Ўзбекистон | 13:17 / 02.10.2024
27848
3 дақиқада ўқилади

Аграр университетдаги ёнғин: бинолардан бирининг томида қуёш панеллари бўлган

Мавжуд тасвирлар ёнғин қуёш панеллари ўрнатилган томда бошланган бўлиши мумкинлигига ишора қилмоқда. Бу бинода Ўрмон хўжалиги агентлиги жойлашган. Агентлик 2023 йилда бино томига 40 kWh қувватга эга қуёш панеллари ўрнатган. Ҳолатни ёритиш учун борган журналистларни “бир тийинга қиммат мухбирчалар” деб атаган агентлик матбуот котиби Юлдуз Орипова ёнғин қуёш панелларидан келиб чиққанини рад этди.

Сунъий йўлдош тасвирлари

30 сентябр куни Тошкент давлат аграр университети ҳудудида содир бўлган йирик ёнғиндан бир нечта бино жиддий талафот кўрди: 2 та бино ёниб кетди, яна иккитасига шикаст етди.

Гувоҳларнинг сўзлари ва мавжуд тасвирлар ёнғин қуёш панеллари ўрнатилган томда бошланганига ишора қилмоқда.

Томида қуёш панеллари ўрнатилган 5 қаватли бинода Ўрмон хўжалиги агентлиги жойлашган. Унга туташ бинолар эса Аграр университетнинг ўқув бинолари ва ётоқхонаси ҳисобланади.

Ўрмон хўжалиги агентлиги 2023 йилнинг феврал ойи охирида агентлик биноси томига 40 kWh қувватга эга қуёш панеллари ўрнатиш учун танлов эълон қилган. 440 млн сўмлик бошланғич сумма билан эълон қилинган танловда 380 млн сўмлик таклиф билан “Smart Solutions system” МЧЖ ғолиб бўлган.

Агентлик ва “Smart Solutions system” МЧЖ ўртасида 2023 йил 3 март куни қуёш панеллари ўрнатиш бўйича шартнома имзоланган. Унда агентлик биноси томига 40 kWh қувватга эга қуёш панеллари ўрнатиш кўзда тутилган.

Шартномада кўрсатилишича, пудратчи монтаж ишлари учун 5 йил кафолат берган.

Очиқ манбаларга кўра, 2019 йил декабрида давлат рўйхатидан ўтказилган “Smart Solutions System” МЧЖ ўлчаш, назорат, синаш ва навигация учун асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланади. МЧЖ 2023 йилда қуёш панеллари ўрнатиш билан боғлиқ ўндан ортиқ тендерларда ғолиб бўлган.

Агентлик матбуот хизмати раҳбари Юлдуз Орипованинг ижтимоий тармоқда ёзишича, ёнғин уюштирилган. У кейинроқ ўчириб юборилган постида ҳолатни ёритиш учун борган журналистларни “бир тийинга қиммат мухбирчалар” деб атаган.

Орипова Kun.uz билан суҳбатда ёнғиннинг уюштирилган экани унинг шахсий тахмини бўлгани, постни ҳиссиётга берилган ҳолда ёзганини маълум қилди.

Шунингдек, у ёнғин агентлик биноси томидаги қуёш панелларидан келиб чиққан бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни рад этди.

Бу мантиққа ҳам тўғри келмайди. Негаки, ёнғинда бизнинг биномиз кўп зарарланмади. Қўшни бинодан ўтгани учун 4-қават ва томимизга зарар етган. Агар ёнғин қуёш панелларидан келиб чиққанида, аввало бизнинг биномиз кул бўларди. Ёнғин ўчоғи бизнинг бинода бўлмаган.

Ҳозирда махсус штаб тузилиб, ёнғин сабаблари ўрганиб чиқилмоқда. Унинг сабаблари терговда аниқланади. Бу тегишли мутахассисларнинг иши. Энг муҳими, ҳеч кимга жароҳат етмади”, деди Юлдуз Орипова.

Албатта, ёнғиннинг қуёш панелларидан келиб чиққани ҳозирча эҳтимолий сабаблардан бири. Унинг аниқ сабаблари ва етказилган зарар миқдори мутахассислар ўрганишлари асосида аниқланади Бунинг учун мутахассислар гуруҳи воқеа жойида иш олиб бормоқда.

Маълумот учун ёнғин юзасидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари бошланган.

Мавзуга оид