Самарқандда авторақамлар аукционга чиқарилмаяпти: муаммо нимада?
Самарқандда бир неча кундан буён вилоятда рўйхатда ўтган автомашиналар учун чиройли авторақамлар савдога чиқарилмаяпти. Ўрганишларимиз бу онлайн ишлайдиган тизим такомиллаштиришга муҳтож эканини кўрсатди.
Аввалроқ Самарқандда автомашиналарни давлат рўйхатидан ўтказиш гувоҳномаси бериш борасида муаммолар юзага келган эди. Энди эса автомобил соҳибларига чиройлироқ рақам йўқ.
Пойтахтда мўл-кўлчилик, ҳудудларда-чи?
Avtoraqam.uzex.uz онлайн савдо майдончасида республиканинг қолган барча 13 та ҳудудига тегишли авторақамлар савдога чиқарилган. Айниқса, Тошкент шаҳрига тегишли бўлган ва савдога чиқарилган авторақамлар сони 21 мингдан ортади.
Савдога чиқарилган авторақамлар қолган ҳудудлар бўйича:
- Тошкент вилояти: 4396
- Сирдарё вилояти: 710
- Жиззах вилояти: 521
- Фарғона вилояти: 547
- Наманган вилояти: 178
- Андижон вилояти: 1232
- Қашқадарё вилояти: 403
- Сурхондарё вилояти: 1781
- Бухоро вилояти: 288
- Навоий вилояти: 148
- Хоразм вилояти: 172
- Қорақалпоғистон Республикаси: 64
- Самарқанд вилояти: 0
Айрим ҳудудларга тегишли минглаб рақамлар бўлса, Наманган, Бухоро, Навоий, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида ҳам танлов учун кўпроқ рақам чиқарилмаган ва сунъий тақчиллик яратилган.
3 июнь куни Самарқанд вилоят ИИБда ташкиллаштирилган матбуот анжуманида ҳам аукциондаги авторақамлар масаласи тўғрисида ЎзА мухбири томонидан савол берилди. Самарқанд вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов вилоят ИИБ ЙХҲБ бошлиғи, полковник Шавкат Бойхўрозовга бу борада чиқиш қилиб, ҳолат юзасидан оммага тушунтириб бериш вазифасини топширган эди. Орадан шунча кун ўтса ҳамки, бу борада тайинли тушунтириш берилмади.
Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳудудий ЙҲХБ биржага авторақамларни чиқариш билан шуғулланмайди. Республика товар-хомашё биржаси ИИВ ДЙҲХХ дан рўйхатни олиб, онлайн савдо майдончасига жойлаштиради. Ҳудудий ЙҲХБ фақат ғолиб бўлган харидорларга авторақамларни расмийлаштириб бериш билан шуғулланади.
Маълум қилинишича, Самарқанд вилоятида авторақамлар бўйича сўнгги кунларда узилишлар рўй берган. Бу узилиш биржага жойлаштириладиган авторақамларда ҳам ўз аксини топган. Ҳозир авторақамлар етказилиши бошланган, ҳадемай, 1-2 кунда биржада ҳам савдолар бошланиши мумкин.
Авторақамлар қаерда кўпроқ сотилмоқда?
2021 йилда Ўзбекистон бўйича биржа орқали 139,4 мингдан зиёд авторақам 298,8 млрд сўмга сотилган. Авторақамлар avtoraqam.uzex.uz веб-сайтида шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилган бўлиб, чиройли авторақамларнинг сотуви 2020 йилга нисбатан сон жиҳатдан 40 фоизга, ҳажми бўйича 21 фоизга ўсган.
Ҳудудлар кесимида сотилган энг кўп «чиройли» авторақамлар Тошкент шаҳри вилояти ҳиссасига тўғри келмоқда. Ушбу ҳудудларда сотилган авторақамлардан 142 млрд сўмдан зиёд пул тушган. Кейинги ўринда Самарқанд вилояти.
2021 йилда сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси – 450,5 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 441,5 млн сўмни ташкил қилган.
Авторақамларнинг онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80 фоизи — давлат бюджетига, 20 фоизи — ИИВнинг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларни моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар махсус жамғармасига йўналтирилади.
Яъни авторақамлар қанчалик кўп сотилиши, харидорларга кенгроқ имконият тақдим этилишидан ИИВ ходимларининг ўзлари ҳам манфаатдор.
Лекин бу борада тушунарсиз узилишлар, харидорларга тўсқинликлар яратилмоқда. Бунинг оқибатида энг аввало давлат бюджети зарар кўрмоқда.
Агар авторақамларнинг биржадаги бошланғич нархи базавий ҳисоблаш миқдорига боғланганлиги ва 1 июндан БҲМ 300 минг сўм деб белгилангани эътиборидан уни қимматроққа пуллаш учун атай тўхтатилган, деган гумонга борган тақдиримизда ҳам, оширилган БҲМ шароитида бир ҳафта яшаб қўйдик.
Чиройли авторақамлар нега аукционда сотилади?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 сентябрдаги «Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги 681-сонли қарорининг иккинчи иловасида Жисмоний ва юридик шахсларга автотранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини оширилган тўлов ставкалари бўйича беришда «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ ахборот тизимида аукцион ўтказиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланган.
Ўша низомда чиройли авторақамлар тоифаларга бўлиниб, бошланғич нархлар кўрсатилган. Нархлар Тошкент шаҳри учун қимматроқ, қолган барча ҳудудлар учун пойтахтдагидан арзонроқ этиб белгиланган.
100, 200 каби яхлит сон кўринишидаги ёки 555, 777 каби учта бир хил рақамдан иборат чиройли авторақамлардан ташқари, бошида ёки охирида иккита бир хил рақам бўлган — 445 ёки 455 кўринишидаги, шунингдек, боши ва охиридаги рақамлар бир хил бўлган «кўзгули» рақамлар — 757, 121 кабиларнинг барчаси аукционга чиқарилади.
Бу қоидаларга бўйсунмайдиган, бироқ нимагадир одамлар ўртасида харидоргир бўлган 012, 017, 071, 107, 123, 170, 201, 207, 210, 234, 301, 307, 345, 401, 407, 456, 501, 507, 510, 567, 570, 571, 601, 607, 678, 701, 702, 703, 704, 705, 706, 708, 709, 710, 712, 720, 721, 730, 740, 750, 760, 780, 789, 790, 801, 807, 901, 907 каби рақамлар ҳам аукцион орқали сотилади.
Қизиқ жиҳати, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг милодий санада туғилган йилини билдирувчи 571 рақами ҳам биржа орқали сотилиши белгиланган. Бироқ 787 ва 788 авторақамлари тоифасига кўра, биржа орқали сотилиши белгилангани ҳолда, одамлар ўртасида «урф»лик даражаси 571 дан кам бўлмаган 786 рақами рўйхатга киритилмагани тушунарсиз.
Биржа савдосини ҳам такомиллаштириш лозим
Аслида, аукцион савдосининг ташкил қилинишига ҳам етарли саволлар бор.
Юқорида тилга олинган низомга кўра, ваколатли орган томонидан белгиланган рақобат тартиботи муддатининг якунланиш пайтидан бошлаб, янги нарх таклифлари берилган тақдирда ахборот тизими тартиботни автоматик узайтириш режимида ишлайди. Ҳар сафар янада юқори нарх бўйича янги таклиф берилганда, рақобат тартиботи 10 дақиқага узайтирилади.
Агар сўнгги таклиф киритилгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида талабгорларнинг ҳеч бири томонидан янги, янада юқори нарх бўйича таклиф киритилмаса рақобат тартиботи якунланганлиги эълон қилинади. Яъни аукцион тугайди ва харид амалга ошади.
Нархлар биржада автоматик тарзда кўтарилиб боради. Атиги бир фоизга.
Айтайлик, 900 минг сўмлик авторақам учун савдога киришиш учун унинг кейинги нархи 1 фоизга — 9 минг сўмга ошади ва 909 минг таклиф автоматик яратилади.
Кимдир бу нархни босса, 10 дақиқа ичида кейинги нарх 918 минг, 927 минг сўм, 936 минг сўм ва ҳ.к. тарзда кўтарилиб бораверади.
Натижада авторақам харид қилиш учун фуқаролар вақтларини йўқотишмоқда. Савдо кейинги кунларга ҳам кўча бошлайди.
Бунинг учун онлайн аукционда фуқароларга юқорироқ нарх таклиф қилиш имконияти ҳам тақдим этилиши керак. Айтайлик, 900 минг сўмлик авторақам учун вақтини қизғаниб, талашиб-тортишиб ўтирмасдан, дарҳол 5 миллион сўм таклиф этишга тайёр бўлган одамга ҳам имконият яратилсин.
Албатта, бу ҳолатда бир хавф бор: айтайлик, 900 минг сўмлик авторақамга кимдир 909 минг сўм таклиф қилиб, биринчи қадамни босгандан сўнг, иккинчи талабгор (дейлик, унинг олдиндан тил бириктирган таниши) 9 млн сўмни қўлдан киритиб, таклиф қилиб юбориши мумкин. Ва у тўловни рад қилгач (бунда у 90 минг сўм закалат пулига куяди, холос), ваколатли орган таклиф қилган нархи биринчи ғолиб таклиф қилган нархдан сўнг энг юқори нархни таклиф этган талабгорни (иккинчи ғолибни) ютган деб эътироф этади.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун, аукцион суммаси қўлда ошириб киритиладиган ҳолатларда ғолиб хариддан бош тортса, ғолиблик иккинчи катта нарх таклиф этган талабгорга берилмаслиги керак ва шу авторақам бўйича савдо бошқатдан ўтказилиши лозим.
Хуллас, муаммо борлиги аниқ. У ҳақда юқорида фикрлар айтилди, таклифлар билдирилди. Энди мутасадди ташкилотлар ҳам муаммонинг келиб чиқиш сабаблари, бартараф этиш чоралари борасида ўзларининг муносабатларини билдириб қўйишса, нур устига аъло нур бўларди.
Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Мавзуга оид
01:13 / 21.11.2024
Белгиялик рассомнинг «Ёруғлик империяси» туркумига кирувчи картинаси 121,2 млн долларга сотилди
09:18 / 17.11.2024
Болалар омбудсмани Самарқандда жинсий зўравонлик қурбони бўлган қиз билан учрашди
11:38 / 13.11.2024
Тошкентда пулли "парковка"лар ташкил этиш учун аукцион ўтказилади
23:25 / 09.11.2024