Ўзбекистон | 11:45 / 18.05.2026
8210
5 дақиқада ўқилади

“Бошим оғриганда чой қилиб ичиб турардим” – Қашқадарёда ИИБ ходими уйидан марихуана топилди

41 ёшли ходим Кўкдала туманида профилактика инспектори лавозимида ишлаган. У 9 йил аввал Косон туманида ўтказилган “Қорадори” тадбирларида қатнашган. Ўшанда аниқланган марихуана баргидан юлиб олиб, ўз уйида сақлаб келган. Суд профилактика инспекторини наркожиноятда айбли деб топди.

Иллюстратив фото

Қашқадарё вилоятида ИИБ ходими наркожиноятда айбланиб, жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Айблов

Суд ҳукмида келтилишича, Кўкдала тумани ИИБ профилактика инспектори Б.Т. 2016-2017 йилларда Косон туманида ўтказилган “Қорадори” тадбирларида иштирок этган. У ўшанда тадбир жараёнида аниқланган марихуана баргидан юлиб олиб, келгусида ўзи истеъмол қилиш ва бир қисмини ўтказиш мақсадида яшаш хонадонида сақлаб келган.

Марихуананинг 3,4 граммини 2025 йил 10 декабр куни тунда турмуш ўртоғи орқали Қарши тумани ИИБ профилактика катта инспектори вазифасида ишловчи таниши Ж.Н.га ўтказган.

ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ва Қашқадарё вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Ж.Н. бошқарувидаги машинадан 3,4 грамм марихуана топилган.

Шунингдек, Б.Т.нинг яшаш хонадонидан ҳам 8,76 грамм марихуана топилиб, расмийлаштириб олинган.

Сотиш ниятим бўлмаган”

Б.Т. судда айбига иқрорлик билдирмасдан, марихуанани сотиш нияти бўлмаганини, боши оғриганда чой қилиб ичиб келганини айтган.

2016 ёки 2017 йилда Косон туманида “Қорадори” тадбирида иштирок этдим. Ўша вақтда вертолёт орқали қайсидир маҳаллада марихуана етиштирилаётгани аниқланди. Ҳужжатлаштириш жараёнида ўсимликнинг баргидан юлиб олиб, чўнтагимга солиб қўйдим.

Марихуанани сотиш ниятим бўлмаган. 2014 йилда Бухоро шаҳрида ИИБ ходимлари ўртасида ўтказилган самбо кураши мусобақасида бўйин соҳамдан жароҳатландим. Ўшандан буён нерв томирларининг қисилиши оқибатида бошимда кучли оғриқ пайдо бўлган. Марихуанани бошимнинг оғриғини қолдириш мақсадида чой қилиб ичиб келганман”, деган Б.Т. ўз кўрсатмасида.

Шунингдек, у 2025 йил 10 декабр куни Ж.Н. яшаш уйидан марихуана олиб кетмаганини маълум қилган.

Витамин олгандим”

43 ёшли Ж.Н. судда ҳамкасби Б.Т.нинг уйидан ўша куни тунда марихуана эмас, витамин олиб кетганини билдирган.

Ўша куни Б.Т.га қўнғироқ қилиб, ундан “С-4” витамини бор-йўқлигини сўрадим. “С-4” спорт билан шуғулланиш учун энергетик куч берадиган витамин ҳисобланади. Б.Т. менга “С-4” витамини уйида борлигини, борсам турмуш ўртоғи бериб юборишини айтди. Унинг уйига бордим. Б.Т.нинг ўғли витаминни тушириб берди.

Кўпкари ўйинларида кўп қатнашганим сабабли оёғим ва бошимдан тан жароҳати олганман. Оғригани боис муқаддам 2008 йилда бир маротаба нашани чой қилиб ичганман.

2025 йил 5 ёки 6 декабр куни марихуана сотиб олиш учун Telegram’даги бот орқали буюртма бердим. Менга Ғузор тумани йўлида йўл ёқасидаги манзил кўрсатилди. Айтилган манзилга 80 минг сўм қўйдим. Орадан тахминан 5-6 соат вақт ўтиб, ўша жойга бордим ва йўл устидаги тош тагидан бир чекишга етадиган миқдордаги марихуана олиб, ўша вақтнинг ўзида истеъмол қилдим”, деган Ж.Н. суддаги кўрсатмасида.

Жазо

Суд Б.Т. ва Ж.Н.нинг айби гувоҳлар кўрсатмаси, ҳодиса жойини кўздан кечириш баённомаси, фотосуратлар, экспертиза хулосалари ва бошқа далиллар билан тўлиқ ўз исботини топган, деб ҳисоблаган.

ЖИБ Миришкор туман судининг 2026 йил 22 апрелдаги ҳукми билан Б.Т. Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисми ва 276-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 3,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ж.Н. Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, 1,5 йил озодликдан маҳрум этилган.

Б.Т. жазони умумий тартибли колонияда, Ж.Н. эса манзил колониясида ўташи белгиланган.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид