Жамият | 22:43 / 04.05.2017
23435
4 дақиқада ўқилади

Репортаж: «Кичик академия»нинг катта ютуқлари

Бугунги кунда улғайиб келаётган ёшларнинг билим даражасини юксалтириш, фанга бўлган қизиқишларини ошириш ва танлаган соҳаси томон тўғри йўналтириш ҳар бир таълим масканининг энг устувор вазифаси ҳисобланади. Тошкент шаҳар Сергели туманидаги 300 сонли Давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби қошида ҳам иқтидорли ўқувчилар салоҳиятини аниқлаб, уларни ўз мақсадлари томон илдам боришига ёрдам бериш мақсадида «Кичик академия» ташкил этилган.

Бугун, 2017 йил 4 май куни 300 мактабнинг «Кичик академияси» томонидан 2016 2017 ўқув йили якуни бўйича анъанавий илмий-амалий ҳисобот фестивали ташкил этилди. Мазкур тадбир «Фикримиз, жасоратимиз, ижодимиз – сенга, Ватан!» шиори остида ўтказилди.

Фестиваль фан олимпиадалари ғолиблари, илмий тадқиқотчилар ва ёш спортчиларнинг тантанали чиқиши билан бошланди ва Ўзбекистон мадҳияси янгради.

«Кичик академия» раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси Малика Абдуллаева кириш сўзида 2016 2017 йилларда ўқувчилар томонидан қўлга киритилган ютуқлар ҳақида ўртоқлашди ва барчани бугунги шодиёна кун билан қутлади.

Фестивалнинг асосий қисмида ўқувчилар томонидан ажойиб саҳна кўринишлари, жонли ижрода айтилган дилтортар куй-қўшиқлар ва рақслар намойиш этилди.

Шуни қайд этиш жоизки, «Кичик академия»да тикувчилик-тўқувчилик соҳасини янада ривожлантиришни мақсад қилган ёш дизайнер қизлар ҳам таҳсил олади. Тадбир давомида улар томонидан намойиш этилган “Миллий ва замонавий либослар дефилеси” меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

«Тошкент – меҳмондўст шаҳар» шиори остида саҳнага чиққан Наманган, Хоразм, корейс, озарбайжон, тожик ва ҳиндча рақслар гулдастаси ўзининг ранг-баранглиги билан кўтаринки кайфият улашди. 

Шунингдек, мактаб ҳовлисида ўқувчилар томонидан ясалган ижодий ишларнинг кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Тадбир сўнгида Ватан мадҳи жаранглаб, академиянинг энг фаол, энг иқтидорли ёшларига махсус совғалар топширилди.

Маълумот ўрнида: 300 сонли ихтисослашган мактаб қошидаги «Кичик академия» ўқувчилар дарслардан сўнг йиғиладиган ижодий, ихтиёрий уюшма саналади. 2005 йилдан бери фаолият юритиб келаётган мактаб академияси 4 йўналишда ишлайди:

1. Фанлар кесимида иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш.
2. Ёш ижодкорлар.
3. Ёш тадқиқотчилар.
4. Спорт ва маданият.

Академиянинг асосий мақсади – ўқувчиларнинг иқтидорини эрта аниқлаб, илмий, ижодий ишлар яратишга ва китоблардан фойдаланиш кўникмаларини оширишга ёрдам бериш.

Бугунги кунда «Кичик академия»нинг ўқувчилари томонидан қўлга киритилаётган ютуқ ва ғалабаларнинг сони ортиб бормоқда. Жумладан, Рустамхонов Шоҳруххон ЭАТР-2017 танлови Республика босқичида 2 ўрин, Фармонов Асадбек ЭАТР-2017 танловининг шаҳар босқичида 1 ўрин ва Информатика фан олимпиадасининг туман босқичида 1 ўрин, Тоҳирова Наргиза карате бўйича 2 карра, муай-тай йўналиши бўйича эса бир карра Осиё чемпионидир. Шунингдек, академиянинг собиқ битирувчилари ҳам катта муваффақиятларга эришиб келмоқда.

Мавзуга оид