Тошкент шаҳрида енгил табиатли аёлларга “раҳнамолик” қилиб туриш учун пора олган ички ишлар ходими жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжатлари билан танишди.

Раҳнамо” қўлга тушди

Суд ҳукмига кўра, 1993 йилда туғилган С.Б. Яккасарой тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ҲПБ профилактика катта инспектори лавозимида ишлаб келган. У ўзига бириктирилган ҳудудда ижарада яшовчи аёлдан туманнинг Дамариқ маҳалласидаги хонадонлардан бирида интим хизматлар кўрсатувчи фоҳишаларга нисбатан чора кўрмаслик эвазига ҳар ойда 400 доллар пора беришни талаб қилган.

Профилактика инспектори бу пул эвазига фоҳишаларга “раҳнамолик” қилишни, шунингдек, уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган “Орият” тадбирлари ҳақида огоҳлантириб туришни ваъда қилган.

С.Б. 2025 йил 28 ноябр куни ДХХ ва ИИВ ШХББ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аризачи аёлдан талаб қилган 400 долларини олганда ушланган. Шу куни унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Биринчи марта олишим эди”

С.Б. судда айбига қисман иқрор бўлган ҳамда аризачидан аввал пул олмаганини билдирган.

Аризачидан биринчи марта пул олишим эди. Ундан аввал ҳеч қачон у билан мулоқотга киришмаганман. Уларнинг интим хизматларидан фойдаланмаганман. Аризачидан ёш қизлари ҳақида сўраганимнинг сабаби, улар орасида вояга етмаганлари бор ёки йўқлигини билмоқчи бўлгандим.

400 долларни фақат ўз эҳтиёжим учун сўраганман. Раҳнамолик қилиш ва маъмурий баённома тузмаслик эвазига пора талаб қилмаганман. Менда уларга нисбатан маъмурий баённома тузиш учун асос мавжуд бўлмаган. Аризачининг ўзи менга ўтказиладиган фоҳишалик тадбирлари ҳақида огоҳлантириб туриш эвазига пора таклиф қилган”, дея кўрсатма берган С.Б.

Шунингдек, у пулни янглишиб олганини, қилмишидан пушаймонлигини айтиб, суддан енгиллик сўраган.

Келиб жинсий алоқа қилиб турарди”

Судда аризачи аёлнинг кўрсатмаси бошқачароқ бўлган. У профилактика инспектори маъмурий баённома расмийлаштирмаслик учун фоҳишалар “хизматидан” ҳам фойдаланиб турганини айтган.

Фоҳишалик учун шароит яратиб бериш, яъни тадбирлар бўлса хабардор қилиб туриш, маъмурий баённома расмийлаштирмаслик эвазига баъзи вақтларда келиб, қизлар билан жинсий алоқа қиларди. Бундан ташқари, баъзи вақтларда пул кераклигини айтиб, мендан 200 минг сўмдан 400 долларгача пул олиб турган.