Ўзбекистон | 21:02 / 08.09.2021
25484
5 дақиқада ўқилади

Айрим мактабларга 1-синфларга аталган Президент совғаси етиб бормади

Ўзбекистон бўйлаб кўплаб мактабларда 1-синфга қабул қилинган ўқувчилар “Биринчи қўнғироқ” кунида Президент совғаларини ола олмади.

Фото: Халқ таълими вазирлиги

6 сентябрь, душанба куни Ўзбекистоннинг 10 083 та умумтаълим мактабида анъанавий шаклда дарслар бошланди. Бу йил мактабларнинг 1-синфига 600 мингга яқин бола қабул қилинди.

Халқ таълими вазирлиги ахборотида уларга 12 турдаги ўқув қуроллари, мактаб сумкаси ва дарсликлар мажмуасидан иборат Президент совғалари топширилгани айтилади, бироқ расмий хабарда барча ўқувчилар ҳам Президент совғасини ололмагани ҳақида ёзилмаган.

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги 1-мактабда 1-синф ўқувчилари ўқув йилининг илк кунинини Президент совғасисиз бошлашгани ҳақидаги сурат тарқалди. Маълум бўлишича, республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам шундай ҳолат кузатилган.

Kun.uz турли ҳудудларда суҳбатлашган фуқаролар, шунингдек, ижтимоий тармоқларда изоҳ ёзиб қолдирган ота-оналар ўқув қуроллари тўлиқ таркибда эмаслигини айтди.

Тўпламларда рангли қаламлар, пенал ва дарсликлар йўқлиги, клей қотиб қолганидан у билан ҳеч нарсани ёпиштириб бўлмаслиги айтилмоқда. Айрим ҳолатларда ўқув қуроллари ҳали етиб келмагани боис болаларга фақат дарсликнинг ўзини тарқатишга тўғри келган.

Халқ таълими вазирлиги ҳолатга қуйидагича изоҳ берди.

“Афсуски, пандемия янги ўқув йили бошланишининг сўнгги кунигача баъзи ота-оналар томонидан фарзандларининг ҳужжатларини топширишини кечиктирди, шу билан бирга, баъзи етказиб берувчиларнинг кечикишига ҳам олиб келди. Бу эса ўз-ўзидан совғаларни ҳисоб-китоб қилишда ва тўлиқ қилиб етказишда муаммоларни юзага келтирди.

Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан вазиятни тўғри қабул қилишларини ва тез кунда совғалар ҳар бир болага етиб бориши таъминланишини маълум қилади. Совғалар ичидаги баъзи етмай қолган ўқув қуроллари жойига қайтадан етказилиб, тарқатилади.

Бир ҳафта давомида мазкур ҳолат тўлиқ инвентаризация қилиб чиқилади, агар шундан сўнг ҳам фарзандингизга совға ёки дарслик етиб бормаса, Халқ таълими вазирлигининг (71) 202-09-09 ишонч телефон рақамлари орқали мурожаат қилишингиз сўралади”, – дейилади вазирлик ахборотида.

Тартибга кўра, Президент совғаси таркибидаги папка, ўқув қуролларини етказиб бериш учун ҳар ўқув йили бошланиши арафасида тендер ўтказилади. Бу тендерни Халқ таълими вазирлиги қошидаги “Ўқув таълим-таъминот” ДУК ўтказади.

Kun.uz тендерда қатнашган “Nurxamkor-Plyus” ХК ва “Tyan-Shan Sport Jihozlari” МЖЧ корхоналарига юридик хизмат кўрсатувчи юрист Неъмат Шердонаев билан суҳбатлашди.

“Бу йилги тендер 3 босқичда, май-июнь ойларида ўтказилди. Унда 50 га яқин корхоналар қатнашди. Ажабланарлиси, тендер охирига етмасдан йирик корхоналар бирин-кетин тендердан чиқиб кета бошлади. Бу соҳада тажрибаси кам ёки умуман бўлмаган кичик фирмалар ғолиб бўлди. Аввалига ҳеч нарсага тушунмадик. Менда ва тендерда қатнашган бошқа корхона вакилларида, табиийки, саволлар туғилди. Нима сабабдан бу фирмаларга ишониляпти?

Шаффофликни назорат қилувчи комиссия аъзоларига саволларимиз борлигини айтдик. Аммо “Ўқув таълим-таъминот” ДУК вакиллари тендер холис ўтаётгани тендер ўтаётган хонадаги назорат камералари орқали назорат қилиб турилганини айтишди. Аммо камера ортида ким назоратга олаётганини бизга айтиб беришолмади. Монополияга қарши қурашиш қўмитаси вакили ва Халқ таълими вазирлигининг Молия бўлимидан ҳеч ким йўқ эди. Демак, тендерни ўтказаётган “Ўқув таълим-таъминот” ДУКни ҳеч ким назорат қилмаяпти, дея тахмин қилиш мумкин.

Биз каби йирик корхоналарни турли асоссиз сабаблар билан тендердан четлаштиришди. Шу тариқа тендерда кичик корхоналар ғолиб бўлди. Уларга тартиб бўйича буюртма суммасининг 15 фоизи олдиндан тўлаб берилди. 15-20 кун ичида буюртмани етказиб бериш талаби қўйилади. Табиийки, улар буюртмани ўз вақтида бажара олишмади. Чунки улар ишончли эмас, соҳада кўп йиллик тажрибаси йўқ. Қайси асосга кўра бундай корхоналарга шундай масъулият юкланди?

Ижтимоий тармоқда ота-оналар норозилиги ҳолатнинг ижобий эмаслигини тасдиқлаб турибди. Баъзи ҳудудларга Президент совғаси умуман етиб бормаган, борлари ҳам сифатсиз, айрим ўқув қуроллари умуман етказиб берилмаган.

Энг қизиғи шундаки, тендердан ўтган кичик цехлар вакиллари буюртмани бажара олишмагани учун “Ўқув таълим-таъминот” ДУК бизга ёрдам сўраб мурожаат қилишяпти. Сабабини сўрасак, кичик корхоналар умумий буюртма суммасининг 15 фоизини олиб, кейин ўз-ўзидан йўқ бўлиб қолаётгани, буюртма бажарилмаётганини айтишди”, – дейди корхона ҳуқуқшуноси.

Эслатиб ўтамиз, 7 сентябр куни Қашқадарё вилоят Халқ таълими бошқармаси вилоятда 1-синфга борган ўқувчиларнинг ярмидан кўпига президент совғаси берилмаганини маълум қилганди.

Муҳаббат Маъмирова,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид