Жаҳон | 17:09 / 27.05.2024
9290
2 дақиқада ўқилади

Папуа-Янги Гвинеядаги кўчки қурбонлари сони 2 минг нафардан ҳам ортиши мумкин

Расмийлар кўчки 2 мингдан ортиқ кишини тириклайин кўмиб юборган деб ҳисобламоқда.

Фото: AP

Папуа-Янги Гвинеянинг тоғли ҳудудида 24-май куни содир бўлган ҳалокатли кўчки қурбонлари тахмин қилинганидан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Мамлакат ҳукумати кўчки икки мингдан ортиқ одамни тириклай кўмиб юборган деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўчки оқибатида 670 киши ҳалок бўлганини тахмин қилганди. БМТ Ямбали қишлоғи ва Энга провинцияси расмийларига таяниб, 150 та уйнинг кўчки остида қолганидан келиб чиққан ҳолда юқоридаги рақамларни келтирган. Расмийларнинг тахмини эса бундан уч баробар кўп. 

Қурбонлар сонини аниқлаш қийин кечаётгани Папуа-Янги Гвинеяда аҳолини рўйхатга олиш сўнгги бор 2000 йилда ўтказилганлиги билан боғланмоқда. Мамлакатнинг тоғли ҳудудларидаги аҳоли эса жамиятдан узилган ҳолда — изоляцияда турмуш тарзи олиб боради.

БМТнинг мигрантлар масалалари бўйича миссияси раҳбари Серхан Актопрак ҳукумат тахминларига қарши чиқа олмаслигини, шу билан бирга уларни изоҳламаслигини таъкидлади.

Мамлакат бош вазири Жеймс Марапенинг офиси ҳам журналистларнинг 2 минг киши ҳалок бўлганлиги ҳақидаги тахминлар нимага асосланганлиги ҳақидаги саволини очиқ қолдирган.

Эслатиб ўтамиз, вайронкор кўчки 24 майга ўтар кечаси Папуа-Янги Гвинея марказидаги Энга провинцияси қишлоғида содир бўлди. 10 миллионга яқин аҳолиси бўлган Австралия шимолидаги бу тропик мамлакат экваторга яқинлиги сабабли тез-тез кучли ёмғирлар ёғади. Бундан ташқари, Папуа Ердаги энг сейсмик фаол зоналардан бирида жойлашган. Яқинда Энга провинциясида 4,5 магнитудали зилзила қайд этилди. Кўчкининг сабаби ушбу ер силкинишига боғлиқми ёки йўқми, ҳозирча аниқ эмас.

Мавзуга оид