказий Осиё, яъни бизнинг минтақамиз нуқтайи назаридан гапирадиган бўлсак, афсуски, қўшниларимизда бу аҳвол яна ҳам танг. Мисол учун, Қирғизистон журналистикасида бўлаётган гапларни эшитяпмиз, Тожикистон ёки Қозоғистонда ҳам олдинга силжиш бўлаётгани йўқ. Энди, Туркманистон ҳақида маълумотларимиз кам, у ерга бор-йўғи бир марта бориб келганмиз ўтган йил – у ерда ҳатто ижтимоий тармоқлар ишламайди.
Мен битта нарсани хулоса қилдим 2025 йилда: Марказий Осиёнинг таркибий бир қисми сифатида Ўзбекистон ҳеч қачон шок терапияси билан кетмади. Босқичма-босқич ўтиш сўз эркинлиги ва матбуотга муносабат борасида ҳам ўз ифодасини топди».
Тўлиқ суҳбатни Kun.uz'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилинг.
Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
11:08 / 19.12.2025
Ўзбекистонда эко-стикерлар: кимларга шарт эмас ва қандай олинади?
12:58 / 28.11.2025
Экологик қоидабузарлик ҳақида хабар берган фуқарога жаримадан 15 фоиз мукофот берилади
12:51 / 24.11.2025
Йўлларда чанг ва чиқиндиларга қарши: очиқ юк платформаларини ёпиш талаб этиляпти
16:36 / 14.11.2025