Жаҳон | 15:08 / 23.02.2024
7781
3 дақиқада ўқилади

Испанияда кўп қаватли уйда даҳшатли ёнғин рўй берди: қурбонлар бор (видео)

Ёнғин бу қадар тез ва осон тарқалишига бино фасади пенопластли материал билан қоплангани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Фото: Getty Images

Испаниянинг Валенсия шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида кучли ёнғин чиқиши оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлди, деб хабар қилмоқда қутқарув хизматлари.

Яна ўн тўққиз киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

Ёнғин Кампанар туманидаги 14-қаватли уйни қамраб олган ва қўшни бинога ҳам ўтган.

Ўт ўчирувчилар балконлардан одамларни қутқариб қолишган. Камида 14 киши, жумладан олти нафар ўт ўчирувчи ва бир бола жароҳат олган.

Кучли шамол алангани кучайтирган, аммо ёнғин кенг тарқалишига осон ёнувчи қоплама сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Ёнғинни ўчиришга 20 дан ортиқ ўт ўчириш бригадалари жалб этилган ва жума куни тонгга келиб бино ўрнида фақат қорайган устун ва деворлар қолган. Одамлардан бу ҳудуддан узоқроқда бўлиш сўралган.

138 квартирадан иборат бинода 450 киши яшаган, деб хабар беради El Pais газетаси бино бошқарувчисига таянган ҳолда.

Маҳаллий аҳоли вакиллари хабарига кўра, ўт ўчирувчилар кўтарма кранлар ёрдамида бир неча кишини қутқариб қолишган, жумладан еттинчи қаватда яшаб келган оилавий жуфтликни ҳам.

Аёллардан бири TVE телеканалига ўт ўчирувчилар иккинчи қаватда қамалиб қолган ўсмирни сақлаб қолишга уринаётганига гувоҳ бўлганини айтган.

Ёнғин чиқиши сабаби ҳозирча аниқ эмас, аммо мамлакатда бинолар қурилишида ишлатиладиган материаллар борасида саволлар янграмоқда.

Валенсия саноат техник муҳандислари коллежи вице-президенти Эстер Пучадес Efe ахборот агентлигига хабар қилишича, у аввалроқ бинони кўздан кечирганди. Унинг сўзларига кўра, уйнинг ташқи қисми полиуретанли материал билан қопланган, бундай материал тез оловланиши хавфи туфайли фойдаланишдан чиқарилган.

Бу бинонинг иккинчи қаватида яшаган кишилардан бири La Sexta телеканалига ёнғин тўртинчи қаватда бошлангани ва жуда тез тарқалгани ҳақида айтиб берган.

«Ўн дақиқа ичида ҳаммаёқ олов ичида қолди», - деган у ва ёнғин тарқалишига бино фасадидаги материал сабаб бўлиши мумкинлигини қўшимча қилган.

Муҳандис Давид Ҳигуэра ҳам бино қопламаси туфайли олов тез тарқалган бўлиши мумкинлигини билдирган.

У El País нашрига берган интервюсида таъкидлашича, фасад қопламасида ишлатиладиган пенопластли алюмин пластинлар иссиқ ва совуқдан жуда яхши ҳимоялайди, аммо жуда тез ёнувчан ҳисобланади.

Ўт ўчирувчилар воқеа жойига маҳаллий вақт билан соат 17:30 да чақирилган. RTVE хабарига кўра, ҳудудда дала ҳоспитали ташкил этилган. Расмийларга кўра, ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлганлар меҳмонхоналарга жойлаштирилади.

«Валенсияда рўй берган даҳшатли ёнғиндан қайғуга тушдим, – дея ёзган Испания бош вазири Педро Санчес твиттер саҳифасида. – Барча жабрланганлар билан бирдамлигим ва воқеа жойида ишлаётган фавқулодда хизматларнинг барча ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман».

Мавзуга оид