Ўзбекистон | 09:10 / 25.02.2022
18977
10 дақиқада ўқилади

«Имтиёзли кредит ўйинлари»: Булунғурлик тадбиркор «Микрокредитбанк»дан нима учун хафа?

Ушбу мақола кредитга доир манфаат ҳақида эмас, балки «Микрокредитбанк» филиали ходимларининг давлатдан ажратилган имтиёзли маблағларни талон-торож қилганлиги эҳтимоли ҳақида бўлади.

Таҳририятимизга Самарқанд вилояти Булунғур туманидан «MIRJALOL XURSANOV TEKSTEL» корхонаси раҳбари Миржалол Хурсанов мурожаат қилди. У янги очилган оилавий корхонасига 3 йил муддатга 60 млн сўм кредит олиш мақсадида «Микрокредитбанк»нинг Булунғур туман филиалига ариза ёзган. Унга ажратилган маблағ эвазига корхонасига тикув машиналари ва дастгоҳлари ўтказиб берилиши керак бўлган.

Миржалол Хурсанов

Бироқ бўлиб ўтган воқеаларда банк ходимлари ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйишгани, алалоқибатда у кредит маблағларига тўлиқ эгалик қилиб, дастгоҳларни ололмаганини билдирди.

Биз Булунғурда мурожаатчилар билан учрашдик. Оилавий корхона очган йигит отаси билан бизни қарши олди. Миржалолнинг ҳикоя қилишича, у банкдан зарур маблағни қўлга киритиш учун ўзига тегишли LABO машинасини ҳам гаровга қўйган. Кредитни тезроқ ажратиб беришлари учун ҳаттоки банк ходимларига «шапка» ҳам узатган.

 Гаровга тикилган LABO автомашинаси.

Ўзининг бу хатти-ҳаракатини у ҳужжат тайёрлаш ишларига, машинани гаровга қўйиш, гаров шартномаси имзолаш ва суғурталашга анча маблағ сарфлаб қўйгани, нима бўлса ҳам сарфлаган маблағларига куйиб қолмаслик, кредитни олиш ва зарур тикув дастгоҳларини тезроқ олиб, корхонасини ишга туширишни мўлжаллагани билан тушунтирди.

Ниҳоят, унга 2021 йил ноябр ойининг охирида ваъда қилинган кредит ажратилган. Аммо унинг қўлига на кредит шартномаси ва на бошқа ҳужжат берилган. Унинг қўлида фақат кредитни сўндириш графиги бор, холос.

Кредитни сўндириш графиги

Миржалолга кўра, кредит олишга доир барча ҳужжатларни шу банкда ишловчи Шерзод Ҳусанов исмли ходим тайёрлаган. Миржалол унга ҳаттоки оилавий корхонанинг муҳрини ҳам бериб қўйган.

«Муҳр босиладиган ва имзо қўйиладиган ҳужжатлар кўп. Банкка ҳадеб сени чақириб ётмайман, деганига муҳрни ишониб унга топширган эдим. Бироқ вилоятдан текшириш келиши арафасида ундан корхонамнинг муҳрини олиб қўйдим. Яна ҳужжатларга муҳр босиш керак бўлаётганини айтганида бермадим», - дейди Миржалол Хурсанов.

Хуллас, Миржалол Хурсановнинг корхонасига берилиши керак бўлган кредит суммаси 2021 йил 30 ноябр куни корхонанинг ссуда ҳисобрақамидан «GOLD TEXNO 2102» МЧЖга кўчириб берилган. Лекин суммага мос равишда тикув машиналари ва дастгоҳлари етказиб берилмаган. У қайта-қайта мурожаат қилавергач, банк филиали раҳбари Зафар Шакаров ва ходим Шерзод Ҳусанов унга 30 млн сўм нақд пул берган ва кредит ажратиш шартлари тўлиқ бажарилди, деб розилик хати ёздириб олишган.

Миржалол Хурсанов ёзган розилик хати

Бу розилик хатини нега ёзганини Миржалол шундай тушунтирди:

«Пулни тўлиқ берамиз, дейишганди. Мен кўндим. Бироқ 31 январ куни «GOLD TEXNO 2102» МЧЖ учун тўлиқ 60 млн сўмлик товарларни олдим, деб розилик хати ёзиб берганимдан сўнг менга Шерзод Ҳусанов 30 млн сўм нақд пул чиқариб берди ва қолганини 15 феврал санасида беришини айтди».

Боз устига, унга 30 млн сўм нақд пул берилгач, қолган 30 млн сўм учун Шерзод Ҳусанов ҳам шу куни гувоҳларнинг кўз ўнгида унга қарздорлик тилхати ёзиб беради.

Шерзод Ҳусанов ёзган тилхат

Биз мазкур масалага ойдинлик киритиш учун «Микрокредитбанк»нинг Булунғур туман филиалида бўлдик. Банк филиали раҳбари Зафар Шакаров аввалига бу мижоз ва таъминотчи корхона ўртасида тушунмовчилик бўлаётганини билдирди. Сўнгра барча муаммолар ҳал бўлгани, мижоз розилик хатини ёзиб берганини видеоси билан тақдим этди.

Зафарали Шакаров. «Микрокредитбанк»нинг Булунғур туман филиали раҳбари

Сўнг биз воқеада бевосита иштирок этган Шерзод Ҳусановни ҳам чақириб савол бердик. Бу ходимнинг ҳозир аризаси олинган экан.

Шерзод Ҳусанов, банкнинг собиқ ходими

«31 январь куни мижозга нега 30 млн сўм қарздорлик ҳақида тилхат ёзиб бердингиз?» деган саволимизга Шерзод Ҳусанов тилхатни у ёзмаганини маълум қилди.

Аммо кейинроқ Миржалол Хурсанов Шерзод Ҳусановнинг тилхат ёзаётган жараёни видеосини бизга тақдим қилди. Қолаверса, тилхатга гувоҳ сифатида имзо чекканлардан бири — Акбар Аҳмедов ҳам воқеа рўй бергани устида турганини, гувоҳ сифатида имзо қўйганини тасдиқлади.

Шерзод Ҳусановнинг тилхат ёзиш жараёни

Банк ходимлари мижозга тикув машиналари шартнома бўйича тўлиқ етказиб берилганини айтишди. Бунга исбот сифатида кредит ҳужжатлари йиғмажилди ичидан онлайн фактура намойиш этишди.

Электрон фактура

Аммо йиғмажилд ичида қўлда тўлдирилган фактура ҳам бор. Онлайн фактура қўлда тўлдирилган фактура ва шартнома рақамига мос эмас. Шартномада ва қўлда тўлдирилган фактурада тикув машиналари ва дастгоҳларнинг маркаси ва сони аниқ кўрсатилган. Электрон фактурада эса жами сони 10 дона кўрсатилиб, умумий сумма — 60 млн сўм кўрсатилган, холос. Бу, албатта, жуда шубҳали кўринди.

Қўлда тўлдирилган фактура

Бу воқеада энг ҳайратланарлиси — Миржалол Хурсанов шартномада таъминотчи корхона ўлароқ кўрсатилган «GOLD TEXNO 2102» МЧЖ билан мутлақо таниш эмаслигидир. Ҳолбуки филиал раиси Зафар Шакаров биз билан суҳбатда таъминотчини мижознинг ўзи топган, деган эди.

Хуллас, Миржалол корхонаси учун 5 та тикув машинасини эса 31 январь куни банкирлар берган 30 млн сўм нақд пулга харид қилган.

У оилавий корхонасининг муҳрини Шерзод Ҳусановга берган ва йиғмажилд ичида барча ҳужжатларга корхона муҳри босилиб, банкдагилар унинг имзосини ҳам сохталаштириб қўйишган.

М.Хурсановнинг сохта имзоси қўйилган ва корхона муҳри урилган тўлдирилмаган варақлар

Қолаверса, Миржалол олдимизда ўз имзосини қўйиб кўрсатди. Дарҳақиқат у йиғмажилд ичидаги ҳужжатлардагидан кескин фарқ қилади.

М.Хурсановнинг асл имзоси ва ҳужжатлардаги сохта имзоси

Миржалол ажратилган суммани охиригача олмаган, бироқ тилхат ёзиб беришдан аввал ҳужжатга тиркаш учун бировнинг корхонасида тикув машиналари олдида суратга тушиб берган.

Фонда йиғмажилд ичида Миржалолнинг тикув машиналари фонида тушган суратлари

Йиғмажилдда на кредитни қайтариш графиги бор. Кредит шартномасида мижознинг реквизитлари тўлдирилмаган, унга нусхаси берилмаган. Қоғозларга мижознинг фақат муҳри урилган, имзоси эса сохта.

Кредит шартномасининг сўнгги варағи

Кредитни мониторинг қилишга доир далолатнома ҳужжатларида ҳам мижознинг муҳри ва сохта имзоси турибди, холос. Уларнинг бирор сатри тўлдирилмаган. Миржалолнинг кредитга олинган тикув машиналарини олганини исботловчи ёзма розилик хати, фотосурати бор, холос.

Ҳаттоки Миржалол танимайдиган корхонага пул кўчирилган, дея тақдим этилган тўлов топшириқномасида ҳам унинг сохта имзосигина турибди. Бу қоғозни куни-кеча тайёрлашган бўлишса керак, корхона муҳрини уришга улгуришмаган.

Тўлов топшириқномасига муҳр босилмаган

Ҳужжатлар билан танишиб, ҳар икки томонни эшитиб, Миржалол Хурсанов ҳикоя қилиб берган версия ҳақиқатга мосроқ, деган тўхтамга келиш мумкин.

Яъни у тезроқ кредит олиш учун банк ходимларига «шапка» берган. Қоғозбозлик билан боғлиқ ишлари тезроқ ҳал бўлиши учун ишонч билдириб, корхонаси муҳрини банк ходими Шерзод Ҳусановга берган. Аммо тикув машиналари учун давлатнинг имтиёзли маблағлари мақсаддан чекинган ҳолда ишлатилган.

Банкдан маблағ айланмасини текшириб кўрганимизда, 2021 йил 30 ноябр санасида оилавий корхонадан «GOLD TEXNO 2102» МЧЖга 60 млн сўм пул ўтказилгани маълум бўлди.

Ссуда ҳисобрақами айланма жадвали

Пул ўтказилган дея гумон қилинаётган «GOLD TEXNO 2102» МЧЖга пул ва унинг эвазига етказилиши лозим бўлган тикув машиналари борасида қўнғироқ қилганимизда корхона раҳбари Азаматжон Наримов «ҳозир эсимда йўқ, текшириб айтиб юбораман», дея қайта қўнғироқларимизга жавоб бермади.

Тикув машиналари етказиб берилиши ўрнига, ишни бости-бости қилиш учун банк ходимлари Миржалол Хурсановга 30 млн сўм нақд маблағ беришган ва шу куни босим билан тилхат ёздириб олишган. Аллақайси тикувчилик цехида далилловчи фотоларга ҳам туширишган. Ноиложликдан, қолган маблағга қарзман, дея Шерзод Ҳусанов ҳам тилхат ёзиб берган, гарчи ўзи буни инкор этаётган бўлса ҳам.

Нима ҳам дердик. Тадбиркорликни ривожлантириш учун берилаётган микрокредитлар жойларда ана шундай тасарруф этилмоқда. Энг ачинарлиси, бундай қонунсизликларга банк раҳбарлари ва ходимларининг ўзлари бош-қош бўлаётганидир.

«Микрокредитбанк» Булунғур филиали

Биз ваколатимиз доирасида ўрганганларимиз шу бўлди. Ушбу масала юзасидан «Микрокредитбанк»нинг республика филиали чуқурроқ хизмат текшируви ўтказиши, прокуратура органлари ҳам синчиклаб шуғулланиб кўришса ёмон бўлмас эди. Чунки давлатнинг мақсадли имтиёзли маблағлари талон-торож қилинганга ўхшаяпти.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид